« Back

Ёшлар - келажагимиз 02.06.2020 01:55

Ўзбекистонлик ёш муҳандис-мутахассислар ўпкани сунъий вентиляциялаш аппарати прототипини яратди

Жаҳондаги сўнгги воқеалар ўпкани сунъий вентиляциялаш аппаратларининг ўта етишмаслигига олиб келганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон автомобиль тармоғи ёш муҳандис-мутахассислари карантин даврида ўпкани сунъий вентиляциялаш аппарати прототипини яратдилар.

«Ўзавтосаноат» АЖ қошида ташкил этилган “Research and Development Center” ишланмалар маркази мутахассислари Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети (ТПУ) талабалари билан биргаликда, прототип устида мутахассислари иш олиб боришган.

Жамият ахборот хизматининг хабар беришича, аппаратни ишлаб чиқиш муаллиф чизмаларини яратиш, дизайнни моделлаштириш ва бевосита аппаратнинг ўзини ТПУ лабораторияси базасида йиғишни ўз ичига олди.

Унинг прототипи гипоаллерген материаллардан ясалган бўлиб, бу эса ўз навбатида аппаратни осон дезинфекциялаш имконини беради. Унинг техник характеристикалари ўз ичига намлик, босим, кислород ва ҳарорат даражаси сенсорларини олади – уларнинг кўрсаткичлари аппарат хотирасида сақланиб қолади. Бундан ташқари, аппарат тозалаш тизими билан таъминланган – ишланган ҳаво фильтр орқали ўтади, уни алмаштириш қийинчилик туғдирмайди.

Энергияда узилиш бўлганда ҳам жиҳоз ишлайверади. Бунинг учун ўпкани сунъий вентиляциялаш аппарати прототипи узлуксиз озуқа манбаи билан жиҳозланган, у аппаратнинг камида бир соат ишлашини таъминлайди.

ЎзА