« Back

Туманларда 17.04.2020 13:36

Уйда қолинг, бозор маҳаллангизга боради...

Шу кунларда аҳолига қулайлик яратиш – узоғини яқин, оғирини енгил қилиш мақсадида маҳаллаларда кўчма бозорлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу ташаббус пойтахтимиздан қанот ёзган эди. Бугун ҳам Тошкент маҳаллаларида кўчма бозорлар фаолияти тизимли равишда давом этмоқда.

Яккасарой тумани ҳокимлиги маълумотларига кўра, карантин шароитида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва қулай шароитда таъминлаш мақсадида барча маҳаллаларда шундай бозорлар режа-жадвал асосида ташкил этилмоқда.

– Ҳар куни туманимиз маҳаллаларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, бошқа кундалик эҳтиёж моллари, антисептик тиббиёт воситалари билан савдо қилувчи кўчма бозорлар фаолияти йўлга қўйилган, – дейди Яккасарой тумани ҳокимлиги аппарат раҳбари Саиданвар Аъзамхўжаев.

– Карантин пайтида маҳаллаларимизда кўчма бозорлар ташкил этилаётгани яхши бўляпти, – дейди Абдулла Қаҳҳор маҳалласида яшовчи Мирсоат Ҳошимжонов. – Узоғимизни яқин қилиб, арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

– Маҳалламизга ҳафтасига 3 кун кўчма бозор келади, – дейди 75 ёшли онахон Нажибе Шихбалова. – Бу, айниқса, биз каби кексалар учун жуда қулай бўлди. Кўчамизга, уйимиз ёнига келган бозорчага чиқиб, ўзимиз хоҳлаган маҳсулотимизни танлаб, арзон нархда сотиб олаяпмиз. Бу эътибордан жуда хурсанд бўлдик. Бу эзгу ишлар давомли бўлишини хоҳлаймиз. Биздан фақат уйда қолишни ва саломатлигимизни асрашимизни сўрашмоқда. Шунга амал қиламиз, албатта.