« Back

Тил – миллат кўзгуси 14.09.2020 19:35

ДАВЛАТ ТИЛИГА ЭЪТИБОР – МИЛЛИЙ ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ВА УНИ  НАМОЁН  ҚИЛИШ АСОСИДИР

Ўзликни англаш бу осон кечадиган воқелик эмас. Ўзликни англаб,  уни намоён этиш янада мураккаб ва анча вақтни талаб этадиган ҳодисадир. Биз мустақилликка ўзлигимизни англаш натижасида эришдик. Лекин уни тўлиғича намоён этиш жараёни ҳали-ҳануз давом этмоқда.

Буни давлат тилини оммавий равишда Ўзбек давлатчилигини ҳар жиҳатдан ривожлантириш асоси сифатида қўллашимизнинг айни пайтгача бўлган даврда сустлигида кўришимиз мумкин. Негаки,  бу ҳолат 1989 йилда Давлат тили тўғрисида қабул қилинган қарорнинг 30 йилдан ошиқ вақт ўтганлигига қарамасдан ҳали-ҳануз ўзининг тўлиқ ижобатини топа олмаганлигида кўринади.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишига эришиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул  қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори асосида давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари тузилмаларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди ва ушбу янги лавозимни эгаллаган мутахассисларга юқоридаги вазифаларни самарали амалга ошириш бўйича жуда катта масъулият юклатилди.

Аввало, масаланинг назарий жиҳатига эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбек тили мақомининг давлат тили сифатида тан олиниши замонавийлик нуқтаи назаридан Ўзбекистонда яшовчи барча миллатлар ва элатларнинг миллий тили ва маданиятининг тенглигини назарда тутади. Шу жиҳатдан ўзбек тили асосий тамойил бўлган миллий уйғониш жараёнининг бир бўғини даражасида қаралади ва унга миллий ўзликнинг юксалиши сифатида тушунмоқ ҳамда қаралмоқ лозим. Шунинг учун ҳам ҳар қандай давлатда Давлат тили доимо унинг амалий жиҳатларини бойитишни ҳамда номини берган миллат давлатчилиги нуқтаи назаридан уни янада мустаҳкамлаш заруратини юзага чиқаради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисидаги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бу мақомнинг мустаҳкамланиши натижасида, у БМТ томонидан тан олинган дипломатик мулоқот тили мақомини олди. Бу ўз навбатида халқаро муносабатларда қўлланиш мавқеи нуқтаи назаридан унинг қўлланилиш доирасини давлат ва нодавлат ташкилотларнинг давлат тилидаги ички ҳужжатлар ва улар ўртасидаги ёзишмалар борасида кенг қўлланишини мамлакат бўйлаб  кенгайтиришини қонунан тақоза этади.

Албатта, дастлабки вақтларда давлат тили мақомини ҳаётга татбиқ этилиши муайян қийинчиликлар, чекинишлар, ўзбек тилида сўзлаша олмайдиган аҳоли учун руҳий қийинчиликлар туғдирган ҳолатлар ҳам бўлиб ўтганлиги сир эмас. Бундай ҳолатлар давлатга номини берган миллат тили давлат тили сифатида мустаҳкамланган кўпгина давлатларда бўлиб ўтганлиги ҳам. Лекин, айни пайтда, Ўзбекистонда уни ҳаётга татбиқ этишнинг демократик услубияти ҳам намоён бўлди ва бу бағрикенглик имкониятидан Ўзбекистон фуқароси сифатида мамлакатимизда яшаётган бир юзу ўттиздан ошиқ миллат вакилларининг қанчалик даражада фойдаланганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Буни биз, давлат тилини тўлиқ татбиқ этилиши муддатларининг узайтирилиши, уни ўрганиш бўйича курслар ва мактаблар тармоғининг кенг ёйилиши, энг асосийси эса, русийзабон ва бошқа миллат вакилларидан иборат аҳолининг ўзбек тилини ўрганиши учун аниқ фаолиятнинг амалга оширилиши, ўзбек тилида сўзлашувчи аҳоли ўртасида эса – бу осон кечмайдиган ишда уларга ёрдам беришдаги ижобий интилишида ҳам кўришимиз мумкин. Бу ерда, энг асосийси, тил мансублиги бўйича зиддиятлар туғилишига йўл қўймаслик лозимлиги асосий мезон сифатида олиб қаралди. Зеро, тил асосидаги қарама-қаршиликнинг вужудга келиши сиёсий маданияти етарлича бўлмаган шарт-шароитларда яхшиликка олиб келмаслиги мумкинлиги доимий эътиборда бўлганлигини таъкидлаш ўринлидир. Ўзбекистон раҳбарияти ҳам ушбу ҳолатни қатъий назорат қилмоқда ва бу соҳадаги ҳар қандай чекиниш ва суиистеъмолликларнинг олдини олмоқда.

Журнал, рўзнома, радио ва телевидениеда турли тилда сўзлашувчи муаллифлар чиқиш қилмоқдалар. Ушбу оммавий ахборот нашрлари турли тилда фаолият юритмоқда ва шу тарзда миллий мансублигидан қатъий назар ҳар бир фуқаро учун республикамиз ҳаётидан хабардор бўлиб туриш учун имконият яратилмоқда. Шу туфайли, алоҳида олинган инсон кўпмиллатли муҳитда ўзига хос миллий дунёқарашга эга бўлмаслиги ва шунинг учун ҳам бегона бир элементга айланиши тўғрисидаги фикрлар етарлича асосга эга эмасдир.

Ҳамма гап шундаки, ушбу умуминсоний тамойил ўтмиш амалиётида ҳисобга олинмай келинарди ва бу ҳол алоҳида шахс манфаатларини инкор этилишига олиб келиб, масалан, миллий қадр-қимматнинг камситилишига, аксарият халқ учун ўзининг миллий “Мен”лигини йўқотилишига ҳам олиб келарди. Инсон ва унинг манфаатлари устидан на ижтимоий-синфий, на миллийлик тушунчалари оғир гурзи бўлиб турмаслиги лозим. Шу тарзда, унинг ижтимоий ва миллий танлови нафақат объектив шарт-шароитлар, шу билан бирга келажакка ишонч, ижтимоий ҳимояланганлик туйғуси акс этадиган унинг ички руҳий дунёқараши билан белгиланади. Миллий ўзликни танлаш ҳуқуқи, қадриятлар тизимини англашнинг миллий шаклини танлови, маданий ўзига хосликнинг аҳамиятини англаб етиш – бу инсон эркинлиги тамойилининг энг асосий жиҳатларидан биридир.

Эркинлик, Амир Темур айтганларидек, фақат қонун устувор бўлгандагина мавжуддир.

Демак, мамлакатни барча соҳаларда ривожлантириш ва уни муҳофаза қилиш борасида давлат тили, виждон, матбуот, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, ихтиёрий жамоалар ва фуқаролар уюшмалари, ҳаваскорлик ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳаллалар) тўғрисида қабул қилинган қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларини изчиллик билан жорий этиш зарурати туғилади. Бу ҳол бир томондан суиистеъмолчиликлар, демократик жараёнларнинг бузилишининг олдини олса, иккинчи томондан – ҳар бир халқ ва ҳар бир фуқарога миллатидан ва диний мансублигидан қатъи назар, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни кафолатлайди.

Энг асосийси бугунги кунда тил ўрганиш, миллий маънавиятимизнинг асосини ташкил қилувчи давлат тилига бўлган муносабатни масъулият билан ривожлантириш, ўтмиш аждодларимиз маънавий меросига ижодий ёндашган ҳолда янги, замонавий, жаҳон маданияти ва технологияси имкониятларидан кенг фойдаланиш лозим бўлади. Бу йўналишда маориф, маданият ташкилотларигина эмас, балки барча жамият аъзоларининг иштироки зарурдир. Лозим бўлса, жойларда шахсан ҳокимларнинг бевосита халқ билан маънавият ва маърифат, Давлат тилининг нуфузи ҳамда заруратлиги тўғрисидаги суҳбатларини уюштириш, имконият даражасида телевидение, радио ва умуман, оммавий ахборот воситалари орқали кенг ташвиқот ишларини олиб бориш лозим. Бунда маҳаллий оммавий ахборот воситалари зиммасига раҳбариятнинг давлат тили ва маънавий ва маърифий соҳада халқ билан бирга эканлигини намоён этувчи чиқишларнинг ранг-баранглигини ошириш, унинг ҳақиқий ва ҳаётий кўринишларини  батафсил оммага етказиш вазифаси тушади. Бизнинг назаримизда, шаҳар, туман ҳокимлари ўрнак бўлсалар, маънавий янгиланишни давлат тилига бўлган салоҳиятли ижобий муносабат, муҳитни ўзларидан бошласалар, кўзланган мақсадга янада муваффақиятга эришган бўлар эдик. Негаки, мажозий маънода айтганда ўзи сувда сузишни билмаган киши кемада ишлагани билан денгизчи бўлолмайди.

