« Back

Тиббиёт 23.05.2020 18:55

Марказий Осиёда ягона марказ

Пойтахтимизда ўзига хос ноёб “smart” мажмуа – Болалар миллий тиббиёт маркази бунёд этилди. Аслида бу ўлчов мезони Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий мажмуанинг мазмун-моҳияти, юқори аниқликдаги ташхис қўйиш ва инновацион усулда даволашни ифодалайди. Соғлиқни сақлашдаги ислоҳотлар жараёнида бундай ёндашув бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб ҳисобланади.

Илғор шифо масканида жажжи қалблардаги катта умидлар ишончга айланади. Шу боисдан бу ердаги ҳар қадам жойга, ҳар бир жиҳозга айни болалар руҳиятига мос ёндашилган. Замонавий шифо масканининг бошқарув менежментига хорижий тажриба асосидаги ўзига хос ёндашув жорий этилмоқда.

Мазкур болалар шифо масканининг аҳамияти, долзарблиги, даволаниш тартиби, марказ имкониятлари хусусида Болалар миллий тиббиёт маркази директори Мурод ЖАФАРОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Юртимизда Марказий Осиё, қолаверса, МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб барпо этилган Болалар миллий тиббиёт марказининг ташкил қилиниши тиббиётимизнинг катта ютуғидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил 28 февралда марказни қуриш ишлари бошланди. Қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур марказ Корея Республикаси кўмагида, “Баум” корпорацияси лойиҳаси асосида барпо этилди.

Тўрт қаватли даволаш муассасамиз 280 та ўринга мўлжалланган бўлиб, поликлиникада кунига 250 нафаргача беморни қабул қилиш имконияти мавжуд. Марказда 38 та палата, сиғими 20 ўринли электрон кутубхона, 170 ўринли конференциялар зали, 50 ўринли ошхона, симуляцион марказ мавжуд. Муассасада 830 нафар тиббиёт ходими фаолият юритади.

Нима учун миллий тиббиёт маркази деб аталди, деган савол туғилиши мумкин. Кўпгина хорижий мамлакатларда “National medical center” деб аталадиган тиббиёт марказлари бор. Бу марказлар бошқа тиббиёт муассасаларидан юқорида турувчи марказ ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз бу марказнинг ҳақиқий миллий бойлигимиз, миллий ғуруримиз бўлиши лозимлигини, бошқа болалар тиббиёт муассасаларидан юқорида туриши учун унга миллий мақомини берди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, хориж мамлакатларидан 40 миллион долларлик замонавий диагностика аппаратлари, тиббий, технологик асбоб-ускунлар олиб келинди. Технологияларнинг кўпчилиги АҚШ ва Корея мамлакатларидан келтирилди. Чунки ҳозир Корея тиббиёти жуда ривожланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ҳам бошқа соҳалар қатори тиббиёт соҳасида Корея билан алоқаларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор бермоқда.

Юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатишга ихтисослашган, Марказий Осиёда ягона ушбу болалар тиббиёт муассасасида йилига 1,5 мингдан зиёд ноёб жарроҳлик амалиётини бажариш имконияти мавжуд. Муассасамиз 6 та кичик марказга бўлинган. Яъни ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида марказлар ташкил этилган. Бу ерда республика тиббиёт тарихида илк марта энг юқори аниқликдаги ташхислаш ва даволаш имконияти яратилади.

Марказ магнит резонанс томографи, мультиспираль компьютер томографи, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Биргина мисол, ПЭТ-КТ (Позитрон эмиссион компьютер томография) аппарати саратон касаллигини эрта аниқлаш имконини беради.

Шу билан бирга клиникамизда Ўзбекистонда биринчи бўлиб генетик лаборатория фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу билан биз наслий касалликларни, бемор болалар наслида қандай касалликлар борлигини ДНК орқали билиш мумкин. Марказда бир кунлик чақалоқдан 18 ёшгача бўлган болалар даволанади. Дастлабки босқичда Тошкент ва Тошкент вилоятидаги болалар қабул қилинса, кейинчалик ҳар бир вилоятда марказнинг филиаллари ташкил этилади.

Марказда даволаниш пуллик. Аммо айрим беморларни ордерлар орқали даволаш назарда тутилган. Яъни бунда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмаси асосида ордер тизими йўлга қўйилади. Бу қандай амалга оширилади? Бемор марказга келади, текширувдан ўтказилади ва беморга бу ерда даволаниш зарурати бўлса, унга ўзимизнинг хулосамизни берамиз. Хулоса билан бемор ўзининг тегишли соғлиқни сақлаш бошқармасига боради, унга ордер берилади. Ушбу ордер билан тиббиёт марказимизда даволаниш текин бўлади.

Юртимизда тиббиёт соҳасига илм-фан ва инновацияларнинг сўнгги ютуқларини кенг татбиқ этишга эътибор тобора кучаймоқда. Бунда малакали кадрларнинг ҳиссаси беқиёс. Мазкур тиббиёт марказини қуриш, энг сўнгги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш баробарида, малакали мутахассисларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Корея Республикасининг нуфузли Пусан миллий университети клиникасида 100 нафар мутахассисимиз малака ошириб қайтди.

Жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, бошқа шифохоналар ва олий таълим муассасалари операцияларни онлайн тарзда кўриб туриши мумкин. Замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этилади, даволашнинг таъсирчан усуллари муҳокама қилинади.

Давлатимиз раҳбари куни кеча марказимизга ташрифлари чоғида бу ерда болаларни малакали даволаш билан бирга замонавий телемедицина технологиялари асосида мамлакатимиз ҳудудларида ҳам юқори сифатли тиббий хизматларни ташкиллаштириш, болалар медицинаси йўналишида инновацион изланишлар олиб бориш, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва юқори технологик муолажаларни ташкил этиш, тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ҳозир мамлакатимизда карантин давом этмоқда. Шу сабабли марказ ўз фаолиятини шу йилнинг август ойида бошлаши режалаштирилмоқда.

Нурилло НАСРИЕВ
ёзиб олди