« Back

Туманларда 09.06.2020 13:22

Саховат ва кўмак

Тождорвирус пандемияси ва карантин даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Миробод туманида хайрли ишлар амалга оширилди. Карантин пайтида туманда яшовчи ишсиз, оғир вазиятга тушиб қолган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, якка ёлғиз, махсус рўйхатда турувчиларга жами 5758 нафар фуқарони ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, жами 806 120 000 сўм миқдоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди. 87 нафари ижтимоий аҳволи оғир бўлган фуқароларга 12 миллион сўмлик дори-дармон ҳамда тиббий-гигиена воситалари етказиб берилди. Шунингдек, 5793 нафар оғир шароитда яшаётган хотин қизларга уй шароитида тўлиқ тиббий ёрдамлар кўрсатилди. 9 нафари соғлиғини тиклаши учун шифохонага ётиши учун ордер берилди. 5 нафар оғир шароитда яшаётган ногиронлиги бўлган  хотин-қизларга ногиронлик аравачаси, ҳамда ходунок ажратилди.

Бундан ташқари, молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, оғир шароитда яшаётган, кам таъминланган оилалардан жами 2517 нафар фуқароларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилди. Ҳомийлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, якка ёлғиз қария, карантин вақтида ишсиз жами 324 нафар  фуқароларни коронавирус пандемияси карантин даврида қўллаб-қувватлаш мақсадида, уларнинг ҳар бирига 15 кунда ҳомийлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши йўлга қўйилди.

Шу билан бир қаторда, "Ипотека банк" Тошкент шаҳар Миробод филиали томонидан жами туманда яшовчи 2193 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар номига пластик карточкалари очилди. Ҳомийлар, тадбиркорлар, туманимиз депутатлари томонидан  ҳар бир фуқаронинг пластик карточкасига ҳар ойда 1 млн. ҳамда 500 минг сўм пул маблағлари ўтказилди.

Шунингдек, Ўзмиллийбанк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Бош амалиёт филиали томонидан  тадбиркор А.Усманов фонди томонидан ажратилган пул маблағларидан туманимиздаги энг оғир шароитда яшаётган, ногиронлиги бўлган 364 нафар фуқароларнинг ҳар бирига 2,500 млн. сўм миқдорида  пул ўтказмалари туширилиб, пластик карточкалари ўз эгаларига етказиб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида”ги 285-қарор Низомига асосан, 7 нафар оғир вазиятга тушиб қолган, ногирон ва уй-жойга муҳтож хотин-қизларга  жами  270 млн. 553 минг сўм миқдорида биринчи бадал тўлов тўлаб берилиб, уй жойлар ажратилди.

Биз бу билан фақатгина боқимандалик кайфиятига берилганларга ёрдам беришдан иборат фаолият билан шуғулланяпмиз, деган тушунчадан йироқ бўлишни тавсия этган бўлардик. Негаки, бу ерда инсон турли вазиятларга тушиб қолишини ҳам инобатга олмоқ зарурдир. Яқинда бир тадбиркорга ўнта тикув машинаси олиб берилди. У киши уйда ишсиз ўтирган аёлларни иш билан таъминлаш билан бирга, шу борада янгича ёндошувга асос солдик. Яъни аёл киши тикишни билса-ю лекин унинг тикув машинаси бўлмаса, биз ташкил этган марказга келиб, бемалол бепул тикиш машиналаридан фойдаланишига рухсат ва шароит яратиб берилди. Бундан ташқари, шу ернинг ўзида тикишни билмайдиганларга ўқиш яъни малакасини ошириш ишлари бепул амалга оширилди. Худди шу йўналиш бўйича тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун мастер класслар ҳам ўтказилиб келиняпти. Натижада, 50 дан зиёд хотин-қизлар ўз ишларини мустақил равишда йўлга қўйдилар.

Худди шу каби ишларни туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази синовли дамларда онлайн машғулот ўтказишни ташкил этиб, касб қайта тайёрлаш курсларида ўқитиб,  салкам 300га яқин ёшларни иш билан таъминлади.

Тумандаги мавжуд 39 та маҳалла фуқаролар йиғинида кунаро  кенг турдаги арзонлаштирилган озиқ-овқат, санитария ва гигиена буюмлари, хўжалик моллари ва кийим-кечаклар савдоси ташкил этилди.

Тумандаги йўллар, МФЙ ичидаги кўчалар, аҳоли гавжум бўлиши назарда тутилган жойлар, бозор ва чиқиндихоналар мутасадди идоралар иштирокида ҳар куни дезинфекция ишилари амалга оширилиб келинмоқда.

Аҳоли ва пойтахт меҳмонларига шароит яратиш мақсадида 5 та МФЙ ҳудудида жами 24.000 кв.м.лик асфальтлаш ишлари бошлаб юборилган.

Энг муҳими, туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқларда саҳифаси ташкил этилди. Синовли дамларда аҳолининг турли истак ва талаблари махсус очилган телеграмм – бот канали орқали мунтазам кузатиб борилди. Унга корхона раҳбарлари ва туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳам аъзо  бўлишган. Бунда аҳоли ўзини қийнаётган масала,таклиф ва талабларини ёзади ва шу вақтнинг ўзида мутасаддилар томонидан зарур чоралар кўриб борилмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолининг ёзма ва виртуал мурожаатларининг кескин камайишига сабаб бўлди.

Феруза МАДАМИНОВА,
Миробод туман ҳокими ўринбосари,
туман “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими” бошлиғи