« Back

“Ёшлар ойлиги” 03.06.2020 12:05

Таълим-тарбия бешикдан бошланади

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 30 июнь – Ёшлар куни этиб белгиланган эди. Анъанага мувофиқ жорий йилда ҳам 1-30 июнь санаси “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилинди.

Ёшларга оид давлат сиёсатини болалар таълим-тарбияси, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда “таълим-тарбия бешикдан бошланади”.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнатига тўлиқ барҳам беришга эришилди. Ушбу натижа халқаро ташкилотлар, хорижий экспертлар томонидан юксак эътироф этилиб, мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдидаги имижи ошишига сабаб бўлди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда болаларни сифатли таълим билан таъминлаш, мактабгача таълим тизими қамровини оширишда ҳам сезиларли ўзгаришлар бор. Мамлакатимизда 9 миллиондан ортиқ 18 ёшгача бўлган болалар истиқомат қилади. Бугунги кунда умумий ўрта таълим муассасаларида таҳсил олаётган болалар сони 6 миллион 200 минг нафардан ортиқни ташкил этади.

Ўзбекистон болаларининг мактабгача таълим муассасалари билан қамрови эса 2019 йилда 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг яқинлари ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 16 ёшга тўлгунига қадар кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб келмоқда.

ЮНИСЕФнинг таҳлилий маълумотларига кўра, дунёда ҳар 5-6 бола таълим олиш ҳуқуқидан бебаҳра катта бўлмоқда. Таълим олиш имконига эга бўлмаган болалар сони бугунги кунда 258 миллион нафарни ташкил қилмоқда.

Дунё болаларининг 83,5 фоизи бугунги кунда таълим муассасаларида таъқиб (буллинг)га учраётгани, бу муаммо мамлакатимиз таълим даргоҳларида ҳам кузатилаётгани Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Халқ таълими вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларни ҳам безовта қилмоқда.

Болаларнинг саломатлигини сақлаш, тўғри овқатланишини ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида ҳали кўп муаммолар ўз ечимини кутмоқда.

Минг афсуски, ён-атрофимизда болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик ҳолатлари ҳам учраб турибди. ЮНИСЕФнинг маълумотларга кўра, дунёда 25-50 фоиз болалар жисмоний зўравонликка учрамоқда.

Мамлакатимизда эса болалар учун хавфсиз яшаш шароити, сифатли таълим ва тиббиёт хизматларини яратиш ишлари тизимли ташкил этиб келинмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг устувор йўналишларидан бири – “Камалак” болалар ташкилоти негизида болаларнинг истеъдоди, иқтидорини ривожлантириш, ғоя ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, таълим олишга қизиқишини орттириш, касбга йўналтириш, лидерлик кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Камалак” болалар ташкилотининг ташаббуси билан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва “Ёшлар ойлиги” доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусованинг республикамизнинг барча ҳудудларида истиқомат қиладиган болалар билан очиқ мулоқоти “Болалар пресс-клуби” форматида ташкил этилди.

Тадбир давомида болалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 майдаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича батафсил маълумот олишди, қизиқтирган саволларига жавоб топдилар.

Масофавий учрашув давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Камалак” болалар ташкилотининг сардорлари ва ҳудудий кенгаш ходимлари томонидан Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман фаолиятини мактабда йўлга қўйиш, бунда сардорлар ва Ёшлар иттифоқи салоҳиятидан жамоатчилик асосида фаолият олиб борадиган ҳудудлардаги вакил сифатида фойдаланиш, уларнинг жойларда болалар билан учрашувлари ва тегишли семинар-тренингларни ташкил этиш каби таклифлар илгари сурилди.

Юқоридаги таклифларни амалга ошириш, яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 30 июнь – Ёшлар куни арафасида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши бўйича келишиб олинди.

Дилнозахон КАТТАХОНОВА, 
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари, 
“Камалак” болалар ташкилоти раиси

ЎзА