« Back

Юридик кадрларни тайёрлаш 17.05.2020 13:10

Адолат ва шаффофлик талабаларда билим олиш иштиёқини кучайтиради

Мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларда юридик кадрларнинг алоҳида ўрни бор. Ҳозирги кунда норма ижодкорлиги фаолиятида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида, фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида, умуман олганда барча соҳалардаги фаолиятнинг амалдаги қонун нормаларига мувофиқ олиб борилишида юридик кадрларнинг хизмати беқиёс.

Қайд этилган йўналишларда олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан юридик кадрларнинг билими, савияси, кўникмаси, шу билан бирга ҳалоллигига бевосита боғлиқ.

Шу муносабат билан, юридик кадрларни тайёрлаш масаласининг долзарблигини инобатга олган ҳолда 2020 йил 29 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон мамлакатимизда юридик кадрларни тайёрлаш ишларини юқори босқичга олиб чиқишга йўналтирилганини қайд этиш лозим.

Фармон билан мазкур соҳада бир қатор янгиликлар жорий этилди. Жумладан, Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этиш белгилангани юртимизда юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, 2021-2024 йилларда судлар тизимида 860 тани, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида 699 нафар юридик кадрларга бўлган эҳтиёж мавжуд бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 675 нафар, Ички ишлар вазирлиги тизимида 350 нафар, Маданият вазирлиги тизимида 204 нафар, Давлат солиқ қўмитасида 124 нафар, Тошкент вилоят ҳокимлиги тизимида 104 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида 75 нафар, КDB банк тизимида 64 нафар, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ тизимида 64 нафар, Молия вазирлиги тизимида 55 нафар, Туронбанк тизимида бу кўрсаткич 54 нафар, “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимида 49 нафар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида 45 нафар,“Ўзавтомоторс” АЖда 36 нафар,Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида 30 нафар, Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 24 нафар, 2021-2024 йилларда жами вазирлик ва идораларда 4102 нафар ҳуқуқшуносларга эҳтиёж мавжуд бўлиб, ушбу рақамлар юридик кадрлар тизимини такомиллаштиришнинг қай даражада долзарб эканини кўрсатади.

Ҳар бир таълим муассасасида талабалар билимини баҳолашда адолат ва шаффофлик мезонларига амал қилиниши талабаларда билим олиш иштиёқини кучайтирувчи омил ҳисобланади. Шу муносабат билан, Фармоннинг 2-бандида юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида “Электрон университет”

(E-University) тизимини жорий этган ҳолда очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликлардан холи бўлган таълим муҳитини яратиш белгилангани юридик кадрларни тайёрлашда уларнинг ижтимоий мавқеи ва бошқа омиллардан қатъи назар, билимини баҳолаш масалаларига холисона ёндашишни назарда тутади.

Ўз навбатида, Фармоннинг 3-бандига асосан ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларга қабул параметрлари юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни мониторинг қилиш ва прогнозлаштириш электрон платформасини яратган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларида жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ҳар бир ҳудуд, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалар кесимида таҳлил қилиш асосида шакллантирилиши ҳамда кадрларни мақсадли тайёрлаш учун тўловни, улар томонидан ўқишни тугатганидан сўнг, шартномада белгиланадиган муддат давомида ташкилот-буюртмачида узлуксиз ишлаш мажбуриятини қабул қилган ҳолда, амалга оширишига ҳақли эканлиги белгиланган.

Мазкур чора-тадбирлар олдинги йиллардаги каби юридик кадрлар етишмовчилиги оқибатида вазирликлар, идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотларини юридик хизмат ходими билан таъминлай олмасликни бартараф этишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, корхона, муассаса, ташкилотлар томонидан талабаларнинг контракт тўловларини кейинчалик ишлаб бериш мажбурияти билан тўлаб берилиши белгилангани контракт тўловларини тўлаш имконига эга бўлмаган талабаларга моддий кўмак берилишини таъминлайди.

Фармоннинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, унинг 13-бандида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига уч ой муддатда Коррупцияга қарши курашиш дастури, ходимлар ва талабалар (ўқувчилар)нинг одоб-ахлоқ кодексини, ходимларни коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида мурожаат қилиш ҳолатлари ҳақида хабардор қилишнинг шаффоф тартибини тасдиқлаш ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссияни тузиш ҳамда ТДЮУни 2030 йилгача халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги энг яхши олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш, шунингдек, унинг миллий рейтингдаги ўрнини юксалтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифалари юклатилган бўлиб, мазкур чора-тадбирлар ўқитувчилар ва талабаларнинг ўзаро муносабатида ўзаро ҳурмат, ахлоқ нормаларига қатъий риоя қилинишига, коррупциявий омиллар туфайли амалиётга билими ва савияси паст юридик кадрларнинг чиқариб берилиши натижасида турли салбий оқибатлар юзага келишининг олдини олишга, шунингдек, ТДЮУнинг халқаро нуфузини ошириш орқали мамлакатимизда юридик кадрларни тайёрлаш сифатини юқори даражага кўтаришга хизмат қилади.

Умуман олганда, Фармон билан ТДЮУда Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети ташкил этилиши ва ушбу факультет зиммасига халқаро хусусий ҳуқуқ, шу жумладан халқаро арбитраж ҳуқуқини чуқур ўрганиш, шунингдек, миллий ва япон, немис ҳуқуқи ҳамда бошқа ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқ тизимларини қиёсий тадқиқ қилиш асосида юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш; Япония, Германия ва бошқа ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқи ва ҳуқуқий тизимларининг қиёсий тадқиқотлари натижаларини ҳисобга олган ҳолда халқаро ҳуқуқ нормаларини имплементация қилиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; хорижий ҳуқуқ ва ҳуқуқий тизимларни қиёсий тадқиқ қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви ҳамда стажировкаларни тизимли асосда ташкил этиш; конституциявий, фуқаролик, маъмурий, жиноят, жиноят-процессуал ва ҳуқуқнинг бошқа соҳаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш каби вазифаларнинг белгилангани эътиборга молик. Сабаби қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти борасида муваффақиятли тажрибага эга бўлган Германия, Япония каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш асосида уларнинг ижобий жиҳатларини имплементация қилиш мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, умуман олганда олиб борилаётган ислоҳотларнинг қонун устуворлигига асосланишига хизмат қилади.

Икром ЭРГАШЕВ, 
Тошкент давлат юридик университети декани, 
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)