« Back

Жамият ҳаётида муҳим ўрин  02.04.2020 11:59

Парламент комиссияси аъзолари сайланди

Жорий йилнинг 30 март куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлар жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг таркиби қайта сайланди.

Республикамизда фуқаролик жамияти институтлари – нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада юксалтириш вазифаси устувор аҳамият касб этиб бормоқда. Хусусан, фуқаролик жамияти институтларини сиёсий қарорлар қабул қилиш ва амалга ошириш жараёнларига фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг тўлақонли иштирокчисига айланишлари, улар юртимизнинг бугуни ва эртанги куни учун дахлдорлик ҳисси билан фаолият юритиши зарурлигини таъкидлаб, давлат органлари, вазирлик ва идораларга ННТлар билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиш, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтириш вазифаларини қуйган эди.

Шунингдек, Президентимиз Мурожаатномада мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш кераклигига урғу бериб, Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш таклифини ўртага ташлаган эди.

Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад – давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш, том маънодаги фуқаролик жамиятини барпо этишдан иборат. Айни пайтда мамлакатимизда фаолият юритаётган 10 мингдан ортиқ ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этишда маҳаллий давлат бошқаруви ва ижро органларига кўмакдош бўлиб келмоқда. Мазкур институтлар фуқароларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини ошириш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашда муносиб ўрин тутади.

Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги парламент комиссияси аъзоси,
“Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони соҳиби
ЎзА