« Back

100 йиллик юбилейига бағишлаб 10.06.2020 12:19

Саид Аҳмад ҳикоялари турк тилида

Ўзбекистон халқ Ёзувчи Саид Аҳмад асарлари бир қатор қардош ва хорижий тилларга таржима қилинган. Ҳар гал бадиий асар таржимасига ўзига хос тарздаги ёндашув адабиёт, яхши китоб тарғиботида муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбек адабиётининг буюк намояндаси, атоқли адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллик юбилейига бағишлаб Тошкент давлат шарқшунослик университети таржимашунослик ва халқаро журналистика кафедраси мудири, амалиётчи таржимон Хайрулла Ҳамидов ва унинг талаба-шогирдлари томонидан адибнинг ўнлаб машҳур ҳикоялари турк тилига ўгирилди.

Ушбу таржималар “Özbek Edebiyatiʼnin Seçme Eserleri. Said Ahmed. Hikâyeler” («Ўзбек адабиётининг сара асарлари. Саид Аҳмад. Ҳикоялар») номи остида, университет ректори Г.Рихсиеванинг сўзбошиси билан турк тилида нашр этилди.

Устоз-шогирд анъанаси асосида амалга оширилган ушбу таржималар асосида чоп этилган китобдан Саид Аҳмаднинг «Елим», «Сағана», «Бир ўпичнинг баҳоси», «Хомталаш», «Ханка билан Танка», «Бир юз етмиш сўмлик хуррак», «Менинг дўстим Баббаев!», «Иқрор», «Хотинбоз чумчуқ» сингари ҳажвий ҳикоялари билан бир қаторда «Ўн саккиз ёшинг», «Суд», «Қоракўз Мажнун» каби жиддий ҳикоялари таржимаси ҳам ўрин олган.

ЎзА