« Back

Уйда қолинг! 12.04.2020 12:23

Халқ манфаати бирламчи масала

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ статистик маълумотлар дунё тиббиёт тизимининг бугунгидек кутилмаган ҳолатларга тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйди. Бунга ишонч ҳосил қилишимиз учун кўҳна қитъанинг энг ривожланган мамлакатлари, хусусан, Италия ва Испаниядаги вазиятни бироз таҳлил этишнинг ўзи кифоя.

Барчамизни бирдек ташвишга солаётган ана шундай реалликларга қарамай, Ўзбекистонда давлат раҳбарининг сиёсий иродаси ва ҳукуматимизнинг тизимли ишларни тўғри йўлга қўя олгани натижасида мамлакатимиз вирус инфекцияси қатъий жиловланган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3 апрелдаги тарихий фармони ва халқимизга мурожаатидан кейинги бу борадаги талаблар қатъийлашганини кўрсатди. Тиббиёт тизими вакили ва депутат сифатида шуни ҳам айтишим керакки, юртимизда бугунги оғир кунларда ижтимоий муҳофазага муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани аҳолининг вазиятни тинч ўтказиши кафолати ҳам бўлади.

Аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган "Call Centre"га (қисқа рақам – 1197) волонтёр ёшлар, жамоатчилик вакиллари жалб этиляпти. Марказнинг дастлабки иш кунида Тошкентдаги 514 та маҳалла томонидан тақдим этилган рўйхат асосида 2000 га яқин эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Айниқса, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилаётгани ҳукуматнинг халқ манфаати борасидаги ишлари мавсумий эмаслигини кўрсатди.

Маълумки, 2 апрелдан бошлаб кекса ёшдаги шахсларга кўчага чиқиш тақиқланди. Чунки коронавирус касаллиги билан кексалар хасталанганларида организмдаги ёшга доир физиологик ўзгаришлар, сурункали касалликлар туфайли унинг оғир кечиш хавфи юқори бўлади.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа ҳудудий бюроси директори Ханс Анри Клюгенинг ёзишича, маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан қарияларга кўрсатилаётган ёрдам тадбирлари бундай оғир вазиятда асосий омилга айланади.

Ҳа, чиндан ҳам жаҳон миқёсида ниҳоятда мураккаб дея баҳоланаётган пандемик ҳолат минг шукурки, юртимизда кутилганидан анча енгил ўтмоқда.

Маълумотларга қараганда, дунёда ушбу инфекцияни юқтирганлар 1,5 миллионни, вафот этганлар эса 70 мингни ташкил этяпти.

Ниятимиз илоҳим ушбу бало юртимиздан тезроқ даф бўлсин. Кундан-кунга тинчликнинг қадрини кўпроқ ҳис этяпмиз. Вирусолог ҳамкасбларимизнинг фикрича, ижтимоий масофани сақлаб, гигиенага қанчалар қатъий амал қилсак, шунчалар тез, тинч ва хотиржам кунларга қайтамиз.

Биз тиббиёт ходимлари сиз учун ишдамиз, Сизлар биз ва оила аъзоларингиз учун уйда қолинг!

Шаҳноз ПЎЛАТОВА, 
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар  Миробод тумани Кенгаши депутати, 
Республика 1-сонли клиник шифохонаси бўлим мудири