« Back

Видеомулоқот 17.07.2020 14:03

Бангладеш тўқимачилик саноати вакиллари билан видеомулоқот

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Бангладеш тўқимачилик саноати уюшмалари раҳбарияти ўртасида видеоконференцалоқа шаклида музокаралар ўтказилди.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси И.Ҳайдаров Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан, тўқимачилик саноатини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди. У бангладешлик шерикларга Ўзбекистоннинг таниқли тўқимачилик брендлари билан ҳамкорлик қилиш, мутахассислар малакасини ошириш учун етакчи муҳандисларни жалб этиш, шунингдек, юртимизда "BUTEX" Бангладеш тўқимачилик университетининг филиалини очишни таклиф қилди.

Ўз навбатида, Бангладеш трикотаж ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари уюшмаси - BKMEA биринчи вице-президенти М.Хатем ўтган йили Ўзбекистонда бўлгани ва мамлакатда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шароитлар билан батафсил танишганини айтди. Уюшма аъзолари ўзбекистонлик шериклар билан тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятида.

Бангладеш кийим-кечак ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари уюшмаси - BGMEA директори A.Момен икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш МДҲ мамлакатлари бозорларида ўз ўрнини кенгайтириш нуқтаи назаридан жуда яхши истиқболга эга эканини таъкидлади.

Бангладешнинг тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича йирик компанияларидан бири «Urmi Group» бошқаруви директори A.Aшраф компаниянинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги режалари ҳақида маълум қилди.

Музокаралар чоғида томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Уларнинг натижалари бўйича Бангладеш томони қўшимча музокаралар ўтказишга, карантин чекловлари бекор қилингандан кейин Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёрлигини билдирди.

Томонлар доимий алоқада бўлишга ва зарур маълумотларни доимий равишда алмашишга келишиб олди.

ЎзА