« Back

Тил - миллат кўзгуси 26.06.2020 11:47

ЛУҚМА: АКТ соҳасида тилимиз ўзбекчами ёки...

Бугун «рақамли», «рақамлаштириш», «электрон ҳукумат» сўзларини кўп ишлатамиз. Фаолиятимиз, яшаш тарзимиз шу сўзлар билан ҳамоҳанг кеча бошлади. «Рақамли телевидение», «рақамли иқтисодиёт», «аграр соҳани рақамлаштириш», «ахборот тизими», хуллас, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Шу ўринда савол туғилади: ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига оид сўз ва атамаларнинг маъносини ҳаммамиз ҳам тушунамизми ёки тўғри талқин қила оламизми? Масалан, электрон давлат хизматлари кўрсатадиган бир ташкилотнинг ахборот тизимини иккинчи ташкилотнинг ахборот тизимига интеграция қилиш, дегани нимани англатади?

«Интеграция» сўзи лотин тилидаги “integratio” сўзидан олинган бўлиб, «қайта тиклаш», «тўлдириш», «боғлаш, улаш» маʼноларини билдиради. Демак, фойдаланаётган матнимиз маъно-мазмунидан келиб чиқиб, улардан мосини қабул қилишимиз керак.

Мобил алоқа хизматлари. Бу сўз инглиз тилидаги “mobile” сўзидан олинган бўлиб, «ҳаракатчан», «чаққон», «кўчма», «ўзгарувчан», «беқарор» деган маʼноларни билдирар экан. Баъзи манбаларда унинг маъноси одамлар ўртасидаги алоқани таъминлаш учун фойдаланиладиган мўъжаз симсиз телекоммуникация қурилмасини англатиш билан бирга, уяли телефон билан адаштирмаслик зарурлиги қайд этилган.

Биз эса бу сўзни ўзбек тилида «уяли» деб биламиз. «Мобил» сўзини ҳамма жойда «уяли» деб ишлатиш мумкинми? Сўз маʼноларидан келиб чиқадиган бўлсак, йўқ. Чунки унинг маъноси биз ўйлагандан, биз тушунгандан кўра кенгроқ экан.

Бугун аҳолига қулайлик яратиш, уларга кўрсатилаётган электрон давлат хизматларининг сифатини янада ошириш мақсадида «Электрон ҳукумат» доирасида идоралараро интеграцион платформалар яратилмоқда. Бу ерда «идоралараро» деган сўздан бир нечта идора ҳақида гап кетаётганини тушуниб оламиз. Бу тушунчани «идоралараро мувофиқлаштирилган майдонча» дейиш ҳам мумкин. Лекин ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси мутахассисларини тайёрлаш жараёнида асосан рус ва инглиз тилидаги манбалардан фойдаланилгани учун оддий аҳоли у ёқда турсин, мутахассисларга ҳам буни тушунтириш осон эмас. Улар учун биринчиси маъқулроқ, тушунарлироқ.

«Интерактив давлат хизматлари» деган тушунча ҳаётимизга сингиб бормоқда. Бу ердаги «интерактив» сўзи «ўзаро ёки бир-бирига таъсир қиладиган, таъсир кўрсатувчи» деган маънони билдиради. Шундан келиб чиқиб, «ўзаро мувофиқлаштирилган (ёки бирлашган) давлат хизматлари» дейиш тўғри бўлади, бизнингча.

«Коммуникация» сўзи лотинчадан кириб келган. Гап мазмунига қараб, «жамлаш», «боғлаш», «умумлаштириш» (ёки «хабар», «маълумот», «фикр», «ахборот алмашиш», «алоқа қилиш») каби маʼноларни билдиради. Лекин биз бу сўзнинг ўзбек тилидаги маʼноларидан кўра, унинг ўзини ишлатишни маъқул кўрамиз.

