« Back

Ёшлар ойлиги 13.06.2020 13:16

“Бизнес саёҳат” лойиҳаси ёшларнинг ўз бизнесини бошлашга туртки бўлди

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан анъанага мувофиқ, июнь ойида республикамизнинг барча ҳудудларида «Ёшлар ойлиги» ўтказилмоқда.

Ҳар йили юқори савияда ташкил этилаётган «Ёшлар ойлиги» бу гал пандемия сабаб ўзгача руҳда ташкил этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши мазкур ойлик доирасидаги тадбирларни карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ўтказмоқда.

Кенгаш дастурига мувофиқ, 11-20 июнь кунлари пойтахтлик ёшлар учун тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда «Бизнес саёҳат» лойиҳасини амалга оширди. 30 нафар ёш Яшнобод туманидаги “Bakan Tex” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.

– «Бизнес саёҳат»дан кўзланган асосий мақсад – ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлганларни кашф этиш, улар олдидаги юзага келаётган муаммолар ечимини топишга кўмаклашишдан иборат. Мазкур саёҳат карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўтди. Саёҳат доирасида корхона тарихи ҳақида қисқача маълумот берилди, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Асқар Ҳасанов.

Таъкидланишича, Германиянинг «Тручлер», «Зенсер», «Саурер» каби етакчи компаниялари технологиялари билан жиҳозланган корхонада пахтадан юқори сифатли ип-калава ишлаб чиқарилади. Корхонада 500 дан зиёд ишчи меҳнат қилади. Бу ерда автоматик қадоқлаш, тозалаш, чиқиндиларни пресслаш тизимлари ўрнатилган. Бу экологик тоза ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. ISO-9001 сифат менежментига эга корхона маҳсулотлари дунё бозорида жуда харидоргир. Айни пайтда маҳсулотлар МДҲ мамлакатлари, Хитой ва Туркияга экспорт қилинмоқда.

Ёшлар корхонада пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва экспортга йўналтиришгача бўлган жараён билан танишди.

Лойиҳа доирасида ёшлар шунингдек, мазкур тумандаги “Pergament Quality Exclusive” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Германиянинг илғор технологиялари ва ускуналари билан жиҳозланган корхонада “Suzane” сифат маркали гулқоғозлар ишлаб чиқарилмоқда. У Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон корхонанинг бугунги кундаги экспортёрларидир.

– Ҳар бир ёш бизнес режасини тузганидан сўнг уни амалга оширишда бироз чўчийди, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Яшнобод тумани кенгаши фаоли Алишер Зуфаров. – Ана шундай вазиятда уларни руҳан қўллаб-қувватлаш учун бизнес соҳасидаги тадбиркорлар фаолияти билан таништириш зарур. Шу мақсадда биз бугун Яшнобод туманидаги иккита корхона фаолияти билан танишдик. Ўзимизни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдик. Энди ҳеч иккиланмай ўз бизнесимизни бошлашга тайёрмиз.

Хуршид ҚОДИРОВ,
ЎзА