« Back

Тавсиялар 20.07.2020 13:17

Коронавирус юқтирган ва соғлом фуқаролар учун муҳим тавсиялар

Мутахассислар фикрича, коронавирусга чалинган беморда тана ҳарорати кўтарилиши, қуруқ йўтал, бўғимлар оғриши билан бирга, ошқозон-ичак тизими 30-40 фоизга шикастланиши кузатилиши ҳам мумкин.

Шу боис, аввало, вирус юқтирмаслик, ундан холос бўлишда соғлом турмуш тарзи жуда муҳимдир.

Бунинг учун нималарга амал қилиш керак?

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий маркази бўлим бошлиғи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош гастроэнтерологи, тиббиёт фанлари доктори Мирвосит Каримов бу борада муҳим тавсияларини айтди.

— Бугунги кунда тиббиёт ходимлари зиммасига юкланган вазифалар анча жиддий. Вазият мураккаблашиб бормоқда, — дейди М.Каримов. – Тўрт ой олдин пандемия бошланган вақтда шифокорларда тажриба жуда кам эди. Вақт ўтгани сари тажриба ортмоқда. Даволаниш йўллари ишлаб чиқилди. Шунингдек, шифокорларимизда масъулият янада ошди. Чунки, касаллик жиддий тус олиб, беморлар сони кўпаймоқда, сир эмас, ўлим ҳолати ҳам тез-тез кузатиляпти. Хуллас, касалликнинг иккинчи тўлқини оғир кечиши табиий. Биз шу даврдан ўтишимиз керак.

Икки-уч ой олдин беморлар асосан стационар шароитда даволанган бўлса, ҳозирда коронавируснинг енгил формасида беморлар амбулатор шароитда муолажаларни олмоқда. Уларни назорат қилиш учун тажрибали шифокорлар сони кўп бўлиши керак.

Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар битта поликлиникада гуруҳлар тузилган. Улар таркибида инфекционист, терапевт, эпедимиолог каби мутахассислар бор. Шифокорларга талаб катта. Шу сабаб биз — шифоркорлар ўз масъулиятимизни бўйнимизга олган ҳолда ишлашимиз керак.

Аввало, вирусга чалинмаслик ва ундан фориғ бўлишда соғлом турмуш тарзига амал қилиш жуда муҳимдир.

Коронавирус инфекцияси ўпка, нафас олиш органларининг шикастланишидан ўтадиган касалликдир. Лекин статистика шуни кўрсатадики, унга чалинган беморларнинг 30 фоизида касаллик ўткир вирусли гастрит кўринишида кечади. Беморлар кўпинча овқат егандан кейин қорин соҳасида оғриқ бўлиши, овқат ҳазм бўлмаслигидан шикоят қилади. Агарда беморнинг ичи бир кунда 3 мартадан кўп келса, бу диарея ҳисобланади. Бундай беморларга оддий ва ҳар доимгидек овқатланиш шароити тўғри келмайди. Улар учун махсус парҳез қўллаш керак бўлади.

Хусусан, аччиқ чой, кофе, сут (сутли маҳсулотлар бундан мустасно), ширинликлар, газли ичимликлар, пўстлоғи арчилмайдиган мевалар, шўр ва ҳазми қийин овқатлар мумкин эмас. Статистик маълумотларга кўра, коронавирусга чалинган беморларнинг 70 фоизида ортиқча вазн аниқланган.

Беморлар иммунитетини кўтариш учун шифобахш чойлар ичиши, дуккакли, қайнатилган гўшт, қатиқ, пишлоқ каби оқсилга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш керак. Шунингдек, кунига 2 литрдан кам бўлмаган миқдорда сув ичиш тавсия этилади. Мабодо беморда сурункали буйрак етишмовчилиги бўлса, мутахассиснинг тавсиясига риоя қилган ҳолда, сув ичиши керак бўлади.

Карантин даврида уйда ўтирган фуқаролардан эса ҳар куни 45 дақиқа давомида жисмоний фаоллик талаб этилади. Жумладан, узоқ юриш, чопиш, зинадан чиқиб-тушиш, сузиш, велосипед учиш лозим. Таомланишда иссиқ, совуқ, жуда кўп ва ҳазми оғир таомларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Ширинликлар ва ёғли таомларни ҳам камайтириш керак. Карантин пайтида ортиқча тўйиб овқатланиш юрак-қон томир, эндокрин ва жигар тизимига салбий таъсир кўрсатади.

Ҳар биримизнинг соғлиғимиз ўз қўлимизда. Биз шифокорлар тавсия қиламиз, лекин мажбурлай олмаймиз. Ҳар бир дорини ичишдан олдин мутахассис кўригидан ўтиш керак. Ҳар бир нарсанинг ўз чегараси бўлади. Жумладан, коронавируснинг ҳам. Уни тезроқ йўқотиш ўзимизга боғлиқ. Карантин қоидаларига қанчалик қатъий риоя қилсак, эпидемиянинг олдини олишга шунчалик ҳисса қўшган бўламиз.

Гулноза Бобоева тайёрлади