« Back

“Ўзтрансгаз” 06.06.2020 00:41

МАГИСТРАЛ ГАЗ ҚУВУРЛАРИНИНГ МУҲОФАЗА ЗОНАСИДА ХАВФСИЗЛИК ЧОРАЛАРИ ТЎҒРИСИДА

“Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси Тошкент Магистрал газ қувурлари бошқармаси огоҳлантиради.

Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида шаҳарлар, аҳоли ва саноат корхоналарини табиий газ билан таъминловчи юқори босимли магистрал газ қувурлари ўтганлигини эслатиб ўтади.

Магистрал газ қувурларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш ва қувурларнинг шикастланишига (қувурларнинг қандай ўтказилишидан қатъий назар) йўл қўймаслик учун “Магистрал қувурларни ҳимоя қоидаси”га ва Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 69-моддасига асосан муҳофаза зонаси ўрнатилган. Бунда:

-  қувур трассаси бўйлаб қурилиш ишлари учун хавфсизлик ер участкаси кўринишида қувурлар диаметрига мос ҳолда қувур ўқининг ҳар икки томонига 100 метрдан 350 метргача масофада шартли чизиқлар билан чегараланган бўлади;

-  қишлоқ хўжалиги ишларини олиб бориш учун тааллуқли ерларда ҳимоя майдони қувур ўқининг ҳар икки томонига 25 метр масофада ўтадиган бўлиб, шартли чизиқлар билан чегараланади;

-  компрессор ва газ тақсимлаш станция иншоотлари чегараларида ҳар томонга 100 метр масофада шартли чизиқлар билан чегараланган ер участкаси кўринишида бўлади.

Қувурларнинг муҳофаза зонасига кирувчи ер участкалари ердан фойдаланувчилардан олиб қўйилмайди ва улардан “Магистрал газ қувурларини муҳофаза қилиш” қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ёки бошқа турдаги ишлар олиб бориш учун фойдаланилади.

Қувурларнинг муҳофаза зонасида қишлоқ хўжалиги ишлари, экиш ва йиғиш компанияси бошланиши олдидан Тошкент МГҚБга олдиндан маълум қилган ҳолда олиб борилиши лозим.

Қувурларнинг муҳофаза зонасида кувурлардан бир меъёрда фойдаланишга халақит берувчи ёки уларга шикаст етказувчи ҳар қандай турдаги ишлар ТАҚИҚЛАНАДИ, жумладан:

-  ҳар қандай қурилиш ишларини олиб бориш ва иншоотларни тиклаш;

-  ҳар хил турдаги дарахт ва бута ўсимликларини экиш, ем-хашак, озуқа, ўғит ва материалларни тўплаш, пичан ғамлаш, от боғлайдиган қозиқларни жойлаштириш, чорвани сақлаш, балиқ етиштириш учун участкаларни ажратиш, балиқ ҳамда бошқа сувда ўсувчи ва юрувчи ҳайвонларни етиштириш, жониворлар сув ичидаги сувлоқларни қуриш, музни ёриш ва тайёрлаш ишларини амалга ошириш;

-  қувур трассаси устидан ўтиш ва кесиб ўтиш иншоотларини куриш, трактор ва механизмлар учун жойларни қуриш, жамоа боғлари ва полизларни жойлаштириш;

-  турли хил қурилиш, монтаж, портлатиш ва тоғ ишларини амалга ошириш, тупроқни (грунтни) режалаштириш;

-  ернинг мелиорацияси ишларини амалга ошириш, суғориш ва қуритиш тармоқларини қуриш;

-   НУК ва назорат ўлчов пунктлари, сигнал берувчи ва огоҳлантирувчи белгиларни бузиш, жойларни ўзгартириш;

-  катод ҳимояси станцияси, алоқа воситалари, қувур энергия таъминоти ва телемеханикасини ёқиш ва ўчириш;

-  турли хил ахлат тўпламларини пайдо қилиш, ишқорлар, тузлар ва кислота эритмаларини тўкиш;

-  қувурларни бузилишлардан сақлаш ҳамда ён-атрофни ва яқин жойлашган ҳудудни, транспортировка қилинадиган маҳсулотни авария натижасида тўкилишдан сақловчи, ер остки ва сувни ўтказувчи иншоотларни, қирғоқларни мустаҳкам тутувчи қурилмаларни бузиш,

-  олов ёқиш ёки шунга ўхшаш очиқ ёки ёпиқ олов манбаларни уюштириш.

 

Ўз хавфсизлигингизга огоҳ бўлинг!

Магистрал қувурларнинг ҳимоя қоидаларининг бузилишига айбдор бўлган мансабдор шахслар ва фуқаролар, Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг “Магистрал қувурлар ҳимояси қоидаларини бузиш” ҳақидаги 150-моддасига асосан жавобгарликка тортиладилар.

Магистрал газ қувурларидан фойдаланувчи корхона ва ташкилотлар манзиллари:

“Ўзтрансгаз” АК, 100031, Тошкент шаҳри, Юсуф Хос Ҳожиб кўчаси, 31а-уй.  Тошкент МГКБ, 1000160, Тошкент шаҳри, Сергели тумани, С.Олим кўчаси, 22-уй.