« Back

Ўзбек тили байрами 04.10.2020 18:06

Тил - миллат кўзгуси

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Тошкент давлат транспорт университетида Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш ва соҳада бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳолатини муҳокама этиш, шунингдек, “Ўзбек тили байрами” кунига тайёргарлик кўришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Ҳудудлардаги корхоналар мутасаддилари эса онлайн қатнашиш имконига эга бўлишди. 

photo_2020-10-04_18-08-59 Тадбирни транспорт вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилором Жалолова олиб борди. Йиғилишда транспорт тизими ташкилотларининг мутасадди ходимларига ташкилотларнинг иш қоғозларидан тортиб автотранспорт объектларидаги пешлавҳалар, эълонлар ва транспорт воситаларидаги ёзувлар давлат тилида хатосиз бўлиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш берилди. Шунингдек, соҳада давлат тилининг аҳамияти нақадар муҳим эканини таъкидлаб, замонавий транспорт атамаларининг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланилишини таъминлаш зарурлиги айтиб ўтилди.

Жамоат транспорти хизматидан минглаб киши фойдаланишини эътиборга олиб, метрополитен станциялари ва вагонларида, республикамиз аэропортлари йўловчи терминалларида, автовокзалларда Ўзбек тили байрами арафасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан биргаликда Давлат тили тарғиботига бағишланган ижтимоий роликлар намойиши ташкил этилгани йиғилиш иштирокчилари эътиборига етказилди ва келгусида бу каби ишларни давом эттириш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди ва фикр алмашилди. 

photo_2020-10-04_18-09-03 Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан янгидан нашр этилган “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси ва “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” тақдимоти ўтказилди. Сўзга чиққанлар ушбу қўлланма ва луғат байрам арафасида улар учун энг яхши туҳфа бўлганини эътироф этиб, давлат тилида иш юритиш бўйича билим, кўникма ва малакаларини янада такомиллаштириши ҳақида сўз юритдилар.

Тадбир якунида иштирокчиларга “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси тарқатилди. Тошкент давлат транспорт университети кутубхонасига “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китоби совға қилинди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Ахборот хизмати