« Back

Таклиф 20.05.2020 12:31

ТАДБИРКОРЛИК СОҲАСИДАГИ АЙРИМ ЖИНОЯТЛАР УЧУН ЖАВОБГАРЛИКНИ БЕКОР ҚИЛИШ ДАВР ТАЛАБИ 

Кейинги йилларда республикада тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

photo_2020-05-20_12-33-43 Хусусан, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилинди, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишлар бекор қилинди.

Аҳолининг турли қатламларини, шу жумладан ёшлар, кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳамда кичик корхоналарнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Биргина “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун 7,2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Мамлакатимизда тадбиркорллик субъектларига яратилаётган шароитлар, улар фаолиятини ҳуқуқий ҳимояси билан бевосита боғлиқдир. Бу борада жиноят қонунчилигининг либераллаштирилиши, тадбиркорлик соҳасидаги айрим жиноятларнинг декриминализация қилиниши муҳим аҳамият касб этади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида 2020 йил 1 июнга қадар тадбиркорлик соҳасидаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят турлари декриминализация қилиниши, шунингдек, божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, товар учун тўловни ихтиёрий равишда тўлаган ва божхона расмийлаштирувини амалга оширган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби жорий этилиши белгиланди. 

Дарҳақиқат, жамият тараққиётининг бугунги босқичига келиб, айрим жиноятлар ўзининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 179-моддасида сохта тадбиркорлик, 188-моддасида ноқонуний тадбиркорлик фаолияти ва 189-моддасида савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш каби жиноятлар қуйидаги асосларга кўра жиноий қилмишлар қаторидан чиқарилиши лозим, деб ҳисоблайман: 

-Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 179-моддаси диспозициясининг мазмунига кўра, уставида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ссудалар, кредитлар олиш, фойдани (даромадни) солиқлардан озод қилиш (солиқларни камайтириш) ёки бошқача мулкий манфаат кўриш мақсадида корхоналар ва бошқа тадбиркорлик ташкилотлари тузилган вақтдан бошлаб жиноят тамом бўлган ҳисобланади. Аммо тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмай туриб, унинг қандай мақсадда тузилганини аниқлаш имкони мавжуд эмас.  Суд амалиётида сохта тадбиркорлик жинояти одатда тадбиркорлик субъекти фаолият юритиб, Жиноят кодексининг 179-моддаси диспозициясида назарда тутилган қилмишлар билан боғлиқ жиноятлар, жумладан, кредитларни ўзлаштириш, солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш каби жиноятлар содир этилганидан сўнг аниқланади. Демак, мазкур модда диспозициясида назарда тутилган ҳолатлар ижтимоий хавфлилик даражаси бир мунча юқори бўлган бошқа оғирроқ турдаги жиноят таркибини ташкил қилади. 

- Ўзбекистон Респубилкаси Жиноят кодексининг 188-моддасида тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан жуда кўп миқдорда назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда амалга ошириш учун жавобгарлик белгиланган. Аммо бирор шахс тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтмаган ҳолда бошлаб даромад олган бўлса, бу ҳолат аниқланган тақдирда, у томонидан олинган даромадга нисбатан солиқ солиш орқали ҳал қилиш мумкин бўлиб, шахсни жавобгарликка тортишдан кўра, уни тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказишга кўмак бериш орқали, уни қонуний фаолиятга йўналтириш шахснинг ўзи учун ҳам, давлат учун ҳам фойдали ҳисобланади;

- Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 189-моддасида назарда тутилган савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 223-моддасида аниқланган сумманинг 20 фоизи миқдорида жарима ҳам назарда тутилган. Шахс айни бир қилмиши учун икки маротаба жавобгарликка тортилади. Фикримизча, тадбиркорлик субъектига жиноий жавобгарлик белгилашдан кўра, иқтисодий таъсир чораси қўлланиши оғирроқ ҳисобланади.

- учинчидан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, давлат ва жамият учун хавф туғдирмайдиган бу каби қилмишлар учун жиноят иши қўзғатилиши тадбиркорлик субъекти фаолияти ва  даромадларининг пасайишига, айрим ҳолларда фаолиятининг бутунлай тугатилишига, қанчадан-қанча одамларнинг ишсиз қолишига, бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ тўловларининг тўланмай қолишига сабаб бўлади. 

- тўртинчидан, 2019 йилда 5 та жиноят иши бўйича 12 нафар шахс ноқонуний тадбиркорлик  фаолияти билан шуғуллангани учун, сохта тадбиркорлик учун 109 та жиноят иши бўйича 215 нафар шахс, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлиги учун 356 та жиноят иши бўйича 625 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, умумий жиноятчилик статистикасида бу кўрсаткич юқори эмас. 

Фикримча, тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган ижтимоий хавфлилик даражаси юқори бўлмаган сохта тадбиркорлик (ЖКнинг 179-моддаси), ноқонуний тадбиркорлик фаолияти (ЖКнинг 188-моддаси), шунингдек, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш (ЖКнинг 189-моддаси) каби жиноятларнинг декриминализация қилиниши тадбиркорлар учун бир имконият бўлса, бошқа тарафдан кўплаб шахсларнинг судланганлик тамғасидан холос бўлишига имкон беради. 

Элбек ТУРҒУНБОЕВ, 
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси