« Back

Уйда қолинг! 24.04.2020 11:55

Бугун дунё “УЙДА ҚОЛИНГ!” шиори остида яшаяпти!

Ҳар бир даврнинг ўз қийинчиликлари, синовли кунлари бўлади, албатта! Буни эса биргаликда ҳамжиҳатлик билан енгиш мумкин. Бугун ҳам мана шундай оғир кунларни бошдан кечиряпмиз.

Коронавирус пандемияси сабаб бутун дунё аҳолиси ягона – “УЙДА ҚОЛИНГ!” шиори остида яшаяпти. Ушбу шиор остида қанчадан-қанча мамлакатлар, эллар бирлашмоқда. Пандемия сабаб халқлар бир-бирига ёрдам қўлини узатмоқда. Ягона мақсад – тожсимон вирусдан қутилиш йўлида бирлашиш. Мана бир ойдирки, юртимизда карантин эълон қилинган. Бундай қийин вазиятдан йўқотишларсиз чиқиб кетиш мақсадида давлатимиз раҳбари бошчилигида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир йиғилишда коронавирус пандемиясига алоҳида тўхталиб ўтади.

"Биз пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятларимизни ва барча ресурсларимизни сафарбар этишимиз лозим. Мавжуд вазиятни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, бўлажак хавф-хатарларни, улар билан боғлиқ муаммоларни олдиндан прогноз қилишимиз ва уларнинг ечимига аниқ режа ва пухта чораларимиз билан тайёр туришимиз зарур. Бу касалликни енгиш учун барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришимиз керак", дейди давлат раҳбари.

Юртбошимиз ўз маърузаларида яна карантин даврида аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетмаслигига эришиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга мурувват ва саховат кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ташаббусларни кўпайтириш ҳақида ҳам кўп бора таъкидлайдилар. Шунинг билан бирга, республикамиз ҳудудларида қишлоқ хўжалигида, саноат ва қурилиш, иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида, тадбиркорлик субъектларида ишларни самарали давом эттириш ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирган. Шундай экан, сиз ҳам уйда қолиб юқорида амалга оширилиши кўзда тутилаётган масалаларга ўз ҳиссангизни қўшинг! Зеро, давлатимиз раҳбари эътироф қилганидек, кун кутиб турмайди, ҳаёт давом этмоқда. Бугунги йўқотилган вақт ва имкониятларни эртага тиклаб бўлмайди.

Шундай синовли кунларда яна бир муҳим нарсани унутмаслигимиз лозим. Бу ҳам бўлса, кунни тунга улаб хизмат қилаётган соғлигимиз ва осойишталигимиз қўриқчилари бўлган шифокорлар, Миллий гвардия ва ИИВ ходимлари ҳамда карантин бўлишига қарамай фаолиятини давом эттираётган айрим соҳа вакилларига ҳар куни ўз миннатдорчилигимизни билдириб туришимиз керак! Ўзингиз ва оила аъзоларингизни асранг! Уйда қолинг!

Дилшод Шерматов, 
Тошкент шаҳар статистика бошқармаси бошлиғи