« Back

Тил - миллат кўзгуси 29.04.2020 14:57

Ўзбек тили Ўзбекистоннинг расмий давлат тили эмасми?

2020 йил 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Мазкур қонун лойиҳасига асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддаси иккинчи қисми “Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, – мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деган мазмун билан тўлдирилмоқда.

Таклиф этилаётган таҳрирда фақатгина давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги назарда тутилган. Чунки ҳар бир давлат органи ва ташкилоти раҳбарларининг яъни мансабдор шахслари иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари белгиланмоқда. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотларидаги мансабдор шахсларнинг давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларини ўрганиш ва унга сўзсиз амал қилиш борасидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Бундай ташаббуснинг айнан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан кўтарилаётганлиги вазирликка жуда катта ишонч ва масъулият юклатилганлиги билан бир қаторда жуда шарафли ва ижобий тарихий воқеа юз бераётганлигини кўрсатмоқда. Мустақиллик йилларидаги тарихий миллий тажриба шоҳидлик беришича шу вақтга қадар давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишга бўлган эътибор бу даражада қонун билан қатъий мустаҳкамланмаган эди.

Қайд этилган лойиҳа билан киритилаётган қўшимча давлат органларининг иш юритуви тўлиқ равишда давлат тилида олиб борилишини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, ушбу масалада мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга ва ўз ўрнида, давлат тилининг ривожланиши ҳамда унга бўлган эътиборнинг ошишига имконият яратади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Франция, Япония, Молдова, Украина, Литва, Тожикистон каби бир қатор давлатлар ижобий тажрибасида давлатнинг ўз давлат тилини қўллаш, ривожлантириш ва ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти давлатнинг асосий вазифалари этиб белгиланган. Бундан ташқари, айрим мамлакатларда бу масала ҳатто давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланганлигини кўришимиз мумкин. Энг муҳими, давлат органларида иш юритуви тегишли давлат тилида олиб борилиши ва ушбу қоидага риоя этмаганлик ва унинг устидан назоратни етарли даражада ўрнатмаганлик учун тегишли жавобгарлик белгилаш ёки бошқа таъсир чораларини қўллаш амалиёти самарали жорий этилган.

Хусусан, 1994 йил 4 августдаги Франция Республикасининг “Француз тилидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ҳукуматнинг расмий нашрлари, барча янгиликлар ва эълонлар, барча иш жойларида, тижорат шартномалари тузишда, давлат томонидан молиялаштириладиган мактабларда француз тилидан фаол фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилди. Бироқ мазкур қонун хусусий нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ва уларнинг нашрларига тааллуқли эмас эди. Мазкур қонуннинг яна бир ўзига хос хусусияти шунда эдики француз тилидаги эшитиладиган мусиқий асарлар учун радио ва телевидениеда узатиш учун тегишли квоталар ҳам белгиланган эди.

2008 йил 24 октябрда қабул қилинган Молдова Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар тўғрисида”ги кодексида давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаганлик учун нафақат давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг балки давлат органлари ходимлари, жисмоний ва барча мулк шаклидаги юридик шахслар раҳбарларининг ҳам жавобгарлиги назарда тутилган. Бундан ташқари, маҳсулотлар ишлаб чиқиш, омборга қўйиш, бозорни таъминлаш ва сотиш, хизматлар кўрсатиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қоидаларини бузиш каби соҳаларда ҳам давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Жумладан, қайд этилган кодекснинг 351-моддасига мувофиқ давлат органлари ходимларининг тилларни амал қилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун муайян миқдордаги жарима ёки 3 ойдан 1 йилгача муайян бир фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазо чораси белгиланганлигини кўришимиз мумкин.

Литва Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги Кодексида расмий иш юритишда давлат тилидан фойдаланмаганлик ва ушбу соҳадаги қонунчиликка риоя этмаслик 86 евродан (944386 сўм) 173 еврогача (1 899 754 сўм) жарима солинишига сабаб бўлиши кўрсатилган.

Украина Республикасининг 2019 йил 15 апрелдаги “Украин тилининг давлат тили сифатида фойдаланилиши тўғрисида”ги Қонунида ягона давлат тили сифатида украин тилининг тан олиниши ҳамда иш юритувининг давлат тилида олиб борилмаганлиги учун 3400 гривендан (1 273 260 сўм) 6800 гривенгача (2 546 521 сўм) миқдорда жарима жазоси назарда тутилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги Латвия кодексида давлат тилидан профессионал ва лавозим мажбуриятларини бажариш учун зарур даражада фойдаланмаслик, агар норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат тили фойдаланилишини назарда тутса, – 35 евродан (329 700 сўм) 285 еврогача (2 684 700 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – 285 евродан (2 684 700 сўм) 710 еврогача (6 688 200 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Тожикистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги Кодексида “Давлат тили тўғрисида”ги Тожикистон Республикаси Қонуни талабларини бажармаслик учун жавобгарлик мансабдор шахсларга ҳисоблаш кўрсаткичининг 30 бараваридан (1 721 370 сўм) 40 бараваригача (2 295 160 сўм) миқдорда ўрнатилган. (“Давлат тили тўғрисида”ги Тожикистон Республикаси Қонунида Тожикистон Республикасида фаолият кўрсатадиган ташкилотларнинг иш юритуви давлат тилида (тожик тили) олиб борилиши назарда тутилган).

Юқоридаги хорижий тажрибадан фарқли равишда таҳлил этилаётган масала Японияда ўзига хос эканлигини кузатишимиз мумкин. Япония деярли 100 фоиз аҳолининг юқори саводхонлиги билан дунёга машҳур. Мамлакатда барча япон тилида гаплашади. Бироқ Японияда япон тили расмий тили деб белгилайдиган махсус қонун йўқ. Бунинг сабаби шундаки, Япония аҳолиси асосан япон халқи бўлган ва япон тили бу мамлакатда гапириладиган ягона тил ҳисобланган.

 Шунинг учун япон тилини расмий тил деб белгилашга алоҳида эҳтиёж бўлмаган. Аммо Япония “Суд тўғрисида”ги қонунининг 74-моддасида судда ишлатиладиган тил япон тили бўлиши кераклиги белгиланган. Айнан шунга ўхшаш талаб Жиноят-процессуал қонунининг 175-моддасида ҳам ўзи ифодасини топган. Суд ҳужжатларида япон сўзи ишлатилган бўлса, Жиноят-процессуал қонунларида “миллий тил” сўзи ишлатилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деб мустаҳкамланган.

 Шу боис мамлакатимизда мустақиллик йилларида давлат тилининг конституциявий ва бошқа ҳуқуқий асослари яратилган бўлса-да айни вақтда давлат ва жамият бошқаруви ҳамда ижтимоий-иқтисодий хусусан, бизнес, хизмат кўрсатиш, реклама каби соҳаларда айрим ҳолатларда камчиликлар кўзга ташланмоқда ва ўринли танқидлар бўлмоқда. Хорижий мамлакатларнинг шу соҳадаги қонунчилигини таҳлил этган ҳолда айтиш лозимки, истиқболда мамлакатимизда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш муҳим вазифалардан бири эканлигини кўрсатмоқда.

Айниқса, илғор хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрдаги “Давлат тили ҳақида”ги қонунини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янги таҳрирда қабул қилишни тақозо этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида эшитиш қобилияти бузилган шахсларнинг давлат органларига мурожаат этганда давлат органлари томонидан юз ифодалари ва имо-ишоралари мажбурий тарзда таржима қилиниши учун таржимон ёллаш ва унга риоя этмаганлик билан боғлиқ ҳолатлар бўйича мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги белгиланса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бу эса ўз навбатида, бир томондан шу соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилса, бошқа томондан эса фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш имконини беради.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган қўшимчадан асосий мақсад жавобгарликка тортиш эмас балки мансабдор шахсларнинг қонун билан Конституция ва қонун билан мустаҳкамланган давлат тилига алоҳида эътибор қаратишларига, уларни ўз масъулиятини оширишларига қаратилгандир. Зеро, бундай ташаббус мамлакатимизда амалда давлат тилининг ривожланишига ҳамда унга бўлган эътиборнинг янада ошишига хизмат қилиши шубҳасиздир.

Жамолиддин АБДУРАҲМОНХЎЖАЕВ, 
Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори