« Back

Тошкент тиббиёт академияси 26.04.2020 14:32

ИЛМ-ФАН ТАРАҚҚИЁТИ ЙЎЛИДА ЭРИШАЁТГАН ЮТУҚЛАРИ

Тошкент тиббиёт академияси Ўзбекистон Республикасининг 100 йиллик тарихга эга бўлган тиббиёт олийгоҳларидан бири бўлиб, академияда фаолият юритаётган 800 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар  тиббий таълимни ривожланишига ҳамда халқимизнинг саломатлигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича  улкан ҳисса қўшиб келмоқдалар. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг таълим ва тиббиётга доир қарор ҳамда фармонларнинг ижросини таъминлаш борасида таълим йўналишлари яъни даволаш иши, тиббий-педагогика, тиббий профилактика, тиббий биология иши, олий маълумотли ҳамшира, ҳарбий тиббиёт ҳамда 50 га яқин магистратура, 30 дан ортиқ клиник ординатура  мутахассисликларида таълим жараёнини олиб боришда дунёда ривожланган давлатларнинг таълим стандартларига мос равишда ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлар, хусусан ўқув ва ишчи режа ҳамда дастурларнинг янгиланиши, инновацион ва интерфаол усуллар ёрдамида тиббий таълимни амалга ошириш юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга замин яратмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки академия ходимлари томонидан яратилаётган ўқув адабиётларининг ўзбек тилида  яратилиши талабаларнинг тўлақонли билим олишларига имкон бермоқда. Тошкент тиббиёт академиясида хорижий тилда, жумладан инглиз тилида дарс жараёни педагоглар томонидан фаол олиб борилмоқда. Бу жараён нафақат ўқитувчиларни, балки талабаларни ҳам ўз устида ишлашга, илмий изланишларига туртки бўлмоқда.

Академияда илмий-тадқиқот ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда профессор-ўқитувчилар томонидан далилларга асослаган базага эга бўлган илмий ишларнинг амалга оширилиши, олинган натижалар бўйича нафақат ОАК рўйхатига киритилган маҳаллий ва хорижий журналларда, шу билан бирга Scopus, Web of Science ва бошқа умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базалари журналларида мақолаларнинг (ҳар йили 700 атрофида) эълон қилиниши эътиборга лойиқдир. Бу ўз навбатида академиянинг дунёда рейтинги юқори бўлган олийгоҳлар орасидан асосли ўрин олишига имкон бермоқда. 

Тошкент тиббиёт академиясида таълим жараёнига ёш мутахассисларни – магистратура битирувчиларни жалб қилиш ва уларги илмий тадқиқот ишларини олиб боришлари учун юқори малакали илмий раҳбарлар бошчилигида барча шароитлар –  илмий лабораториядан фойдаланиш, доимий равишда хўжалик шартномалари бўйича ишларни амалга ошириш, монография ва патент, турли электрон дастурларнинг яратиш, илмий ва услубий ишларни шакллантириш бўйича семинар тренинглар ташкил этиш каби тадбирлар ўтказилмоқда.

Академия ходимлари нафақат маҳаллий балки хорижий грант лойиҳаларини амалга оширишда (30 га яқин), уларнинг натижаларини мақсадли татбиқ этишда бир қатор ютуқларга эришмоқдалар.  Жаҳон банки (АИФ) томонидан эълон қилинган грант лойиҳалари танловида тақдим этилган лойиҳа асосида  инновацион таълим жараёнини жорий этиш мақсадида “Симуляцион ўқув маркази” ташкил этилди. Мазкур марказ жаҳон андозаларига мос равишда симулятор – роботлар, фантомлар ва замонавий компьютер технологиялари билан жиҳозланиб,  талабаларнинг амалий кўникмаларни юқори даражада эгаллашлари учун шароит яратилди.  

Дунё университетлари рейтингидан муносиб ўринни эгаллашида таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш (400 нафар) ҳамда хорижда ходимлар малакасини узлуксиз ошириш (450 нафар) борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Қўшма дастурлар асосида таълим жараёнини амалга ошириш (Козон тиббиёт университети) ҳам ўзига хос тажриба бўлиб, халқаро алоқаларни (хорижий давлатлар билан имзоланган 50 дан ортиқ меморандум ва шартномаларнинг мавжудлиги) мустаҳкамлаш ҳамда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун замин бўлмоқда. Академия ходимларининг ривожланган давлатларда илмий ишларини олиб боришлари  (Жанубий Корея, АҚШ, Европа, МДҲ давлатлари) рейтинг кўрсаткичларининг ошишига ижобий таъсир қилади. 

 Шу билан бир қаторда Тошкент тиббиёт академиясининг халқаро эътирофга сазовор бўлиши, академия ректорининг Россия Федерацияси тиббиёт ва фармацевтика ОТМ ректорлари Кенгаши Президиум аъзоси бўлиб сайланиши, АҚШнинг касалликларни олдини олиш ва назорат қилиш марказлари ўртасида халқаро меморандум доирасида амалга оширилаётган ишлар, шу билан бирга профилактика, тарғибот ва даволашга доир чора-тадбирлар бўйича ТТА клиникалари ва  бир қатор базаларда (80 дан ортиқ ихтисослашган марказлар, шифохона ва поликлиникалар) кўрсатилаётган тиббий санитария ёрдам кўламининг юқорилиги ижобий натижаларнинг ошишига олиб келди. 

Бунинг исботи сифатида  дунё университетларининг 2016 йил БМТ томонидан қабул қилинган барқарор ривожланиш мақсадлари нуқтаи назаридан ўз мамлакатларининг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига қўшган ҳиссасини баҳолаш учун яратилган, 17 та кўрсаткич яъни таълим сифати, гендер тенглиги,  инновация, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш каби кўрсаткичлар  бўйича олий таълим муассасалари иштирок этишлари белгиланган дунё университетлари рейтинги - Times Higher Education агентлиги томонидан 2020 йил 22 апрелда тақдим этилган University Impact Ranking натижаларига кўра Тошкент тиббиёт академияси нуфузли 301+ ўринни эгаллади. Бу ўз навбатида фаолият юритаётган профессор ўқитувчиларга янада катта масъулият юклайди ҳамда машаққатли меҳнатларини давом эттиришлари лозимлигидан, академия танлаган йўл барқарорлигидан далолат беради. 

Лола АБДУРАХИМОВА, 
ТТА таълим сифатини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси, доцент