« Back

Уйда қолинг! 04.05.2020 13:30

“Уйда қолинг ва китоб ўқинг” ёхуд пандемия шароитида Ўзбекистон кутубхоналари қандай фаолият кўрсатмоқда?

Глобал аҳамият касб этаётган коронавирус пандемияси дунёнинг 200 дан зиёд мамлакатларини қамраб олди. Республикамизда эса бу кўрсаткич 2000 дан ошиб кетганлиги ҳеч кимга сир эмас, албатта. Ушбу касалликка қарши курашиш, инсонлар саломатлигини ҳар нарсадан устун қўйиш давлатимиз ва республика тиббиёт ходимларининг асосий мақсади бўлиб қолмоқда. Тиббиёт ходимлари касаллик билан курашаётган бир паллада, жамиятимизнинг бошқа ижтимоий соҳаларида уйда ўтирган аҳоли учун масофадан хизмат кўрсатиш, бўш вақтини мазмунли ва самарали ўтказиш мақсадида кўплаб онлайн тадбирлар амалга оширилмоқда. Барчамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, мамлакатимизда вужудга келган мураккаб вазиятда, давлатимиз раҳбари томонидан тўғри фармонлар қабул қилиниб, барча йўналишда ишлар тўғри ташкил қилинмоқда, минглаб масъул ходимлар кечаю-кундуз фидокорона меҳнат қилмоқда. Албатта, бундай кунларда жамиятимизнинг барча аъзолари каби кутубхона ходимлари ҳам улкан масъулият, қатъий интизом ва сабр-тоқат ила ўз китобхонлари учун масофадан хизмат кўрсатишни давом эттирмоқда.

Ҳар қандай вазиятнинг яхши ва ёмон томонлари бўлгани каби ҳозирги мураккаб вазиятда ҳам ўзига яраша ҳикмат бор. Бугунги синовли давр аслида ҳар биримизга танаффус қилиш, оила даврасида кўпроқ вақт ўтказиш, яқинларимиз билан мулоқот қилиш, шунингдек, ўз устимизда ишлаш ва шахс сифатида ривожланиш имконини бермоқда. Бунинг учун эса билимларни доимий равишда бойитиб бориш зарур. Бунда бизга албатта китоблар доимий ҳамроҳ бўлмоқда. Ушбу сокинлик даврида китобхонларимизни керакли адабиётлар билан таъминлаш ва мутолаага жалб қилиш, бўш вақтларини мазмунли ва самарали  ўтказиш мақсадида А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, республикамиздаги барча шаҳар ва вилоят ахборот-кутубхона марказларида, шунингдек, янги очилган туман ахборот-кутубхона марказларида қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

Юртимизда карантин эълон қилинганлигига қарамасдан кўпгина кутубхона ходимлари масофадан хизмат кўрсатишни давом эттирмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳоли бўш вақтини мазмунли ўтказиш, китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда китоб тарғиботини шакллантиришда  ўз самарасини беряпти.

Марказий Осиё минтақасидаги йирик ва қадимги китоб сақлаш масканларидан бири бўлиб ҳисобланган А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳам карантин қоидаларига ва ижтимоий масофага риоя қилган ҳолда ўз китобхонларига масофадан хизмат кўрсатишни давом эттирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида @kitobo’qiuz телеграм саҳифаси яратилди. Ушбу саҳифада кутубхона фондида мавжуд бўлган ва ҳар бир инсон умри давомида ўқиши лозим бўлган адабиётларнинг электрон нусхалари, аудиокитоблар тақдим этиб бориляпти. Бугун ушбу сахифанинг кузатувчилари, яъни фойдаланувчиларининг сони 45 мингдан ошди. Карантин даврида азиз китобхонларга бир мунча қулайлик яратиш мақсадида кутубхонанинг расмий телеграм канали ва бошқа ижтимоий тармоқларга #Milliykutubxona150yoshda, #vahimasizkarantin, #uyda_qoling хеш теглари остида ҳамда китобхонликни тарғиб қилиш бўйича доимий равишда маълумотлар жойлаштириб келинмоқда. Шунингдек, Миллий кутубхона билан бир қаторда ўз китобхонларига масофадан хизмат кўрсатиб, турли онлайн тадбирлар, танлов ва акциялар, хештеглар ва интерактив лойиҳаларни амалга ошираётган айрим кутубхонларни алоҳида таъкидлашимиз жоиз, деб ўйлайман.

Фарғона вилоятидаги Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Фарғона вилоят ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда карантин даврида оилаларда китобхонлик муҳитини уйғотиш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида 10 апрель кунидан 10 майга қадар “Китобхонлик ойлиги” ўтказилмоқда. Ойлик доирасида ёшларимизни мумтоз адабиёт вакиллари ижоди билан яқиндан таништириш учун “Она тили – миллат ғурури”  иншолар танлови, шунингдек, “Китобхон ёшлар” ва уларнинг ота-оналари учун “Китобхон ота” ва “Китобхон она” ҳамда “Мумтоз ғазаллар билимдони” кўрик-танловлари ташкил этилди. Ушбу “Китобхонлик ойлиги”га ёшлар, шунингдек, уларнинг ота-оналарни, яъни 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган барча китобхонлар жалб этилмоқда. “Китобхон ёшлар” ва уларнинг ота-оналари учун “Китобхон ота” ва “Китобхон она” танловларида 13 апрель санасидан 23 апрелга қадар жами 22699 нафар китобхон бевосита савол-жавобда иштирок этди. Фарғона вилоят ахборот-кутубхона марказининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали ўтказилган “Мумтоз ғазаллар билимдони” танлови натижаларига кўра эса биринчи ўринни Шукрона “Сочининг савдоси тушди” ғазали (ёқтиришлар - 573), иккинчи ўринни Фотима “Кўча боғи” ғазали (ёқтиришлар - 493), учинчи ўринни кўра ҳакамлар эътирофига Муслимахон “Шаҳид ўлсам”, тўртинчи ўринни Нилуфар “Шайдо қилибсан” ғазаллари эгалади. Шунингдек, китобхонларга масофадан китоб етказиб бериш мақсадида вилоят ахборот кутубхона маркази томонидан “Сиз китоб тангланг, биз етказамиз” номли, туман (шаҳар) АКМларининг “Онлайн китоб етказамиз”, “Энг сара электрон китоблар” “Онлайн менинг севимли китобим”, “Китоб бебаҳо бойлик” лойиҳалари амалга оширилмоқда. 2020 йил 31 мартдан 23 апрелгача 16840 та китоблар онлайн берилди. Пандемик вазият даврида аҳоли, айниқса, ўқувчи-талабалар бўш вақтини янада мазмунли ўтказиш, ёшларимизни мумтоз адабиёт вакиллари ижоди билан яқиндан таништириш мақсадида Қашқадарё вилоят АКМ томонидан https://t.me/qashqadaryo_akm телеграм каналига адабиётларнинг 670 та pdf варианти, 260 та аудио, 250 та QR-кодлар, https://t.me/akmuydaqoling телеграм группасида 498 та фойдаланувчига 3954 та pdf варианти, 1477 та аудио китоблар тақдим этилди. Масофадан китоб етказиш борасида Сирдарё вилояти АКМ ҳам пешқадамлик қилмоқда. “Тelegram” ижтимоий тармоғининг 102 нафар фойдаланувчилари томонидан @AKM_Buyurtma_bot хизматига 132 та китобларнинг электрон кўринишига буюртмалар келиб тушди ҳамда ушбу буюртмаларнинг 127 таси бажарилди. Кутубхонанинг “facebook” ижтимоий тармоғига https://www.facebook.com/sirdaryo.akm манзили орқали #bir_o'qib_ko'ring хештеги остида 20 та қисқа ҳикоялар,  #antiqa_kitoblar хештеги остида 4 та маълумот, #amir_temur хештеги остида 10 та ҳикоя ва видеоролик, “УЙДА ҚОЛИНГ ВА КИТОБ ЎҚИНГ” челленжи остида 8 та расм, тарихнинг буюк шахсларини китоб ҳақида 22 цитаталари, китоб мутолаасига жалб қиладиган 8 та видеоролик ҳамда 37 та китоблар ҳақида янгиликлар жойлаштирилди. “Instagram” ижтимоий тармоғининг  https://www.instagram.com/sirdaryo_akm/ манзили орқали китобларнинг 6 та виртуал кўргазмаси ҳамда 32 та аудиокитобларнинг рекламаси  жойлаштирилди.

