« Back

Тил - миллат кўзгуси 09.05.2020 13:51

Бешинчи бебаҳо неъмат

Тилнинг энг асосий манбаи — сўз. Бироқ шу тилда сўзлашувчи халқ унга нисбатан эътиборли ва масъулиятли муносабатда бўлмаса, бора-бора бу тил унутилиши, йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас.

Ўзбек тили луғати жуда бой. Аммо ундан олинган сўзларни қаторлаштириб ташлаш ёки жимжимадор сўзлардан нутқимизда, матнимизда кўпроқ фойдаланиш билан тўғри гапирган ё ёзган бўлиб чиқмаймиз. Негаки, тилнинг ўз меъёр ва қоидалари бор! Қолаверса, сўзларни ўз ўрнида қўллай билиш ҳам керак. Масалан, илм-фан тили билан адабий-бадиий асарлар яратиш имконсиз. Аксини қўлласак ҳам, бирор тайинли натижага эришиб бўлмаса керак.

Худди шундай, бадиий матн ёзиш услубини идора, ташкилот ва муассаларда давлат тилида иш юритиш қоидаларига татбиқ этишдан мантиқ йўқ. Ёхуд оғзаки нутқимиздан фойдаланиб, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар яратиб бўлмайди! Буларнинг барчасини бирлаштирувчи ягона восита бор. Бу — адабий тил!

Аммо кейинги йилларда кўплаб жабҳаларда, айтайлик, турли фильм ва сериаллар, кўрсатуву эшиттиришлар, мақолаю асарларда адабий тил меъёрлари қўпол равишда бузилмоқда. Давлат тили қоидаларига риоя этилмаяпти! Шева ва лаҳжалар, жаргонлар, русча ва инглизча сўзлар катта экранлардан янграмоқда. Бундан ташқари, кўчалар, пештахталар, автобус бекатларида имло хатолари билан ёзилган эълон ва рекламаларнинг йиллаб тўғриланмаслигидан ҳам оғринамиз. Уларни ўз вақтида огоҳлантириш, танбеҳ беришга эса истиҳола қиламиз. Бизнинг бу эътиборсизлигимиз оқибатида тилимиз азият чекади, қадрсизланади.

Ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган сўз ва иборалар билан тилимизни булғаш, луғатимизда таржимаси бўла туриб, четдан кириб келган сўзларни ишлатиш ҳам муомала маданияти меъёрларига зиддир. Масалан, дақиқани “минут”, сонияни “секунд” деб ишлатиб кетаверамиз. Ваҳоланки, луғатимизда бундай сўзларнинг муқобиллари бор. Мисол учун, рус тилидаги “лицо” сўзини, қўлланиш ўрнига кўра, юз, чеҳра, рўй, ораз, ранг, афт, ангор, бет, башара... деб таржима қилиш мумкин.

Олимларнинг тадқиқотларига қараганда, рус тилидаги “карандаш” сўзи “қора тош”, “караул” сўзи “қоровул” сўзларидан келиб чиққан. Бунга ўхшаган мисолларни кўплаб келтирса бўлади.

Кўчиб кирувчи сўзлар тўплами айрим ҳолларда “интернационал сўзлар” сифатида хаспўшланади. Бунга “бизнес”, “маркет”, “мини”, “супер”, “менежер”, “вип”, “лидер”, “аудио”, “видео”, “аут”, “интер”, “сервис” каби сўзлар мисолдир. “Оргтехника”, “канцелярия” ва буларга боғлиқ воситалар, жиҳозлар номланиши ҳам шундайлигича қабул қилинган. Айниқса, компьютер соҳасидаги иборалар хорижий номлари билан аталиши давом этиб келмоқда (файл, сайт, корзина, флешка, бот, сноска, домен, сетевое окружение, слайд, спам ва ҳоказо). Биз бу сўзларнинг иложи борича ўзбекча муқобилини топишимиз керак, албатта.

Ҳақиқатан, миллат қиёфаси унинг тил бойлиги билан намоён бўлади. Бир замонлар дунёга тил борасида ҳам ҳукмронлик қилган маданиятимиз юксак ривожланган давлатлар тараққиёти ва глобаллашувга “ютилиб” кетмаслиги учун ҳаракат қилишимиз зарур бўлади.

Тан олиб айтишимиз керакки, бугунги кунда сўзлашувимизда асосан рус тилидаги ибораларни қўллаш учраб туради. Бу, албатта, миллий тилимизга эътиборсизлик оқибатидир. “Вапше”, “окей”, “неужели”, “так што”, “ну”, “пака”, “пастоянно”, “давай”, “низашто”, “тема” “как раз”, “так”, “даже”, “нармални” каби бир қанча қурама сўзлар сўзлашув тилимизга кириб келганки, ҳатто уларни ўша тил асосида ҳам юқорида келтирилгандек шаклда қўллаб, тўғри талаффуз ҳам қилмайдиганлар бор.

Шу ўринда автобекатлар номини ҳам ўйлаб кўриш керак бўлади. Нафақат йўловчилар, балки ҳайдовчиларнинг ўзи ҳам бекат номларини нотўғри талқин қилиш ҳолатларига дуч келяпмиз. Мисол учун, “Ц 1”, “Алайский”, “Фархадский” ёки “Детский мир” деган иборалар қаердан пайдо бўлган?

Агар йўловчилар нотўғри атаса, ҳайдовчилар тўғри талаффуз қилиб ибрат бўладиган вақтга етиб келмадикми?!

Мана, метро бекатларимиз номи ранг-баранг-ку. Асл номи ҳам топиб қўйилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2015 йил 16 июндаги қарорига асосан метронинг Ҳамза бекати номи — Новза, Ҳабиб Абдуллаев бекати — Шаҳристон, Чкалов бекати – Дўстлик деб номланди. Новза — жойнинг тарихий номи. Қадимда бу ҳудуддан оқиб ўтадиган Бўзсув канали ирмоғига тўғон қурилиб, баландликдаги бўш ётган ерларда боғ-роғлар яратилган. Экинзор далаларга нов (тўғон) орқали сув чиқарилган. Шу муносабат билан мазкур манзил ва унинг яқин-атрофидаги ерлар “Новза”, яъни нов орқали сув чиқарилиб обод қилинган жой деб аталади.

 Айни пайтда Чилонзор туманида жойлашган ушбу ҳудудда шу номдаги маҳалла, кўча, бекат, савдо мажмуаси ва масжид бор. Шундай экан, биз нега автобус бекатларини шундай гўзал номлар бериб безатмаймиз?

Давлат тилимиз тақдири билан боғлиқ бундай муаммолар идора, ташкилот ва муассасалардаги иш юритиш жараёнида ҳам кўплаб учрайди. Масалан, ўзим фаолият бошлаган “Ўзбекгидроэнерго”акциядорлик жамияти тизимида четдан кириб келган ёт сўзлар кўп. Жумладан, халқаро атамаларни ҳисобга олмаганда, “гидрогенератор”, “синхрон компенсатор”, “турбогенератор”, “подшипник”, “гидроагрегат”, “парогенератор”, “трансформатор” каби сўз ва тушунчалар ўзбекча муқобилини кутиб ётибди.

Аждодларимизнинг илк эътиқод манбаи — “Авесто”да тўрт унсур — сув, тупроқ, олов ва ҳаво муқаддас саналган. Мен булар сирасига тилни ҳам киритган бўлардим. Зеро, тилимиз — биз учун бебаҳо неъмат. Уни қадрлаш, эъзозлаш ва азиз билиш, қолаверса, бор бисоту жозибаси билан, янада бойитиб келажак авлодларга етказиб бериш барчамизнинг бурчимиздир.

С. ПЎЛАТОВА, 
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси