« Back

Виртуал форуми 18.05.2020 13:27

ЎзА Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ахборот агентликлари уюшмасининг биринчи виртуал форуми иштирокчиси

16 май куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ахборот агентликлари уюшмасининг биринчи виртуал форуми ўтказилди. “Коронавирусга қарши чораларни қўллаб-қувватлашда ахборот агентликларининг ўрни” мавзуида ўтказилган тадбирда ташкилотга аъзо мамлакатларнинг 50 дан ортиқ миллий ахборот агентликлари масъуллари иштирок этди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги вакиллари ҳам ушбу йиғинда қатнашди.

Саудия Арабистони қироллиги ахборот вазири, Миллий ахборот агентликлари уюшмаси Ижроия кенгаши раиси Мажид бин Абдуллоҳ ал-Қасаби бошчилигида ўтказилган муҳокамаларда ИҲТ Бош котиби Юсуф Бин Аҳмад ал-Усаймин, Ислом тараққиёт банки президенти Бандар бин Муҳаммад Ҳамза Ҳожар, ISESCO Бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Малик каби расмийлар иштирок этишди.

Мажид бин Абдуллоҳ пандемия шароитида ахборотга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши ҳақида тўхталар экан, ҳозирги вазият медиатузилмаларнинг фаоллиги ортишига хизмат қилганини алоҳида қайд этиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бугун ОАВлар сони жуда кўп бўлса-да, айнан ахборот агентликлари мавзуни ҳаққоний ёритиши билан ажралиб турди. – Бугунги қийин шароитда бизнинг ташкилот аъзолари ўртасида ҳамкорликни кучайтирилиши, ҳар қачонгидан долзарб, - деди Мажид ибн Абдуллоҳ.

Анжуманда сўзга чиққанлар қайд этганидек, пандемия айнан ахборот агентликлари жамият ҳаётида қандай муҳим роль ўйнашини яна бир бор кўрсатди. Ёлғон маълумотларни фош этиш, улар тарқалишининг олдини олиш, одамларга фойдали ва узлуксиз хабар бериш уларнинг доимий маслагига айланди.

Онлайн форум якунида иштирокчилар қўшма баёнот қабул қилишди. Ҳужжатда агентликлар тезкор ахборот етказиш ва аҳолининг касаллик билан боғлиқ маълумотлардан хабардорлигини оширишда бундан буён ҳам фаол бўлиши, бунда ижодкорларнинг касбий маҳоратини ошириш лозимлиги алоҳида қайд этилган. Шу мақсадда ИҲТ ахборот агентликлари уюшмаси агентликларга ўз дастурларини таклиф этди. Келгусида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳам ушбу лойиҳаларда иштирок этади.

Н.Тошпўлатова, 
 ЎзА