« Back

17 май – Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллуди куни 16.05.2020 13:35

ДОРИЛОМОН КУНЛАР КЕЛДИ...

Бизда меҳнатлари эътироф этилиб, халқ шоири, деган шарафли унвонга муяссар бўлган ижодкорлар кўп. Уларнинг ҳаммасига ҳурматимизни билдирган ҳолда бир фикрни айтишни жоиз биламиз. Халқ шоирларининг ҳаммаси ҳам халққа севимли бўлавермайди. Халқ сайлаб севади, сайлаб сийлайди. Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Ҳалима Худойбердиева, бизнинг азиз Ҳалима опамиз ана шундай – илк ижодга кириб келган кунларидан ҳаётларининг охиригача, ҳатто, бугун ҳам халқимизга севимли бўлган шоиралардан. Биз Ҳалима опа билан ижодий сафарларда кўп бўлганмиз. Шийпонлар, маҳаллалар, ўқув юртлари, ташкилотларга борганимизда одамлар опани ниҳоятда соғинч, севинч билан қарши олар эди. Шеърларига, суҳбатларига тўймас, минбардан ҳеч туширмасдилар.

Чунки шоира шеърларида ҳам, сўзида ҳам уларнинг тил учига келиб турган, қалбида яшаётган фикрларини топиб айтарди. Айтганлари оғиз, бўғиз сўзлари эмас, юрак сўзлари эди. Шунинг учун ёшу қари опани тинглашга ошиқарди. Бундай ҳаяжонли давраларда Ҳалима опанинг ўзи ҳам хурсанд бўлиб кетарди.

– Шеър фақат маълум доиралар учун ёзилиши керак, деган гап нақадар нотўғри эканини кўряпсизми? Шеър халқ учун кераклигини мана шу давралардаги одамларнинг юз-кўзлари айтиб турибди-ку, – деганлари эсимда. Ҳа, шоира халқ учун ёзар эди. “Дориломон кунлар келди – шафақлари ол” дея бир умр элига, эри, фарзандларига хизмат қилган, умри заҳмат ичида ўтаётган оналарни бу кунларнинг нурлари, гулларидан баҳраманд бўлишга чорларди. Ўзининг қадрини билишга, “инсон” деган баланд мавқеига муносиб яшашга даъват этувчи бу шеър асосида элимизнинг севимли ҳофизи Шерали Жўраев ижросида яратилган қўшиқ қанча дилларни уйғотмайди, дейсиз? Қанча оналар оқ рўмолларини бошларига солиб ҳаёт қувончларидан баҳраманд бўлишга ошиқмайди, дейсиз?

Ёки аёл мадҳияси, аёл ҳақидаги гимнга айланган “Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл” шеърини олайлик. Аслида “муқаддас” сифати ҳар нарсага нисбатан қўлланилмайди. Муқаддас китоб, муқаддас шаҳар...

Лекин шоира ўзининг унутилмас сатрлари билан “...Кўксида тошлар... бошлар... изи” бўлган аёлнинг муқаддас эканига ишонтирди. Бу ибора шоира шеъридан шиорларга, анжуман, оқшом сарлавҳаларига айланиб кетди. Ёки бўлмаса “Бегим, сизни табиат роса қилиб яратган” деб бошланувчи шеърини олайлик. Қайси даврага бориб, шу шеър ўқилса, давра иштирокчилари бу шеърга жўр бўлади. Бош эгаси, яъни турмуш ўртоғини ўзидан бир бош баланд билиш, унинг “кулиб” яратилганлигига ишониш ва ишонтириш ҳиси ҳар ўзбек аёлининг қалбида яшайди. Ҳалима опа бу туйғуларга санъаткорона шакл бергани учун шеър ҳамманики бўлиб кетган.

Шоира ижодининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шуки, бу ижодга мансуб шеърлар даъваткор, жасоратли, жасур. Ҳалима опанинг ўзлари айтгандай, “яроқ тақиб турган аскарлардек” туркий сўзлар бу даъваткорлик, бу жасоратни намоён этади.

Опанинг байроқдек тик турадиган пайтлар келганлиги ҳақидаги шахд-шиддатли сатрлари бир тарафу “Илоё, элимга подшоҳлик бер”, деган тилакларининг кучи, қудрати бир тараф. Шоира ҳар юракда бир султон баландлиги, бир хоқон юксаклигини кўргиси келади...

Шу кунларда Ҳалима опа ҳақида кўп ўйлаяпман. (Зотан, ҳеч қачон эсимдан чиқармайман ҳам). ...Агар ҳозир ҳаёт бўлганида Сирдарёда бўларди. Бошига иш тушган сардобаликларнинг кўнглини кўтариб, шеърлар ўқиб юрарди. Чунки халқ шоирани севганидан ҳам ортиқроқ опа элу юртни севар эди. Бундай инсонларнинг умри халқ умри қадар узун бўлади.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА