« Back

Тил миллат кўзгуси 08.06.2020 13:34

Ўз-ўзимни танимаган кун

- Алло, ассалому алайкум, Умида Абдураҳимовнани мумкинми?

- Лаббай, ассалому алайкум, кимни?

- Умида Абдураҳимовнани.

-...

Ўшанда телефон қўнғироғидаги саволга жавоб топиш учун камида 10 сониялар ўйланиб қолдим. Таниш исм айтилди, жуда таниш деб хаёл қиламан-у, ўйлайман, аслида бу бошқа биров эмас, ўзим эканлигимни англагунимча телефондаги суҳбатдошимни ҳам бироз ўнғайсизлантиргандим очиғи. Лекин ишонинг, буни атайин қилганим йўқ. Ўзим ҳам ҳалигача ҳайронман. Бироқ, ўша кунгача мен кимгадир «Умида синглим», яна бошқага «Умида опа», жуда расмий мурожаат бўлса, «Умида Бойзоқова» эдим. Ўша куни эса биринчи маротаба «Умида Абдураҳимовна» дейилса, ўзимни ўзим тополмай қолдим, очиғи. Балки кулаётгандирсиз, лекин бу бор гап.

Асли касбим журналист бўлгани учун кўплаб давлат ташкилотлари ва идоралари фаолияти билан яқиндан танишганман, кўплаб тадбирларида қатнашганман. Мени қизиқтирадиган бир жиҳат шуки, аксарият корхоналарда фақат раҳбариятга отасининг исмини қўшиб мурожаат қилиш урфда. Гўёки, «Фалончи Тугунчаевич» деб айтилмаса, шу инсонга бўлган ҳурмат камайиб қоладигандек.

Ҳозирги иш жойимга қадар Миллий Телерадиокомпания тизимида ишлаб, бир эмас, бир неча маротаба иш жойимни ўзгартирганман. Орада маълум бир муддат мактабда ҳам фаолият олиб борганман. Лекин ишонасизми, ҳеч қачон қайси жамоада ишлаганимдан қатъи назар, раҳбарга отасининг исмини қўшиб мурожаат қилмаганман, улар мен учун ҳамиша «ака» ёки «опа» бўлишган. Ишдаги камчилик ва хатоларимиз учун бизга дакки берадиган, ҳа, ҳа, ёмон бўлгин деб эмас, аксинча, яхши бўлгин деб жон куйдирадиган, ишларимиз яхши бўлганда эса муносиб эътироф эта биладиган раҳбарни кўнгилга яқин қилиб, «ака» ёки «опа» дейишни, нимаси айб экан?!

Айрим тадбирларда ташкилот раҳбарларидан интервью олишга тўғри келганда, ўз одатимга кўра «ака» дея мурожаат қилишим ортидан ёрдамчиларидан дакки эшитишимга тўғри келган пайтлар ҳам бўлган. Эмишки, уларга «ака» деб гапирганлар умуман ёқмас экан. Энг қизиғи, ўша раҳбарларнинг бирортасидан ҳам бундай реакцияни ҳеч ҳам кузатмаганман. Лекин ўша ёрдамчилари, сизни ўзингизга айтмасдан, бизга эътироз билдирадилар, эл қаторида мурожаат қилинг, деб ҳеч қўйишмагани сабаб балки бу бу мендаги кўзга ташланаётган камчиликдир деб, ишдан уйга қайтган пайтларим ойнага қараб шундай гапиришни ҳафталаб машқ қилдим, лекин буни уддасидан чиқа олмадим, балки ич-ичимдан хоҳламаганим бунга сабаб бўлдими?! Ёки ҳеч қачон бундай гапирмаганим учунми, хуллас, билмадим, лекин ҳозир ҳам уларга шундай ака деб гапираман. Наҳотки, раҳбарга бўлган ҳурмат шу тариқа мурожаат қилиш билан белгиланса?! Куннинг асосий қисми иш вақтимизга тўғри келади. Ҳамкасбларимиз эса бизга оила аъзоларидек гап. Оилада эса, расмиятчилик эмас, самимият бўлади. Аслида «Фалончи Тугунчаевич» дейиш, собиқ совет тузумидан қолган мерос эмасми?! Бизнинг ўзбекчиликда бундай гаплар авваллари бўлмаган шекилли?!

Она тилига бўлган ҳурмат мана шундай кичик-кичик жиҳатларда намоён бўлади ва биз аслимизга, ўзлигимизга мос тарзда сўзласак, мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу ўйлар менинг шахсий фикр-мулоҳазаларим, холос. Лекин –евич,-ович, -евна,-овна каби қўшимчалар ўзбек тилига рус тилидан кириб келгани бу айни ҳақиқат. Буни тилшунослар яхши билишади.

Модомики, гап кишининг исм-шарифи ҳақида борар экан, бу барчамизга тааллуқли бўлган муҳим масала. Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат бор. Паспортингизни қўлингизга олиб, бир ўқиб кўринг-а, ундаги сиз ҳақингиздаги маълумотлар тўла-тўкис тўғри ёзилганмикан ?! Гап фақат рақамларда эмас, нима учундир асосан рақамлардаги хатоликларгагина эътибор қаратишга ўрганиб қолганмиз. Сўзлардаги ғализликлар-чи?! Ҳеч кимни камситмаслик ва кўнглига тегмаслик учун мисол тариқасида бировни эмас, ўзимни ёзаман: «Байзакова Умида Абдираҳимовна» (паспорт бўйича).

2013 йиллари, эндигина турмушга чиққан пайтларим эди. Яхши биласизки, никоҳдан сўнг аксарият аёлларнинг фамилияси ўзгаради, жумладан, менинг ҳам. Ўша пайтлари «Ассалом, Ўзбекистон!» маданий-маърифий кўнгилочар дастурида янги нашрлар ҳақидаги саҳифани тайёрлардим. Бир куни хизмат телефони жиринглади ва ҳамкасбларимиздан бири мени сўрашаётганини айтиб, гўшакни қўлимга тутқазди. Ёшлари олтмишдан ошган овоз эгаси ўзини тилшунос домла сифатида таништирди. Эътиборсизлигим сабаб уларнинг исм-шарифларини эслаб қолмаган эканман. Ўшанда улар: «Қизим, сиз фамилиянгизни аслида нима маъно англатишини биласизми?», дея савол бердилар. Мен ҳам яқинда турмушга чиққаним сабабли фамилиям ўзгаргани, паспортда Байзакова деб ёзилгани, эфир талабидан келиб чиқиб, ўзбекчалаштирган ҳолда Бойзоқова деб ёзганимизга изоҳ бергандек бўлдим. Улар бўлса: «Қизим, ўзбек тилида Бойзоқ деган исм йўқ, Боюзоқ деган исм учрайди. Сизнинг фамилиянгиз ҳам шу исмдан шаклланган бўлиб, Бойзоқова аслида Боюзоқова бўлиши керак. Буни тилшунос сифатида яхши тушунганим учун сизларга қўнғироқ қиляпман. Биламан, аксарият юртдошларимизнинг паспортида шу каби хатоликлар учрайди. Лекин телевидение орқали ҳам худди шу хатоликларни такрорлаш тўғри эмас, бу аввало ўзингизга нисбатан ҳурматсизлик бўладику, ахир», дея гўшакни қўйдилар. Тилшунос домла ҳақ эдилар.

Маълум бир давр оралиғида туғилганлик ҳақида олинган гувоҳномаларда ярим рус, ярим ўзбек айрим чаласаводларнинг шарофати билан йўл қўйилган мана шундай хатоликлар сабаб яна қанча юртдошларимиз шундай исм-шарифи ёзилган паспорт олишга мажбур бўлишган. Ҳозирда иш гувоҳномасидан тортиб, киши шахсини тасдиқловчи барча хат-ҳужжатларда мана шундай ҳолатлар учрашига оддий ҳолдек қарашга ўрганиб бўлдик. Бу фикрим билан барча ҳужжатларни янгилаш зарур демоқчи эмасман. Мазкур жараён маълум бир маблағ, яъни тўлов ва яна қанча ҳаракат ва оворагарчиликни талаб этиши боис, кўпчилигимиз шу каби хатоликларни тўғрилаш ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаганмиз. Лекин қачонлардир, эзгу ташаббус кўрсатилиб, барча юртдошларимиз она тилимизга мос, ота-оналари қўйган ўзбекона исм-шарифга ўтишларига муносиб бир имкон бўлса, албатта мен ҳам «Байзакова Умида Абдирахимовна» эмас,балки «Боюзоқова Умида Абдураҳим қизи» бўламан!!!

Умида Бойузоқова,
Қурилиш вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси