« Back

Видеоселектор 09.06.2020 12:32

Ободлик бор жойда, файзу барака, ривожланиш бўлади

Президентимиз жорий йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида маҳаллалар ободлиги, кўчалар ва хонадонларимизнинг файзи ва саришталигини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами вакилларига ҳар томонлама кўмак кўрсатиш ишларини янада кучайтириш бўйича мутасадди ташкилотлар олдига аниқ вазифалар қўйди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида бўлиб ўтган маҳалла тизими фаолиятида учраётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” тамойилини ижтимоий ҳаётга кенг жорий этишнинг устувор вазифаларига қаратилган видеоселектор йиғилишида ана шу жиҳатларга тўхталиб ўтилди.

Айтиш лозимки, ўтган давр мобайнида маҳалла тизими фаолиятини ривожлантириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимни ҳар бир маҳаллада жорий этиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, маҳаллаларда ишни тўғри ташкил этиш, камбағалликни қисқартириш, томорқадан самарали фойдаланиш, ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича вазирлик томонидан бир қанча дастур ва режалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов видеоселектор йиғилишида мавзунинг ана шу жиҳатларига тўхталиб ўтар экан, жамиятнинг ажралмас бўлаги ҳисобланувчи маҳалла ва оила институтини қўллаб-қувватлаш борасида вазирликнинг қуйи тузилмалари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида фикр билдирди.

Р.Маматов соҳа вакилларининг ўз вазифаларини янада уюшқоқлик билан олиб бориш учун, аввало, ишга бўлган муносабат ва масъулиятни оширган ҳолда маҳаллалардаги ишларни тўғри ташкил этиш, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, “Маҳалла – адолат мезони эканлиги, уларнинг иши адолат мезонларига таяниши лозимлигини” ҳар доимо юракдан ҳис қилиш зарурлигини таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир оила, кўча ва маҳаллаларимизда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” тамойилини кенг жорий этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни барчамиз, аввало, ўз иш услубимиз учун асосий тамойил сифатида белгилаб олишимиз, бу ғояларни кенг жамоатчилигимиз орқали халқимиз турмуш тарзи ва маданиятига сингдиришимиз лозим, – деди Раҳмат Маматов. – Натижада мамлакатимизнинг барча ҳудудларида обод гўшалар, кўркам масканлар, маҳаллаларимизда намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб бораверади. Ана шундагина одамларимизнинг ўз ҳаётига бўлган ишончи юксалиб, яшашга, келажакка бўлган интилиши янада кучаяди. Бир сўз билан айтганда, ободлик бор жойда, файзу барака, ривожланиш бўлади.

Тадбир давомида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан “Обод хонадон”, “Обод кўча” “Обод маҳалла” тамойилларини республикамизнинг барча маҳаллаларида қарор топтириш мақсадида июнь-август ойларида аҳоли орасида тарғибот ва амалий чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилганлиги айтиб ўтилди.

Мазкур Ҳаракатлар режаси 6 та йўналиш, 44 та банддан иборат бўлиб, унинг ижросини таъминлаш мақсадида аввало, карантин қоидаларига қатъий риоя этиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган қатор тадбирларга туман ва шаҳарларда ташкил этилган Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари аъзолари, ижтимоий фаол кекса авлод вакилларини ҳам кенг жалб этиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, “Саломатлик учун беш минг қадам” шиори остида ҳар куни кечки пайт маҳаллаларда ташаббускор нуронийлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирокида пиёда юриш тадбирлари ташкиллаштирилади.

Йиғилишда Ҳаракатлар режаси доирасида ишлаб чиқилган ва Тошкент вилояти Оққўрғон туманида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури мисолида ҳар бир туман (шаҳар) ўз дастурини тасдиқлаб, шу асосда иш олиб бориши зарурлиги белгиланди.

Саодат БОЙМИРЗАЕВА