« Back

Таклиф 25.05.2020 13:36

Қачонгача одамларга қийинчилик туғдирамиз ёхуд йўл қоидаси бузилмаслиги учун таклифлар...

Уч-тўрт кун илгари Тошкентда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидасини бузганларни замонавий йўл билан жазолаш бошлангани, энди ички ишлар ходими ҳайдовчининг иштирокисиз махсус планшет орқали тақиқланган жойда турган машинани суратга олиб, белгиланган жаримани электрон тарзда манзилга жўнатиши маълум қилинган эди.

Албатта, бу янгилик илиқ кутиб олинмади. Чунки бу масала анчадан буён муҳокама қилинаётган эди. Яъни пойтахтимизда тўхташ ва тўхтаб туришни тақиқловчи белгилар шунчалик кўпки, уни бузмасликнинг иложи йўқ. Тегишли идорага бу белгиларни ўрнатишни қайтадан кўриб чиқиш таклифи ҳам берилган эди. “Қўл учида” нималардир қилинди, аммо ҳайдовчилар буни ҳис қилмади.

Тўғри, тартиб-қоидани бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши лозим. Аммо бунинг учун тарозининг палласи тенг ушланиши, яъни фуқароларга қонунни бузмаслик учун шароит яратилиши керак аслида.

Ҳисоб-китобларга қараганда, қоидабузарликлар орасида энг кўп қайд этилаётгани ҳам айнан тўхташ ва тўхтаб туриш билан боғлиқ экан. Демак, бу борадаги тартибни қайтадан кўриб чиқиш лозим. Ҳеч ким атайлаб бу қоидани бузмайди.

ТАКЛИФ...

1. Катта кўчаларда авторураргоҳ қуришнинг иложи йўқ экан, кўча бўйларида ҳаракатга халақит бермайдиган даражада арзон нархда вақтинчалик тўхташ жойларини ташкил қилиш керак. У ерга бу ҳақда махсус белгилар ўрнатиш лозим.

2. Вақтинчалик автотураргоҳга оғир меҳнатга ярамайдиган ёки бирон нуқсони бор шахсларни ишга олиб, уларни махсус кийим-бош билан таъминлаш керак. Бу билан юзлаб шахсларни иш билан таъминлаган бўламиз (айрим идоралар, ресторан ва кафелар олдида анчадан буён шундай ноқонуний хизматлар фаолият кўрсатади).

3. Айрим автотураргоҳ лар доимо бўш бўлади. Чунки хизмат ҳаққи жуда юқори. Одамлар эса таваккал қилиб, машинасини тақиқловчи бегилар остига қўйиб кетаверади. Шу боис, автотураргоҳ лар нархини қайтадан кўриб чиқиш лозим. “Отнинг калласи”дек нарх белгилаб бир кунда 100 минг ишлаган маъқулми ёки арзонроқ қилиб 500 минг.

4. Автотураргоҳ лар нархини маҳаллий ҳокимликлар томонидан белгилашни бекор қилиш керак. Бозор иқтисоди дея ҳамма нарсанинг нархини эркинлаштиряпмиз.

Хуллас, ҳар қандай масалада бироз бош қотириб, одамларга енгиллик бўладиган йўлини топсак бўлади. Лекин биз аксини қилишни ўрганганмиз.

Жаҳонгир ЗИЯЕВ,
ЎзМТДП депутати
ЎзА