« Back

Туйғу 14.04.2020 12:17

Таъзим сизга, жонкуяр шифокорлар!

Яна бир неча киши синоатли дарддан фориғ бўлибди. Ҳар гал шундай хушхабарни эшитганимда руҳим бироз енгил тортгандек бўлади. Бунинг акси бўлса, қўлим ишга бормай қолади...

Синоатли балога гирифтор бўлганларни ҳаётга қайтараётган халоскор шифокорларимиз бугуннинг ҳақиқий қаҳрамонлари. Дардга аниқ даво топилмаса-да, улар бор билими, иқтидори, кучи ва меҳрини ишга солиб хасталикка чалинганларни ажал ёқасидан қутқармоқда!

Камига тузалиб чиқаётган ҳамюртларимизни гулдасталару олқишлар билан кузатиб қўймоқда. Аслида курраи заминимиздаги барча шифокорларни ҳар қанча олқишласак, дунёнинг бор гулу лолаларини қаҳрамон тиббиётчилар пойига келтирсак оз.

Уйига, қадрдонлари, жондан азиз фарзандлари ҳузурига ҳафталаб бормаётган, юзидаги ниқобию эгнидаги ҳаво ўтказмайдиган махсус муҳофаза либосидан кечишга ошиқмаётган қадрдон шифокорлар! Касбингизга садоқатингиз, камтарлигингиз сабаб сизнинг исмингизни билмаймиз, чеҳрангизни танимаймиз. Лекин матонатингиз билан қанча-қанча одамларни ҳаётга қайтараётганингизни эл-юрт билиб, кўриб турибди.

Осонгина юқадиган бу дарддан фориғ бўлиш қанчалар мушкул эканини ҳам халқимиз астойдил англамоқда. Шундай экан, сизларга қанча таъзим қилсак, ташаккурлар айтсак шунча оз, азиз халоскорлар!

Назокат УСМОНОВА