« Back

Тарихда бу кун 09.04.2020 12:22

Соҳибқирон Амир Темур қайси бурж остида туғилган? 9 апрелда рўй берган муҳим воқеалар...

ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА

1336 йил (бундан 684 йил олдин) – ўрта асрларнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси Амир Темур дунёга келди. У ҳижрий 736 йил 25 шаъбонида (1336 йил 9 апрелида), сешанба куни, ўн икки ҳайвонли Турк тақвимига кўра сичқон йилида, Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи (ҳозирги Яккабоғ тумани)да туғилган.

Соҳибқирон – Амир Темурга замондошлари томонидан унинг толеига қараб берилган ном. Муштарий на Миррихнинг бир-бирига яқинлашган ҳолати “Қирон буржи” деб аталади, Амир Темур Муштарий (Юпитер) ва Миррих (Марс)нинг бир-бири билан яқинлашган фурсатларида туғилган, деб ҳисобланади. Эътиқодга кўра, бундай бола келажакда тож-тахт ва бахт-саодат эгаси бўлади.

1370 йил (бундан 650 йил олдин) – Соҳибқирон милодий ҳисобда 34 ёшга тўлган куни Балхда тахтга ўтирди ва Сароймулкхонимга уйланди. Бу – Қуръони карим нозил этилган рамазон ойи ўн иккинчисида, чоршанбайи муродбахшда юз берди. Хон қизи бўлган Сароймулкни никоҳига олиши муносабати билан Темурга “кўрагон” (хон куёви) унвони берилди.

1908 йил (бундан 112 йил олдин) – Тошкент шаҳрида жадидларнинг “Осиё” газетаси чиқа бошлади. Унинг жами бешта сони чиққан, сўнгра Чор Россияси маъмурлари томонидан ёпилган.

1918 йил (бундан 102 йил олдин) – Мунаввар Қори Абдурашидхонов ташаббуси билан Мусулмон Халқ дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг 9 кишидан иборат ташкилий ҳайъати таъсис этилди. Мусулмон Халқ дорилфунуни 1918 йилнинг 12 майида Тошкентнинг эски шаҳарида тантанали равишда очилди.

1945 йил (бундан 75 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, хивалик гвардиячи сержант Сотим Нурметов (1924–1994)га 7 апрелда Кенигсберг (ҳозирги Калининград) шаҳри учун олиб борилган жангларда жасорат кўрсатгани учун Қаҳрамон унвони берилди.

1992 йил (бундан 28 йил олдин) – Самарқанд вилоятидаги Тойлоқ, Фарғона вилоятидаги Фурқат туманлари ташкил этилди.

1993 йил (бундан 27 йил олдин) – Нукусда Қорақалпоғистон Олий Кенгашининг XII чақириқ XII сессиясида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, Давлат герби қабул қилинди.

1996 йил (бундан 24 йил олдин) – Тошкент, Самарқанд ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО раҳбарлигида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди.

1998 йил (бундан 22 йил олдин) – Тошкентда Гёте номидаги Германия институти филиали очилди. Маданият, таълимнинг турли соҳаларида Халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, немис тили курслари ташкил этиш бу филиал фаолиятига кирувчи вазифалардан ҳисобланади.

ЖАҲОН ТАРИХИДА

1241 йил (бундан 779 йил олдин) – мўғулларнинг Шарқий Европага босқинчилик юришлари даврида Ботухон бошчилигидаги мўғул қўшини ва салибчилар ўртасида Польша яқинида Легница жанги бўлиб ўтди. Жанг мўғуллар ғалабаси билан тугади.

1288 йил (бундан 732 йил олдин) – Вьетнам қуролли кучлари бош қўмондони Чан Хинг Дао (1226–1300) раҳбарлигида Батданг дарёси бўйидаги жангда йирик ғалабага эришилди. Натижада мўғул истилочилари Дайвьет (Вьетнам) ҳудудидан қувиб чиқарилди. Бу сана ҳар йили миллий байрам сифатида нишонланади.

1667 йил (бундан 353 йил олдин) – Парижда жаҳондаги биринчи оммавий санъат кўргазмаси бўлиб ўтди.

1782 йил (бундан 238 йил олдин) – Париж шаҳрида Франциянинг йирик театрларидан бири “Одеон” очилди.

1883 йил (бундан 137 йил олдин) – Афғонистоннинг 1929–1933 йиллардаги подшоси, Афғонистонда 1973 йилгача ҳукмронлик қилган сулола асосчиси Муҳаммад Нодиршоҳ дунёга келди (вафоти – 1933 йил).

1940 йил (бундан 80 йил олдин) – Германия қўшинлари Дания ва Норвегияга бостириб кирди.

1989 йил (бундан 31 йил олдин) – америкалик Дуглас Энгельбарт (1925–2013) компьютер сичқончасини кашф этганлиги учун фахрий мукофот олди.

1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Грузиянинг давлат мустақиллиги тикланди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