« Back

Видеосеминар 02.06.2020 12:27

Элмира БОСИТХОНOВА: Ҳар бир маҳалланинг ўз «Анзират буви»лари бўлиши лозим

Бугун мамлакатимиз хотин-қизларини қийнаётган муаммолар нималардан иборат? Уларни ҳал этиш юзасидан жойларда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ўтказилган видеосеминарда ана шу саволларга атрофлича жавоб берилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова бу борадаги ўз фикрларини билдириб ўтар экан, жамиятнинг ажралмас бўлаги ҳисобланувчи оила ва хотин-қизлар масаласи бугунги кунда давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, бу борада жойларда фаолият юритаётган вазирлик тузилмасидаги хотин-қизлар билан иш олиб борувчи мутасадди вакилларнинг ўрни ва аҳамияти катта эканлигини алоҳида эътироф этди ҳамда масъуллар олдидаги келажакда амалга ошириш зарур бўлган истиқболдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Айтиш лозимки, маҳалла турли ижтимоий қатлам вакилларини бир жамоага бирлаштирувчи, умумий манфаат, мажбуриятларни таъминловчи, ҳар бир фуқарога ижтимоий масъулият юклай оладиган ягона тузилмадир. Шундай экан, фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари зиммасига янада муҳим масъулият юкланадики, ўз ҳудудидаги ҳар бир оила, ҳар бир хотин-қиз билан индивидуал иш олиб бориш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-умидларини тўла англаган ҳолда, уларга ўз вақтида кўмак кўрсата олиши энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

— Мазкур вазифалар ижросини тўла таъминлаш учун ҳам, сизу биз янада самаралироқ меҳнат қилишимиз, янада ташаббускор бўлишимиз лозим, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова. — Юртбошимиз ўзининг ҳар бир нутқида оила ва хотин-қизлар масаласига алоҳида урғу бериб ўтиши бежиз эмас. Сабаби Давлат раҳбари сифатида бизнинг ҳар бир муаммомиз, орзу-ўйларимиз, келажак мақсадларимиз билан доимо қизиқиб келади. Биз эса ана шу юксак эътиборга муносиб равишда жавоб қайтаришимиз учун ўз ҳудудимиздаги хотин-қизлар билан боғлиқ масалаларга имкон қадар индивидуал ёндашишимиз, муаммонинг туб илдизига кириб боришимиз шарт.

Видеосеминар давомида Президент Ш.Мирзиёев томонидан оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида белгилаб берилган вазифалар ижросининг жойлардаги ҳолати бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, маҳаллаларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш тўғрисида тизимли ишларни ташкил этиш борасида туман (шаҳар) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифаларини тизими равишда ташкил этиш зарурати ҳақида сўз борди.

Э.Боситхонова томонидан глобализациянинг миллий қадриятларимиз, оилалар мустаҳкамлиги, фарзандлар тарбиясига, мамлакат фуқаролари, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига ҳамда уларнинг маънавий бойлигига нисбатан салбий таъсирини бартараф этишга тўсқинлик қилаётган 10 та асосий омиллар санаб ўтилиб, уларни ҳал этиш бўйича жойлардаги масъулларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Видеосеминарда яна бир муҳим қадам — Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги барча умумтаълим муассасалари қошида “Оrasta qizlar”, барча фуқаролар йиғинлари қошида эса “Мahallaning orasta qizlari” тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида фикр юритилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Республика Маънавият ва Маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан «Ёш авлодни, хусусан қизларни миллий, тарихий, маънавий-ахлоқий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оила ва маҳалла муқаддаслигини уларнинг онгига сингдириш юзасидан тизимли ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида»ги Қўшма қарорда кўзда тутилган турли масалалар ҳам семинар давомида қизғин баҳс ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

— Аёл ўзини қачон бахтли ҳисоблайди? Қачонки, унга бўлаётган эътиборни юракдан ҳис қилса, ўзининг оиласига, жамиятга керак эканлигини доимо ҳис қилиб яшаса, — дейди Элмира Боситхонова. — Шундай экан, мамлакатимиз хотин-қизлари томонидан бизга юборилаётган мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдиришимиз, ундаги масалаларга оқилона ёндашиб, ижобий ечим топишимиз зарур. Бу борада ҳар бир маҳалланинг ўз «Анзират буви»лари, айтиш лозим бўлса, ҳар бир ҳудуднинг виждонига айланган куюнчак инсонлари бўлиши керак, деб ўйлайман.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Матбуот хизмати