« Back

Замонавий ахборот технологиялари 23.04.2020 13:49

ИИВ Малака ошириш институти ҳам масофадан ўқитиш тизимига ўтди

Бугун коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият сабаб кўпгина соҳаларда янгича ёндашувларни қўллашга киришилмоқда.

Айни дамдаги вазиятни инобатга олган ҳолда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ва унинг жойлардаги филиалларида ўқув жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш масалаларига кенг эътибор қаратилмоқда.

Яқинда Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ИИВ академик лицей директорларининг ходимлар малакасини ошириш бўйича ўринбосарлари касб маҳоратини ошириш юзасидан семинар-тренинг ташкиллаштирилди.

Семинар-тренингда ўқув йиғинларини ташкиллаштириш ва ўтказишдаги муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари, масофавий (электрон) ўқитишни филиалларда ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш, ҳужжатлар юритиш тартиби каби масалалар ҳақида сўз юритилди.

Ўқув семинар давомида асинхрон ва синхрон интерактив таълим бериш, масофавий ўқитиш платформаларининг самарадорлиги, электрон ўқитиш материалларини шакллантириш, ўқув циклининг вазифалари ва дизайнини ишлаб чиқиш, тушуниш ва эслаб қолиш даражасини оширишга йўналтирилган технологияларни қўллаш, самарали тақдимот, жумладан видео тақдимот яратиш учун зарур бўлган методик ва дастурий таъминотни танлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Содда қилиб айтганда, таълим тизимида замонавий инновацион технологияларни қўллаш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий самара беради. Шу боисдан назарий ва услубий асосларни ривожлантириб бориш ҳамда зарур ташкилий чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

ИИВ Малака ошириш институти 
Ахборот хизмати