«Абонент» сўзини ишлатаётганимизга ҳам анча бўлди. Бу сўз ўзбекчадек туюлади. Яъни, тилимизга ўзлашишга улгурган. Аслида француз тилидаги “aboner” сўзидан олинган бўлиб, «обуна бўлмоқ» деган маънони билдиради. Ўзбек тилида эса уни «мижоз», «фойдаланувчи» дейиш мумкин.

«Онлайн эфир», «онлайн радио», «онлайн телевидение», «онлайн дўкон», «онлайн ўқитиш» каби тушунчалар ҳам жуда кўп фойдаланилмоқда. «Онлайн» сўзи ишлатилган жойда интернет алоқаси мавжудлиги тушунилади. Демак, уйдан туриб бу хизматлардан фойдаланиш мумкин. Бу сўзнинг биз билган «жонли», «тўғридан тўғри» маʼнолари юқоридаги ҳолатларга мос келадими?

«Виртуал» сўзини кўпинча алоқа маъносида ишлатамиз. Соф ўзбек тилида уни қандай аташ мумкин?

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “телевизор: (теле.+ лот. visio – кўриш; кўрсатув). Телестудиядан узатиладиган телесигналларни тасвир ва овоз тарзида қабул қилиб, кўрсатадиган ва эшиттирадиган аппарат, “телевидение: (теле. + р. видение – кўриш / лот. visio – кўриш). Ҳаракатдаги ёки ҳаракатсиз объектларнинг тасвирини товуш билан бирга радиоэлектрон воситалар ёрдамида муайян масофага узатиш ва қабул қилиш; узоқдан кўриш; ахборот тарқатиш воситаларидан бири, “антенна: лотинча antenna – кема мачтасидаги кўндаланг ёғоч, ҳашарот мўйлови. Электромагнит тўлқинларни фазога узатувчи ёки қабул қилувчи қурилма” дея изоҳланган.

Бу сўзлар маъно-мазмун жиҳатдан ўзбек тилида битта сўз билан ифодаланмаган. Айтмоқчи бўлганимиз, ҳамма сўзларни ҳам иккинчи тилдаги бошқа битта сўз билан ифодалаб бўлмайди. Аммо бу чет тилларидан кириб келаётган барча сўзларни шундайлигича қабул қилиш керак, дегани эмас. Бу масалада ижобий натижага эришиш учун тилшунос ва тегишли соҳа олимлари билан ҳамкорликда янги сўз ёки атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобилини яратиш устида ишлаш талаб қилинади.

Айтганларимиз ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳамда рақамлаштириш жараёнида тилимизда юзага келган, келаётган ёки келиши мумкин бўлган баъзи жиҳатлар холос. Жадал тараққиёт замонида бу каби ҳолатлар барча соҳада учраши табиий. Шундай экан, тилимизнинг жозибадорлигини асраб қолиш, янги сўз ва атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобилларини яратиш орқали янада бойитиш муҳим аҳамият касб этади.

Муаммони кўтариш, масала долзарблиги, унинг аҳамияти, зарурати тўғрисида гапириш осон, бироқ ечим ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш ўта муҳим. Юқоридаги каби муаммоларга дуч келмаслик учун, аввало, соҳага кадрлар етиштириб берувчи ўрта махсус ва олий таълим муассасаларидан жуда катта масъулият талаб қилинади. Шунингдек, бугунги кунда турли вазирлик, идора ва ташкилотларда АКТ соҳасида фаолият юритаётган масъул мутахассисларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билимини ошириш мақсадида ўқитиш, турли ўқув курсларини ташкил қилиш, услубий қўлланмалар яратиш, уларнинг кенг тарқатилишини таъминлаш зарур.

Бу орқали нафақат юртимизда кенг миқёсда олиб борилаётган рақамлаштириш жараёнига муносиб ҳисса қўшган бўламиз, балки мазкур жараённинг янада жадаллашишини таъминлаймиз.

Нурилло АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири маслаҳатчиси