« Back

Танловлар 23.04.2020 18:13

Халқаро олимпиадада фахрли ўринни эгаллади

Юртимизда истеъдодли ёшларнинг сафи кенгаяётгани қувонарли ҳол. Карантин даврида ўғил-қизларимизнинг онлайн дарсларни ўзлаштириш билан бирга турли танловларда иштирок этишмоқда. Ўз навбатида ютуқларни қўлга киритаётганини эшитиб беҳад қувонмоқдамиз. Синовли даврда ёшларимиз биз катта куч эканлигимизни, барчасини биргаликда енга олишимизни намоён этишмоқда.

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 249-сонли умумтаълим мактабининг 9 "б" синфида таҳсил олаётган Дилзодахон Жаҳонгирова Москва шаҳрида ташкил этилган "Солнечный свет"  ("Қуёш нури") Халқаро олимпиада мусобақасида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, Халқаро диплом соҳибаси бўлиши бежиз эмас.

Чунки, Дилзодахон инглиз тили фани сир-асрорларини мактабдаги устози Зилола Жалиловадан, сўнгра "HOY STUDY TIME" нодавлат таълим муассасасида таълим олиш жараёнида пухта ўрганиб борган. Берилган вазифаларни қунт билан бажариб, ўқув якуни бўйича Сертификатни қўлга киритиб, кейинчалик мактабгача таълим ташкилотлари, мактабларда ушбу фандан таълим бериш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.

Бундан ташқари, рус тили ва адабиёти фанларидан аввалига мактабда, кейин эса Олмазор тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган туман олимпиадаси мусобақаларида ҳам иштирок этиб, биринчи ўринни қўлга киритган. 

Ҳозирда карантин даврида ҳам устозлари ва  репетиторлар кўмагида масофадан туриб араб тили, математика, география, биология фанлари, компьютер саводхонлиги йўналишлари бўйича ҳам таҳсил олмоқда.

- Фарзандларнинг муваффақиятини кўришни ҳар бир она орзу қилади, - дейди Дилзодахонни онаси Наргиза Қўчқорова.- Тинимсиз ҳаракати туфайли қизим ютуқларга эришиб келмоқда. Бундан жуда хурсандман. Карантиндан аввалроқ, "Эски жува" деҳқон бозоридаги савдо ярмаркасига кийим-кечак харид қилиш учун боргандик. Шу чоғ Ҳиндистондан ташриф буюрган сайёҳлар бир сотувчидан маҳсулот олишмоқчи бўлишаётган экан. Лекин улар бир-бирини яхши тушуна олмай, қийналиб туришганида Дилзодахон икки томонга ҳам тушунарли қилиб, таржима қилиб берди. Меҳмонлар ўз навбатида илтимос, узоғи билан 10 дақиқа вақтингизни бизга ажратсанглар, ҳув, анави дўконларга ҳам кириб маҳсулот олмоқчи эдик, дейишди. Шунда уларга яна холис хизмат қилиб берганди. Тил билиш албатта ҳаётда асқотиши,  юртимизнинг ўғил-қизлари қанчалик билимли эканлигини намоён этганимиздан фахрландим.

Дилзодахонни келгуси ишларида ҳам унга омад тилаб қоламиз.

Зиёда РАСУЛОВА