« Back

Ёшлар ойлари 03.06.2020 20:22

ЁШЛАР ОЙЛИГИ: янги лойиҳаларга старт берилади

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда “Ёшлар ойлиги” доирасида ташкил этилаётган тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 30 –июнь Ёшлар куни этиб белгиланди. Шу боис, июнь ойида республикамизнинг барча ҳудудларида “Ёшлар ойлиги” ўтказилади. Ҳар йили юқори савияда ташкил этилаётган “Ёшлар ойлиги” бу гал пандемия сабаб ўзгача руҳда ўтказилади. Ушбу ойлик доирасида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ва лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси Абдулазиз Назировнинг қайд этишича, ойлик доирасидаги тадбирлар карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, аксарият тадбирлар айнан ижтимоий тармоқлар, радио ҳамда телеканаллар орқали ўтказилади. Ўз навбатида маърифий-кўнгилочар тадбирлар қамрови кенг, аҳамияти юқори, таъсири ҳам беқиёс бўлади.

Ҳар бир туман ўз дастурини ишлаб чиққан. Жумладан, шаҳар миқиёсида қизиқарли онлайн шоулар, онлайн концертлар, спортчилар билан суҳбатлар мўлжаллаган. “Ёшлар ойлиги” доирасида 1-30 июнь кунлари пойтахтимизда 300 дан зиёд тадбир ўтказилиши белгиланди. Унда жами 100 мингдан ортиқ ёш интернет орқали қамраб олинади.

Кун давомида 30 ёшга тўлмаган турли соҳаларда мувафаққиятга эришган йигит-қизлар билан онлайн суҳбатлар ўтказилади. 1-10 июнь кунлари ёшларни бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилади. Бунинг учун Ёшлар марказида “Бандлик маркази” ташкил қилинади. Ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий тармоқлар ҳамда расмий каналлар орқали мехнат ярмаркалари ўтказилади. Турли касб эгалари иштирокида онлайн дарслар ташкил этилади.

11-20 июнь кунлари эса тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган тадбирлар режалаштирилган. Фрилансерлик хонасининг очилиш маросими ўтказилиб, “Фриланс – бу бизнес” мавзусида мулоқот, тадбиркорлик объектларига онлайн саёҳат ташкил этилади. 21-30 июнь кунлари 5 ташаббус доирасида “Орзуимдаги спортчи билан машғулот”, “Тошкент китобхон шаҳар”, “Болалар овози” ва бошқа лойиҳалар ўтказилади. 30 июнь куни онлайн гала-концерт ташкил этилади.

Матбуот анжуманида, шунингдек, жорий йилнинг олти ойи давомида Тошкент шаҳрида ижтимоий ҳамда маънавий-маърифий соҳада бажарилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Х.Қодиров,
ЎзА