Шу маънода яна бир бор таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон аҳолиси миллий таркибининг мураккаблиги ва ўзига хослиги шундаки, унинг фуқаролари бир юз ўттиздан ошиқ миллат, элат, этник гуруҳларнинг бирлашмасидан ташкил топган. Шу боис, биргаликда яшаётган турли миллат вакилларининг миллий ўзига хослигини тан олиш ва ҳурмат қилиш давлат тили орқали маънавий салоҳиятимизнинг янги қирраларини очишда ва ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳадиси шарифда айтилишича “Тил миллат кўзгусидир”. Ўтмишдан маълумки, давлат тили мавжуд жамият маънавиятининг ва тараққиётининг асосини ташкил қилади. Шу нуқтаи назардан, давлат тили кўп миллатли мамлакатимиз халқларининг бир бутун бўлиб, жипслашиши ва жамиятимиз ривожланишининг асосидир, калитидир.

Шундай экан, ҳали-ҳанузгача кўпгина давлат тилида иш юритиш имконияти етарли бўлган ташкилотларда ҳам ҳамон иш рус тилида юритилаётганлигини қандай тушуниш ёки баҳолаш мумкин?! Давлат тили тўғрисидаги қабул қилинган ҳужжатларга муносабат шу даражада бўлиши керакми? Мутасадди ташкилотлар ва жавобгар раҳбар шахсларнинг нега бу ҳолатга эътиборлари суст? Булар барчаси давлат тилининг амалга жорий қилиниши жараёнини сустлаштиради, муддатини узайтиради, охир оқибатда миллий давлатчилик хусусиятига путур етказади. Бу борада мавжуд имкониятларни бутун шижоати ва омилкорлигини ишга солган ҳолда қонун устуворлиги асосида мақсадимиз сари йўналтириш талаб қилинади. Негаки, бу келажак жамиятимизни беками кўст бунёд этишимизнинг адолатли ва қонуний шартларидан биридир.

Юқорида билдирилган давлат тили тўғрисидаги мулоҳазаларимизни адолат нуқтаи назаридан миллий давлатчилигимиз ривожланишининг фарз бўлган идеаллари ёки бўлмаса қадриятлари бўлганлиги учун ҳам бугунги кунда уни шак-шубҳасиз самарали тарзда юзага чиқариш лозимлигини эътиборга олган ҳолда, кўпчилик ҳукмига ҳавола этдик. “Ҳолва, ҳолва деган билан оғиз ширин бўлиб қолмайди” деган халқ  мақоли бор. Ушбу қароргача бўлган даврда Давлат тили масаласида ҳам шундай ҳолат бўлиб келганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Бугунги кунда мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш бўйича давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари тузилмаларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиларининг масъулиятини оширади ва улар томонидан жиддий қадамлар ташланишига умид қиламиз. Албатта Давлат тилини тўлақонли давлат тили даражасига кўтариш бу фақатгина соҳа мутасаддиларининггина ижро қилиши лозим бўлган масала эмас, балки барча Ўзбекистон халқининг - фуқароларининг умум вазифаси эканлигини ҳар биримиз ёддан чиқармаслигимиз ва бу ишга қамарбаста бўлишимиз лозим.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ушбу масалада вазирликнинг “Вазирлик тизимидаги муассасаларда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этиш тўғрисида”ги алоҳида буйруғи билан тасдиқланган Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча муассасаларда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш ва унинг ижросини назорат қилиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилиб, унинг олдига вазирлик тизимидаги муассасаларида Давлат тилини қонунда белгиланган тартибда жорий қилинишини ташкиллаштириш ва унинг ижросини сифатли амалга оширилишини назорат қилиш бўйича муҳим вазифалар қўйилди.