Республикамизда коронавирус пандемияси натижасида  эълон қилинган карантин даврида  барча кутубхоналар қатори Тошкент шаҳар “Билим” АКМ ҳам масофадан туриб хизмат кўрсатмоқда. Бу кутубхона томонидан карантин эълон қилинган кундан бошлаб ижтимоий тармоқларда турли хил лойиҳалар, челленжлар ва акциялар ўтказилди. Жумладан, "Билим жонли энциклопедияси" номли акция эълон  қилинди ва телеграм мессенжерида “Bilim” акция номли (https://t.me/bilimaksiya) саҳифа яратилди. Шу кунга қадар китобхонлар томонидан акция шартларига кўра 100 дан ортиқ видеолар юборилган. Тошкент шаҳри “Bilim” ахборот-кутубхона маркази томонидан #tavsiyakitobim хештеги остида челленж ташкиллаштирилиб, 50 нафардан ортиқ китобхон ўзи мутолаа қилиб бўлган китоби ҳақида видео олиб челленжда фаол қатнашди. Китоб мутолаасини ёшлар орасида тарғиб қилиш ва оилавий китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида, “Биз китоб мутолааси билан бандмиз” шиори остида фотосуратлар ижтимоий тармоқларда ёритилиб бормоқда. Китоб мутолаасидан зериккан, китоб ўқишга имконияти бўлмаган фойдаланувчилар ва жажжи китобхонлар учун янги «Аудиобилим» лойиҳаси йўлга қўйилди. Лойиҳа Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги «Ёшлар медиа маркази» билан ҳамкорликда амалга оширилди. Бунда фойдаланувчилар учун қисқа ҳикоялар, ҳикматлар, жаҳон ва халқ эртакларининг аудио нусхалари телеграмдаги https://t.me/audiobilim каналига жойланиб, китобхонлар томонидан алоҳида эътирофга лойиқ бўлмоқда. 

Шуни айтиш керакки, карантин бир томондан китобхонларга кутубхонала рга келиб китоб мутолаа қилишларини чеклаган бўлса, иккинчи томондан аҳолининг китоб ўқишга бўлган имкониятини, эҳтиёжини ва талаблари  кучайишига олиб келди. Китобхонлар ва кутубхонага аъзо бўлмаганлар ҳам  китоб сўраб мурожаат қила бошладилар. Кундан кунга сўровлар, мурожаатлар кўпайиб, Андижон вилоят АКМ мутахассислари учун ҳам барча имкониятлардан фойдаланиб,  масофадан туриб ахборот кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш кераклигини кўрсатди. Кутубхона ходимлари биринчи бўлиб ишни вилоятда аҳоли ўртасида коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратиб, турли мавзуларда челенжлар ва акциялар эълон қилди,  жумладан УЙДА ҚОЛИНГ рукни остида:

“Биз уйдамиз - спорт билан шуғулланмоқдамиз. Мы дома - занимаемся спортом”, “Биз уйдамиз - оилавий китоб ўқиш билан бандмиз”,“Менинг томорқам”, “Биз уйдамиз - вақтимизни мазмунли ўтказмоқдамиз” мавзуларидаги челленжлар ташкил қилиниб, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига тақдим этиб борилмоқда. Шунингдек, “Онлайн танловлар”  лойиҳаси доирасида “Китоб менинг дўстим” ва  “Мен ўқидим - сиз ўқидингизми” номли онлайн танловлар  ўтказилмоқда. Танловга тақдим этилган маҳсулотлар ижтимоий тармоқларда ва вилоят телевидениесида  бериб борилмоқда. Вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда тайёрланган ва ҳафтанинг ҳар жума кунида ўқиб эшиттирилаётган “Бувижоним эртаклари” лойиҳаси эса жажжи болажонларимизнинг севимли радиоэшиттиришига айланган бўлса ажаб эмас. Шунингдек,   пандемия даврида “Китоб мутолааси кўнгил хоҳиши”  “Лолақизғалдоқни хотирлаб” мавзуларида ҳам радиоэшиттиришлар тайёрланиб кенг китобхонлар оммасига тақдим қилинди. Кичкинтой китобхонларимизни ва уларнинг ота-оналарини  ўйлаб, “Эртакчи болажон”, “#Уйда қолиб дарс қиламиз”, “Энг яхши китобхон”, “Масофадан туриб китоб ўқиймиз” каби челленжлар асосида Сурхондарё вилоят АКМ томонидан ҳам танловлар ташкил қилинди. Уларда фаол китобхонлардан Кумушбиби Раҳматилаева,  Асилабону Баҳодиржонова, Азизбек  ва Азимжон Норбоевлар, Жасмина Ҳикматиллаева,

Мунаввара Жаҳонгировалар, “Оилавий уйда қолиб китоб ўқиймиз” челленжларида Ш.Холмаматова, Г.Сафарова, Ф.Рахмоновалар оилалари ғолиб бўлишди. 

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, жамият ривожи йўлида ва маънавият, маърифат тарғиботчиси сифатида  биз кутубхона ходимлари пандемияга қарши курашда ўз ҳиссамизни қўшиб, давлатимиз ва халқимизга вақтинчалик қийинчиликларни енгишга ёрдам берайлик! Келинглар, барчамиз давлатимиз раҳбари атрофида янада жипслашайлик, қийинчиликларни енгишда сабр-матонатли бўлайлик, билимимизни ошириш учун китоб ўқийлик ҳамда шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилайлик!

С.КАМИЛОВА, 
А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси илмий-методик хизмат раҳбари