« Back

Янги хизмат 21.04.2020 14:09

ДХАнинг янги хизмати — Ўзбекистонда интернет орқали уйланиш...

Ўзбекистонда карантин ҳолати бўлишига қарамай, давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ, халқчил қилиб айтганда “ЗАГС”лар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Аммо, уларнинг фаолияти фақатгина туғилганлик ва ўлим тўғрисидаги гувоҳномаларни тақдим этиш билан чекланмоқда. Шунингдек, марказлар шу кунларда фақат электрон рақамли имзо бериш, тадбиркорлик субъектларини вақтинча тугатиш ва аҳолига онлайн хизматлардан фойдаланиш учун ҳуқуқий кўмак бериш учун ишламоқдалар.

Бироқ, аҳоли томонидан никоҳни қайд этиш бўйича сўровлар кўплаб бўлгани сабабли Давлат хизматлари агентлиги масаланинг ечимини топди.

Демак, ФҲДЁдан ўтиш учун аризаларни масофадан туриб юбориш имкони мавжуд. Бунинг учун қуйидаги ҳаволадан фойдаланишингиз мумкин  https://my.gov.uz/uz/service/133

Ушбу хизматдан онлайн тарзда фойдаланиш учун иккала томон ҳам электрон рақамли имзо олиши шарт. (Келин ҳам, куёв ҳам).

Келин ёки куёв, авваламбор юқорида айтиб ўтилган ҳаволадан ўтиб, ариза тўлдириши керак.Ушбу жараёнда тўлов мавжуд эмас.

Ариза тўлдирилганидан сўнг иккала томон ҳам аризасини ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаши шарт. Сўнг ариза белгиланган ҳудудий ФҲДЁ бўлимига келиб тушади.

ФҲДЁ аризани 1 иш кунида қабул қилиб олади.

Ҳозирда мамлакатимизда карантин чоралари қўлланилаётгани боис, фақатгина аризалар қабул қилинмоқда. Карантин тадбирлари ниҳоясига етганидан сўнг, никоҳланувчилар чақирилади ва тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма топширилади.

ЎзА