« Back

Устоз отангдек улуғ 01.10.2020 12:58

Мудом эъзоздасиз меҳри дарё устозлар!

Дунёда касблар кўп. Аммо улар ичра энг улуғи ўқитувчиликдир. Зеро, ҳар бир касб эгаси муаллим қўлида ўз йўлини топади. Инсон йўқки, устоз-муаллим сабоғисиз камолга етган бўлса! Халқимиз ўқитувчи-педагогларни бежиз қадрлаб, кўкларга кўтармайди. 

Шу ўринда маърифатпарвар алломамиз  Абдулла Авлонийни  «Ҳар  бир  муаллимнинг  саодати,  давлатимизнинг  тинчи  ва роҳати  ёшларнинг  яхши  тарбиясига  боғлиқдир»,  –  деган сўзлари беихтиёр кўз ўнгимизда гавдаланади. Шоир тили билан айтганда,

Дейдилар, дунёда асли ким Азиз,
Айтдилар устоздир, устоз бегумон,
Тағин айтдиларки, Азиз шубҳасиз,
 Устозлар қадрига етолган инсон.

Дарҳақиқат, биз ёш авлодни маънан етук, тафаккур олами кенг ва билимли инсонлар этиб тарбиялаётган ўқитувчи-мураббийлар тимсолида эртанги кунимизнинг порлоқ келажагини, жонажон Ватанимиз тараққиёти учун сидқидилдан хизмат қилувчи ўғил-қизларимиз бахтини кўрамиз.

Юраги ғайрат-шижоатга тўла, ёшлар тарбияси йўлидаги масъулиятли вазифани ўз зиммаларига олган азиз, меҳридарё устоз-мураббийларимиз доимо эъзозда.

Албатта, бизни шундай бахтли кунларга етишишимизда ёшлигимиздан таълим-тарбия берган устозларимизни хизматлари беқиёс!

Дунёда устознинг меҳнатидан оғир меҳнат йўқ. Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ.

Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. 

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек: «Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз».

Ота-боболаримиз Ватан, ота-она ва устоз тушунчаларини уйғунлаштириб, уларни доимо ардоқлашга даъват этган. Бугун ҳам шу азалий силсиланинг узвий давоми сифатида элу халқимиз ўзининг устоз-муаллимларга чексиз ҳурмат-эҳтироми ифодаси сифатида

1 октябрь санасини Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонламоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, халқимизда «Устоз отангдек улуғ» деган ҳикматли нақл бежизга айтиламаган. Зеро, бугунги куннинг ёшлари азиз устозларимизни ардоқлаб, уларнинг ўгитларидан, ҳаётий тажрибаларидан ва ҳар бир ҳикматли сўзларидан ўрнак олсак, келгусида жонажон Ватанимизга муносиб ёш кадрларни етиштириб чиқаришимизда энг муҳим мезон бўлиб хизмат қилади.

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ўқитувчиси, капитан