« Back

18 май – Халқаро музейлар куни 18.05.2020 12:01

МУЗЕЙЛАРНИНГ МАЪНАВИЙ ҲАЁТИМИЗДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ

Музейлар маданий-маърифий муассаса ҳисобланиб, уларнинг вазифаси тарихий ҳужжатлар, ёдгорликларни тўплаш, табиий бойликлардан намуналар жамлаш ва сақлаш, уларни илмий ўрганиб, кенг оммага кўргазмаларда намойиш қилишдир.

photo_2020-05-18_12-03-14 Музейлар ўтмишимиз тарихи, ҳаёт тарзи ҳамда маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи, маънавий бойликларимиз, жамиятнинг сиру асрорларини сақлаб келувчи муқаддас даргоҳдир. Бу даргоҳга ташриф қилган ҳар бир инсон жаҳон миқёсида содир бўлган воқеа-ҳодисаларни баҳолаш, бизнинг давримизга қадар етиб келган асори-атиқалар билан фахрланиш имкониятига эга бўлади. Бу каби объектларнинг ўрни беқиёсдир. Шуни эътиборга олган ҳолда, 1977 йил ИКОМ халқаро ташкилоти томонидан 18 май – Халқаро музейлар куни деб эълон қилинди. Мазкур ташкилот фаолияти табиий ва маданий меросни сақлаш ҳамда тарғиб қилишга йўналтирилган бўлиб, 1992 йилдан бошлаб музейлар кунига  бағишлаб мавзу танлаш жорий этилди. 2020 йилнинг мавзуси “Музей бу тенг ҳуқуқли имкониятлар макони: хилма-хиллик ва инклюзия” деб номланди. Дарҳақиқат, бугунги кунда имконияти чекланган фуқароларга жамиятда ўз ўринларини топишлари, замон билан ҳамнафас ҳаёт кечиришлари учун бир қанча имкониятлар яратилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ,  ногиронлар ва имконияти чекланган фуқароларга ҳар бир жабҳада кенг имкониятлар амалга оширилмоқда. 2019 йилда  “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикасининг 7-боб ва 46-моддадан иборат қонуни ишлаб чиқилди. Мазкур қонуннинг 4-боби: ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам бериш; 34-моддасида ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам бериш тўғрисида ёзилган. Ушбу қонунларинг ижроси музейларда ҳам амалга оширилиб келинмоқда. ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейига имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оила фарзандлари, нафақахўрлар, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб-интернат ўқувчилари имтиёзли равишда бепул ташриф буюришлари мумкин. Имконияти чекланган фуқаролар учун барча хизматларда амалий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда. Музей илм-маърфат маскани ҳисобланиб, ёш авлод таълим тарбиясида жуда катта аҳамиятга эга. Темурийлар тарихи давлат музейига йил мобайнила 200 мингга яқин томошабин ташриф буюрса, уларнинг асосий қисмини мактаб ўқувчилари ташкил қилади. Ўзбекистонда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол руҳда тарбиялашда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада аждодларимизнинг бой маънавий, аҳлоқий меросини ўрганиш муҳимдир. Ёшларни музейларга жалб қилиш, уларда ватанпарварлик, садоқат туйғуларини уйғотиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан бир қанча қарорлар ишлаб чиқилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлдаги “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам шулар жумласидан. Темурийлар тарихи давлат музейига 246933 дан ортиқ томошабин келган бўлса, шулардан 218449 дан зиёдини болалар ташкил этади.

photo_2020-05-18_12-03-23 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Темурийлар тарихи давлат  музейнинг мобил иловаси, 150 дан ортиқ экспонатларнинг  QR-кодлари яратилди, музей залида интерактив сенсор проектордан фойдаланиш жорий қилинди. Ташриф буюрган кексалар, имконияти чекланган фуқаролар сенсор проектор орқали музей бўйлаб виртуал саёҳат  қилиш имкониятига эга бўладилар. Музейга ташриф буюраётган томошабин оқимини ошириш, чет эллик индивидуал сайёҳларга қулайлик яратиш, аждодларимиз тарихи ҳақида катта таасурот қолдириш мақсадида музейда янги Nazzar инновацион дастури йўлга қўйилди. Мазкур инновацион дастур орқали томошабин маълум бир экспонат ҳақида ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида маълумотга эга бўлади. Бу илованинг бошқаларидан фарқли хусусияти шундаки, смартфон экранида “Буюк Соҳибқирон – буюк бунёдкор” деворий рангтасвир асари, Оқсарой, Улуғбек мадрасаси ва расадхонаси, Амир Темур мақбараси макетлари, Амир Темур, Халил Султон, Бобур, Улуғбек ва бошқа кўпгина экспонатлар турли эффектларда намоён бўлиб, уларнинг ҳақиқий образи гавдаланади.

Бу каби янгиликлар ўқувчиларда музейга бўлган қизиқишини янада оширмоқда. Бизнинг вазифамиз ёш авлодга буюк аждодларимиз тарихини ўргатиш, Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги ва истиқболи учун маънавий етук, муносиб фарзанд  тарбиялашдир.

Д.АЗИЗОВА,
ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи 
“Экскурсиялар” бўлими мудири