« Back

Учрашув 07.05.2020 13:21

Бош прокурор сардобаликлар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев бугун Жиззах вилоятига эвакуация қилинган фуқаролар ҳузурида бўлди.

2020 йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида содир бўлган тошқин натижасида уйсиз қолган минглаб фуқаролар айни вақтда Жиззах вилоятининг бир қатор туманларига келтириб жойлаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори уларга яратилган шароитлар билан танишиш, уларнинг соғлиги, яшаш тарзини кўздан кечириш мақсадида даставвал Дўстлик туманининг Манас қишлоғидаги 5-умумтаълим мактабига жойлашган оилалар билан учрашди.

– Сизларнинг ҳузурингизга Президентимизнинг топшириқларига мувофиқ етиб келдим, – деди Н.Йўлдошев. – Ҳозир республикамиз ҳукумати томонидан офат асоратларини тугатиш, сизларнинг уйларингизни тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Яна бир неча кун Жиззахда меҳмон бўлиб турасизлар. Яна давлатимизнинг, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ҳаётингиз изга тушиб, ҳаммаси яхши бўлиб кетади.

Шундан сўнг Бош прокурор эвакуация қилинганлар учун яратилган ётоқ жойларидаги шароит, озиқ-овқат таъминоти билан танишди. Туман ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказида бўлиб мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Т. БЕКНАЗАРОВ,
ЎзА