« Back

Видеоселектор 10.05.2020 13:28

Бош прокуратура: Карантин, ижтимой ҳимоя ва иқтисодиётни тиклаш билан боғлиқ ишлар таҳлил этилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бош прокурори Н.Йўлдошев бошқарган мажлисда Давлатимиз раҳбари томонидан карантин чекловларини енгиллаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда иқтисодиётни тиклаш бўйича берилган топшириқларнинг ижросини ташкил этиш бўйича чоралар белгиланди.

Шунингдек, карантин шароитида ҳудудлардаги прокурорлар секторларида эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш борасидаги ишларнинг ҳолати танқидий таҳлил қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари ҳамда бевосита кўрсатмалари асосида амалга оширилаётган қатъий чора - тадбирлар пандемия хуружига қўйилган тўсиқ сифатида унинг мудҳиш оқибатларининг олдини олмоқда.

Пандемиянинг мамлакатимизга таъсирини юмшатишга қаратилган ишларда прокуратура органлари ҳам ҳисса қўшмоқда.

Ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бунинг учун қишлоқ хўжалигидаги ишларни ўз вақтида амалга ошириш, тадбиркорларни, жумладан экспортёрларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, карантин қоидаларига риоя этилишини қатъий назорат қилиш борасида прокуратура ходимлари фидокорона меҳнат қилмоқда.

Ўз навбатида, жойлардаги прокурорлар зиммасига ўзлари раҳбарлик қилаётган секторлар ҳудудларидаги эҳтиёжманд оилаларни аниқлаб, уларга зарур амалий ёрдамни манзилли кўрсатиш бўйича алоҳида масъулият юклатилган.

Хусусан, пандемия ва карантин шароитида ҳар бир сектор раҳбари эҳтиёжманд оилаларни қўллаб - қувватлаш ишларини аниқ кундалик режалар асосида, ҳар бир оила кесимида амалга оширади. Натижалар ҳақидаги маълумотларни махсус дафтарда қайд этиб боради ва шу тариқа сектор ҳудудидаги бирон-бир эҳтиёжманд оиланинг эътибордан четда қолмаслиги таъминланади.

Бундай механизм эҳтиёжмандларга кўрсатилаётган моддий ва бошқа турдаги ёрдамнинг тўлиқ, ўз вақтида манзилга етиб бориши, бу борада турли суиистеъмолчилик, талон-торож, сохтакорлик ва кўзбўямачиликларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Шу кунга қадар прокурорлар секторларидаги 80 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага бевосита уларнинг хонадонига кириб, моддий, ҳуқуқий ва бошқа тарздаги амалий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда мазкур йўналишларда прокурорлар секторларида олиб борилаётган ишлар туман ва шаҳарлар кесимида таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, амалга оширилаётган чора - тадбирлар кўламини янада кенгайтириш бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилган.

ЎзА