« Back

Видеоконференцалоқа 30.05.2020 18:59

Олий Мажлисда бюджетга оид масалалар юзасидан видеоконференцалоқа мажлиси ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди.

Навоий ва Хоразм вилоятларида бюджет даромадларига белгиланган прогноз кўрсаткичларининг жорий йил I чоракдаги ижроси ва II чоракда кутилаётган натижалар муҳокама қилинди.

Навоий вилояти бўйича ҳисобот даврида вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар тушумлари прогнози ижроси бўйича контингент тушумлар 512,3 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, вилоят маҳаллий бюджетининг харажатларига 2020 йилда жами 1 триллион 353 миллиард сўмлик маблағлар режалаштирилган. Шундан жорий йилнинг I чораги давомида вилоят маҳаллий бюджетининг харажатларига жами 379,5 миллиард сўмлик маблағ молиялаштирилиши таъминланган.

Шу билан бирга, мажлисда ушбу йўналишда учраган муаммолар тўғрисида сўз юритилди. Хусусан, биринчи чорак бўйича умумий прогноз бажарилган бўлсада, йирик солиқ турлари даромадлари юзасидан акциз солиғига белгиланган прогноз 0,7 миллиард сўмга таъминланмаган.

Бюджет ташкилотларида ўтказилган жами 41 та назорат тадбиридан 26 тасида, яъни 751,4 миллион сўмлик амалдаги тартибларга зид равишда амалга оширилган харажат ва камомадлар аниқланган.

Хоразм вилояти бўйича бюджет даромадларига 2020 йилнинг I чораги учун белгиланган 306 миллиард сўм прогноз амалда 106,3 фоизга бажарилиб, бюджетга қўшимча 19,2 миллиард сўм тушум таъминланган. Шундан маҳаллий бюджет тушумлари ижроси 292,4 миллиард сўмни ташкил этган.

Вилоятда бюджет олдидаги қарздорлик ошган. Хусусан, 2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра, бюджет олдидаги қарздорлик 44,9 миллиард сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, Хоразм вилояти давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан ҳисобот даврида бюджет ташкилотларида ўтказилган 95 та молиявий назорат тадбирининг 85 тасида молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Уларнинг умумий миқдори 1 миллиард 490 миллион сўмни ташкил қилди. Ҳисобот даврида аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг 92,7 фоизи белгиланган тартибда айбдор шахслардан ундирилиши таъминланган.

Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА