« Back

Видеоконференция 15.07.2020 12:36

Сума Чакрабарти "Дўстлик" ордени билан мукофотланди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 2012-2020 йиллар мобайнида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Президенти лавозимида фаолият юритган Сума Чакрабартини "Дўстлик" ордени билан мукофотлаш маросими видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Республика ҳукумати номидан маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонида Сума Чакрабартининг "Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасида стратегик шерикликни йўлга қўйиш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш" борасидаги хизматлари алоҳида қайд этилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда С.Чакрабартининг "мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастури самарадорлигини ошириш, шунингдек, республикада қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш жараёнларини фаоллаштириш"га қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидланган.

Маросим чоғида С.Чакрабартига Ўзбекистонда изчил ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунни ва капитал бозорини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, банк сектори ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жараёнини қўллаб-қувватлагани ва бошқа қатор масалаларда ёрдамлашгани учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Тадбир иштирокчиларининг таъкидлашича, С.Чакрабартининг ёрдами туфайли ЕТТБ нисбатан қисқа вақт – бор-йўғи уч йил ичида Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бирига айланди: қўшма лойиҳалар портфели нолдан 1,2 миллиард еврогача ўсди ва эндиликда энергетика, инфратузилмавий қурилиш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришни ўз ичига олган кенг кўламли устувор йўналишларни қамраб олган. Шунингдек, 1 миллиард. евродан ортиқ қийматга тенг навбатдаги лойиҳалар портфели ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Ўз навбатида С.Чакрабарти шундай деди: “Ўзбекистон Президентидан бундай мукофотни олиш мен учун катта шараф, ҳамкорлигимиз йўлида эришилган муваффақиятлар давлат Раҳбари томонидан ана шундай юксак баҳолангани мени ғоят қувонтиради. Ўзбекистондаги фаол ишларимиз бошиданоқ бу мамлакатнинг улкан иқтисодий салоҳиятига қатъий ишонч билан қарардим ва ҳозир ҳам меҳнатларимиз самарасини кўриб, янглишмаганимни англаб турибман. Ишончим комилки, ЕТТБ раҳбари сифатида ўз ваколатларимни тугатганимдан кейин ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттираман”.

Маросим якунида иштирокчилар эришилган юксак даражадаги ишонч ва шерикликни сақлаб қолиш орқали Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга умид билдирди.

ЎзА