« Back

Темирйўл 28.04.2020 12:33

Карантин: махсус дезинфекцияланган йўловчи поездлар хизмати

Коронавирус пандемиясининг юртимизга кириб келиши ортидан кўплаб соҳаларда вақтинча иш тўхтади. Улар орасида «Ўзбекистон темир йўллари»да ҳам. Халқаро ва маҳаллий йўналишларда ҳаракатланадиган барча йўловчи поездлар ҳаракати тўхтатилди. Халқаро йўналишларда ҳаракатланувчи йўловчи поездлар 2020 йилнинг 22 март кунига қадар йўловчиларни олиб кирди. Йўловчи поездларда кириб келган 2257 нафар фуқаро юртимизнинг турли вилоятларида ташкил қилинган карантин зоналарига етказиб қўйилди. 16 мартдан 14 кунлик карантинда бўлган юртдошларимизнинг 11 минг 512 нафари карантин муддати тугагандан кейин 46 та махсус дезинфекцияланган йўловчи поездларида манзилларига етказилди.

Бундан ташқари, карантин пайтида республикамиз ҳудудларида аҳоли турмуш шароитини атрофлича ўрганиш ва юзага келадиган муаммоларни жойида ҳал қилиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар ишчи-ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар учун қўшимча йўловчи поездлар ташкил қилиниб, уларни ташиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ шаҳрига алоҳида йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилди.

Тошкент вилоятида қурилаётган касалхона қурилиши ҳамда «Тошкент метрополитени» қурилишига жалб қилинган темир йўл ишчилари ва қурилиш пудратчи ташкилотлари ишчи ходимларини ташиш ишлари амалга оширилмоқда. Айни кунда ҳам карантин ҳудудларида 14 кун мобайнида шифокорлар назоратида бўлиб, карантин муддати тугаган юртдошларимизни яшаш манзилларига етказиб қўйиш учун махсус поездлар қатнови давом этмоқда. Карантин пайтида хизмат кўрсатишнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ишга жалб қилинган ходимларнинг доимий равишда ҳимоя ниқобида бўлишлари, гигиена талабларига амал қилишларига жиддий эътибор берилган ҳамда уларнинг ишга келиб-кетишини таъминлаш мақсадида хизмат машиналари ажратилган. Маъмурий бинолар, вокзаллар, «Афросиёб» поездлари ва барча йўловчи вагонлар ҳамда хизмат машиналари мунтазам равишда тегишли тартибда дезинфекция қилинмоқда.

Темир йўлларнинг ҳаётимиздаги ўрни юқори. Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий-Учқудуқ-Султон Увайстоғ-Нукус темир йўлининг барпо этилиши бу борадаги дастлабки қадам бўлди. Кейинроқ «аср мўъжизаси» дея ном олган ноёб иншоот – Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линияси ишга туширилди. Ўзбекистон темирйўлчилари томонидан Афғонистон тарихида илк бор «Ҳайратон — Мозори Шариф» темир йўли бунёд этилди. Марказий Осиё минтақасида энг биринчи бўлиб юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездлари қатнови йўлга қўйилди. Шунингдек, ўтган йиллар мобайнида минглаб километр янги темир йўллар ишга тушди ҳамда 50 дан зиёд кўприклар барпо этилди. Қолаверса, тармоқнинг саноат корхоналарида вагон-цистерналар, ёпиқ ва бошқа турдаги махсус вагонлар, энг замонавий йўловчи ташиш вагонлари қуриш йўлга қўйилди. Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб ўрин эгалламоқда. Зеро, мамлакатимиз магистраль темир йўл тармоқлари орқали Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни бирлаштирадиган катта транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Тошкент метроси қурилишини давом эттириш юзасидан 2017-2020 йилларда умумий қиймати 295 миллион доллар давлат бюджети, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан узунлиги 10 километрдан иборат 8 та станцияни ўз ичига олган 2 та лойиҳани ишлаб чиқиш таъминланмоқда. Шаҳарнинг ҳалқа йўли бўйлаб узунлиги 66,3 километр бўлган темир йўл транспорт воситасини – яъни, электричкани йўлга қўйиш билан боғлиқ лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳани 2017-2030 йилларда амалга ошириш учун давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 189 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан ҳар бир темир йўл транспорти ишчи-ходимлари, соҳа мутахассисларининг ҳиссаси беқиёслигини инобатга олиб, “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида“ги Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ 2017 йилдан бошлаб август ойининг биринчи якшанбаси «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни» деб белгиланди ва бу кунни доимий равишда соҳага мос тарзда, тантанали равишда ўтказиб борилиши белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз темир йўл тизими мустақил давлатимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ўтган чорак аср давомида пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида тармоқни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ташкил этилган кундан буён юк ташиш ҳажми 2,1 марта, йўловчи ташиш ҳажми 2 баробар кўпайгани, темир йўллар орқали 1,5 миллиард тонна юк ташилиб, 400 миллион нафарга яқин йўловчи ўз манзилига етказилгани соҳада амалга оширилган ишлар салмоғи нақадар катта эканининг яққол тасдиғидир.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳа ва тармоқлар сингари темир йўл тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бўйича юкларнинг 60 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг эса 75 фоиздан ортиғи темир йўл транспорти орқали манзилларига етказилаётганини инобатга оладиган бўлсак, ушбу соҳа иқтисодиётимиз ривожида қандай муҳим ва катта мавқени эгаллаб турганини янада чуқурроқ ҳис қиламиз. Тизимдаги саноат корхоналари давр талабига мос технологиялар билан жиҳозланиб, уларда замонавий йўловчи ва юк вагонлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса мамлакатимизда тобора ривожланиб бораётган транспорт машинасозлиги соҳасида ҳам темирйўлчиларимиз ўзининг муносиб ўрнини топганидан далолат беради.

Темирйўлчиларимиз томонидан истиқлол йилларида 1500 километрдан ортиқ янги темир йўлларнинг барпо этилгани, 1800 километрлик темир йўл линияларининг электрлаштирилгани мамлакатимизни модернизация қилишда улкан қадам бўлди. Энг асосийси, бу ўзгаришлар халқимиз ҳаётида ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, бундай ишларимиз бугунги кунда ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Жумладан, ҳозирги вақтда Тошкент метрополитенининг «Сергели – Олмазор», «Дўстлик – Роҳат – Қўйлиқ бозори» йўналишларида Марказий Осиёда ягона бўлган ер усти ҳалқа метро линияларини қуриш ишлари жадал суръатлар билан олиб борилаётганидан жамоатчилигимиз яхши хабардор. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг кўп миллатли жамоаси темир йўл транспорти коммуникацияларини ривожлантириш, такомиллаштириш ва реконструкция қилиш, темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Шу ўринда темир йўл соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам эътиборни қаратмоқчи эдим. Юртимиздаги 3 та темир йўл касб-ҳунар коллежи, академик лицей ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтини ҳар йили 3 мингдан зиёд ёш мутахассислар тамомлаб, ҳаётга йўлланма олаётгани мамлакатимиз темир йўл транспортининг келгуси тараққиёти учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Тошпўлат МАТИБАЕВ,
Социология фанлари доктори, профессор, 
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, 
Фахрий темирйўлчи