  Шунингдек, вазирлик тасарруфидаги барча ҚҚР соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, бўлинмаларида, жумладан,  тиббиёт таълими, даволаш-профилактика муассасалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги,  илмий-амалий марказларда ҳамда Фармацевтика  тармоғини ривожлантириш агентлигида ҳужжатлар, ёзишмалар, кўчаларга ўрнатилган реклама баннерларининг  сўзсиз давлат тилида (ўзбек тили)  юритилишини таъминлаш;

-  вазирлик тизимидаги тиббиётга алоқадор муассасаларнинг бинолари пештоқидаги номлар ва унинг ичидаги хоналар эшигидаги атама биринчи навбатда давлат тилида ва заруратдан келиб чиқиб ундан кейин бошқа тилларда ёзилиши;

-  вазирлик тизимига кирувчи ҳудудлардаги барча таркибий бўлинмалар ва муассасаларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда амал қилиниши бўйича жамоатчилик назорати ташкил этиш;

-  тегишли бўлимга мазкур буйруқнинг барчага етиб боришини таъминлаш мақсадида вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши каби масалалар бўйича кўрсатмалар берилди ва назоратга олинди.

Шунинг билан биргаликда қуйидаги масалаларга жуда ҳам жиддий эътиборни қаратиш кескин чоралар кўришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

1. Барча дори-дармон воситаларини қўллаш бўйича йўриқномалар  ва рецептлар давлат тилига ўгиртирилди ва давом эттирилмоқда. Бу иш қонуний йўл билан четдан кириб келаётган барча дори-дармонларга тегишлилиги белгилаб қўйилди.

2. Тиббий тез ёрдам хизматига телефон қилсангиз айрим ҳолларда русча жавоб берилиши ҳам мавжуд эди.  Бу рус тилини билмайдиганларга мурожаат қилиб мақсадини тўғри тушунтиришларида анча қийинчиликлар туғдирар эди.  Бу масалани тузатиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

3. Кўчаларда турли хил рекламалар  ҳамон рус тилида ёки бошқа хориж тилларида  кўзга ташланарли даражада катталаштириб  ёзилиши кишини ажаблантиради ва ҳайрон қолдиради. Агар суриштириб келсангиз уни ёздирган шахснинг ўзи ҳам у тилни умуман тушунмаслигига гувоҳ бўласиз. Сўрасангиз хорижликларга осон бўлиши учунлигини рўкач қилади. Ваҳоланки хорижликлар Ўзбекистонни кўришга келади. Улар Ўзбекистонга ўзбекларнинг ўзига хос қадриятлари ва яшаш тарзини,  осори-атиқаларини кўриш учун ташриф буюришади. Аслида бошқа хориж тилидаги лавҳалар туристлар учун Ўзбек миллатининг бошқа давлатларга қарам эканлиги маъносини англатиши билан ишлари йўқ. Бу масалада ҳам тозалаш ишларини олиб бориш  ва уларни биринчи навбатда давлат тилида юритилишини жорий қилишни тақоза этади.

4. ОАВларида ўзбек адабий тилида эмас балки ҳудудий шеваларда гапириш адабий ўзбек тилининг мавқеига путур етказмоқда. Бунинг ҳам тезлик билан чорасини кўриш лозим.

5. Баъзи раҳбар ходимлар  омма ўртасида  ўзбекча ва русча сўзларни қўшиб аралаш-қуралаш тилда ва Ўзбекистонда ташкил этилган  халқаро        симпозиумлар ва анжуманларда эса, асосан рус тилида маъруза        қилишади. Бу ҳолга чек қўйишнинг аллақачон вақти келмадимикин деган савол туғилади ва албатта ўзбекчага ўгириш лозим.

6. Фарзандларимизга ва бошқа миллат вакилларига ўзбек тилини ўргатишга интилиш анча суст, ўзбек тилини ўрганишга интилувчиларни рағбатлантирилмайди, ўзбек тилини ўргатувчи пулсиз курслар очиш ва ўзбек тилини ўргатувчи арзон ва сифатли китоблар нашр қилиш, давлат тилини сифатли амалга оширилишини таъминлашда анча ёрдам беради.

7. БМТнинг Ўзбекистондаги вакили ва Америка элчиси халққа ЎЗБЕК ТИЛИДА мурожаат қилган бир вақтда, аммо айрим раҳбарларимиз ўзбек тилида эмас рус тилида гапиришни афзал кўрганлиги ҳам тушунарсиз ҳолатдир.

Сўнгги сўз ўрнида давлат тилига эътибор – миллий ўзликни англаш ва уни  намоён  қилиш асоси эканлигини яна бир бора эслатиб ўтмоқчимиз. Буни эса биргаликда амалга оширишимиз лозим.

Ў.АБИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, фалсафа ф.д., профессор