« Back

Уйда қолинг! 14.05.2020 13:08

"Оила даврасида бўлиш эркаклар учун ўта камёб ҳодиса эди..."

Карантин пайтида вақт борми ёки давр тақозо этдими, ишқилиб, деярли ҳар куни ҳаётимиз моҳияти хусусида кўпроқ ўйлайдиган бўлдим.

Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, деган гап бор. Бугунги камтарона, ҳокисорона, эҳтиёткорона, озодагина ҳаётимизни кўриб, олдинги ҳаётимизга таққосласак, анча ҳаддимиздан ошиб кетганимиз аён бўлади. Ташқи дунё ўз йўлига, ўз юртимизнинг кечаги ва бугунги кунини таҳлил қиламиз.

Эрталаб шоша-пиша нонушта қилиб, катталарнинг ишга, болаларнинг мактабга шошилиши ҳам катта бахт экан. Кўчадаги автобуслар тиқилинчлиги, машиналар тирбандлиги ҳам яхши экан. Тушликда ва кечқурун ресторан, кафе ва турли ошхоналарда жой етишмасди, ваҳоланки, уйда ҳам ширин овқатлар пишириларкан.

Тўйларимизни эслаб кўрайлик. Йиллар давомида курашсак-да ҳашаматли тўй-ҳашамларни енголмаётган, “орзу-ҳавас“ларимизни чеклолмаётган эдик. Барчасини кўзга кўринмас вирус тартибга солди-қўйди. Наҳорги ошга 1000-1500 одам айтилиши ва шунча одам келиши оддий ҳол эди. Кечки базмларга ҳашаматли ресторанда 500-800 та жой ҳозирлаган тўй соҳиблари “жой етармикин”, дея хавотирланиб туришарди.

Тўйхоналар дастурхонга уч-тўрт қават ноз-неъмат жойлаштириб, “бир одам нархини” 150-200 минг сўм ва ундан зиёдга чиқаришганди. Албатта, ноз-неъматнинг учдан бирини ҳам тановул қилишнинг имкони йўқ. Демак, кесилган, тўғралган бу маҳсулотлар исроф эди. Одамлар вақтининг катта қисми тўйларда қатнашишда ўтаётган экан. Бир кунда уч-тўртталаб, баъзида кўпроқ тўйга таклифнома келарди. Одамгарчилик, бормаса бўлмайди. Ҳар тонгда уйдан чиқиб, иш вақтигача икки-уч наҳор ошга кириб чиқишга улгурардик. Яна айрим пайтлар бир кунда айтилган тўйлар бошқа-бошқа туманларда, ҳатто вилоятларда бўлиб қоларди. Айниқса, ёз-куз ойларида тўйдан ортган вақтимиз ишлардик. Буёқда, туғилган кунлар, юбилейлар, гап-гаштаклар, қирқ кун давом этадиган таъзия-маъракалар...

Оила даврасида нонушта қилиш, кечки овқатда оила билан бирга бўлиш эркаклар учун ўта камёб ҳодиса эди. Ўша тўйларда 40-50 киши билан қўл олиб кўришиларди, айримлари билан қучоқлашиб омонлашардик. Айниқса, аёллар бир-бири билан ўпишиб тўймасди. Узоқдан туриб қўлни кўксига қўйиб кўришиш ҳам мумкин экан.

Бир йили Қорақалпоғистондан меҳмонга келган дўстим билан қишлоққа тўйга бордик. Тўйхонага кираверишда қатор турган мезбонлар билан бирма-бир қўл олиб кўришиб тўйга кирдик. Бир столга дўстлар йиғилиб қолган эканмиз, айримлар қўшқўллаб, айримлар билан қучоқлашиб кўришдик. Ош тортилди. Ошга иштаҳа билан қўл билан узатдик. Ошни, айниқса тўй ошини қўлда ейишга нима етсин. Эътибор қилсам, меҳмон ошга ҳам, дастурхонга ҳам қўл урмади. Бир-икки марта мулозамат қилдим...

Ташқарига чиққанимиздан кейин сўрадим:

– Нега ҳеч нарса емадингиз?

– Шунча одам билан кўришгандан кейин қандай қилиб бирор нарса ейман? Қайси бирининг қўли тозалигига кафолат берасиз? Шунча одамнинг қўлидан олган иллатларни ичимга солайми? Бунинг устига ичкарида қўл ювмадик, ҳатто ош ейишга қошиқ ҳам қўйилмаган...

– Ҳа энди, қишлоқнинг тўйи-да... – дедим нима дейишни билмай.

Ҳозир айни баҳор. Шу кунларда ҳамма тоғларга, дала-даштларга отланарди. Оилалар, дўстлар гуруҳлари, синфдошлар, курсдошлар, ишхона жамоаси, гаштакчилар... Гуруҳ-гуруҳ бўлиб бориладиган бу сайру саёҳатларнинг асл мазмун-моҳияти ўзгариб кетди. Илгари лола сайлига чиққанлар баланд тоғларга чиқишарди, табиатдан баҳра олишарди. Қишда димиққан тана уйғониш фаслидан роҳатланарди. Ҳозиргиси эса фақат маишатбозликдан бошқа нарса эмас. Кўпроқ ейиш, кўпроқ ичкиликбозлик қилиш... хуллас, бииир маза қилиш. Натижада, она табиатимизнинг сўлим гўшалари бўш шишалар, елим идиш ва пакетлар, бошқа чиқиндиларга тўлиб кетарди. Ўтлар пайҳон бўларди, арчалар шохи синарди, сувлар ифлосланарди. Бу йил табиат ҳам, шаҳар ҳам, инсоният ҳам дам олаяпти.

Карантиндан яхши томонга анча ўзгариб чиқамиз. Эҳтиёткор, эътиборли, озодароқ бўламиз. Ҳаётни, яқинларимизни кўпроқ қадрлайдиган бўламиз. Ота-онамизнинг зиёратига боришга гўёки вақт тополмасдик, энди ҳар қанча соғинсакда боролмай мўлтираб ўтирибмиз. Ака-ука, опа-сингиллар билан телефонда гаплашаяпмиз. Лекин бу дийдор эмас, кўнгил тўлмайди.

Карантиннинг фойдаларини яна узоқ гапириш мумкин. Чунки у турмушимизнинг барча қатламига кириб борди. Фақат хато-камчиликларимизни батафсил таҳлил қилиб, тегишли хулосалар чиқариб, яхши томонга ўзгариб чиқишимиз керак.

Садриддин НАБИЕВ, 
журналист