« Back

9 май – Хотира ва қадрлаш куни 10.05.2020 13:23

«Шомаҳмудовлар оиласига бордим, улар билан яшадим» — Шуҳрат Аббосов «Сен етим эмассан» фильми ортидаги ҳақиқатлар ҳақида

Ҳар бир даврнинг, асрлар ўтсада, унутилмайдиган фожиалари бўлади. Иккинчи жаҳон уруши ҳам тарих саҳифаларида ХХ асрнинг изтиробли йиллари бўлиб қолди.

1941 йил. Июнь. Ватан ҳимоясига отланганлар билан тўла вагонларни тиргакка олган паровоз фронтга йўл олди. Кўп ўтмай ортга қайтган ўша вагонларда оч-наҳор, юпун болалар ойналардан мунгли қараганча бегона юртга келди. Шу тариқа салкам ярим миллионга яқин турли миллат ва элат болалари Ўзбекистонда бошпана, меҳр ва мурувват топди.

Иккинчи жаҳон уруши тугагач, ўн беш йиллар ўтар-ўтмас тажрибали кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов “Сен етим эмассан” фильмига қўл урди. Фильм уруш қийинчилигини елкасида кўтарган халқ жасоратини мадҳ этарди.

Бугун бу фильмни суратга олганлар ҳам, ажойиб роль ижро этганлар ҳам орамизда йўқ. Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Илҳақ” фильмини ҳаяжон ва кўзда ёш билан кўрдик... Бу фильм ҳақидаги кўрсатувда экран асарини суратга олишда қанчалик катта имкониятлар бўлгани таъкидлаб ўтилди. Барчага ибрат бўладиган бу фильм ҳақида мулоҳазаларимизни қоғозга туширяпмиз.

Биз марҳум Шуҳрат Аббосов билан суҳбатлашганларимизда у фильмларини қандай тазйиқлар остида суратга олганларини изтироб билан ҳикоя қилиб берарди...

Асрларга татийдиган, ҳазрати инсон ҳақида ҳикоя қилувчи ўлмас асарларнинг ижодкорлари хотираси ҳам ҳамиша қалбимизда сақланади.

Кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов хотираларидан:

- Ўша кезлари қандай филм олсам экан деб ўйлаб юрган эдим. Кинорежиссёр Малик Қаюмов: “Шуҳрат, тошкентлик тақачи Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида филм қилмайсанми? Мен ҳужжатли филм олдим. Жуда кўп қизиқ характерлар бор. Бир ўйлаб кўргин-а”, - деди.

Ҳужжатли филм қаҳрамонларининг оиласига бордим. Уларни кўриб ўзимни йўқотиб қўяр даражада ҳаяжонландим. Воқеликдан ниҳоятда таъсирландим. Қандай қилиб бир-бирини танимайдиган ҳар хил миллат вакилларининг бошини бириктириб, оила муҳитини яратиш мумкин?

Онам бизни оёққа қўйиш учун ёлғиз ўзи не-не машаққатлар чекмади. Ҳар биримиз бир дунё, ўзимизга яраша шўх ва “қулоқ” сиз эдик. Эсимизни танигунча қайси йўлларга кирмадик. Вақти келса, адашдик, хато қилдик. Онамизнинг юрагидаги изтироблар юзидаги ажинлардан кўп бўлса кўпки, асло кам эмасди…

Нима учун ҳужжатли филм қаҳрамонлари нотаниш болалар дунёси: кечинмалари, дардлари билан яшашни танлашди? Бу азоб-ку! Болаларни бир оилада қандай тутиб туришади? Уларни бунга нима мажбур қилди? Эр-хотин бефарзанд бўлса… Ота-оналик туйғуси уларда номаълум бўлса… Ўзганинг боласига бу меҳр қандай пайдо бўлади? Улар кўнгилларидаги бўшлиқни шу йўл билан тўлдиришдими? Шу каби саволлар менга тинчлик бермади. Филм яратиша жазм қилдим. Мақсадимиз ўзбек оиласининг руҳиятини очиб бериш эди. Оила қонуниятлари , миллатнинг умумий характери, ўша даврларда ўзидан кечиб , ўзгага илиниб яшаш нималигини кўрсатдик.

Болалар роли учун телевиденияга эълон берилди. Қаҳрамонларни танлаш осон кечмади. Фильмнинг хомаки нусхаси ҳайъат аъзоларига кўрсатилганда, “Қийинчиликларни кўрсатманг, социалистик мамлакатда уруш йиллари ҳам дон-дун, нон етарли бўлган. Қаҳрамонингиз эса нон карточкасини кўтариб узоқ навбат кутиб туради. Бу кадрларни олиб ташланг”, деган кўрсатмалар беришди. Режиссёр эса зуғумдан қаттиқ таъсирланиб бетоб бўлиб қолди. Уни касалхонага жўнатишди. Фильм учун қурилган саҳналарни бузиб ташлашди. Бу ҳолатни кўрган Лутфихон ая Саримсоқова: “Шуҳратжон мард йигит экан. Босиқлик билан иш тутяпти. Фильмни катта меҳр билан ишлаяпти. Шундай режиссёр билан ишласанг-да”, деган эди…

ОИЛАГА ЙЎЛ

- Бош қаҳрамонларни талқин этишга профессионал актёрлардан Обид Жалилов ва Лутфихоним Саримсоқова танланди. Чунки шу болаларни ҳаётда улар ўз тарбиясига олишларига ишондим. Аянинг ўзи ҳам етим бошини силаган…

Ижрода икки актёр ажойиб уйғунлик ҳосил қилишди. Ота оғир-вазмин. Унинг ўз диалектикаси бор. Она куюнчак, кўнгилчан.

Филмда отанинг маъсуляти, бурчи, ташвишини ўзига хос характер, ҳаракатларда очдик. Замон оғир, у ўғил болалар тарбияси учун масъул. Меҳрибончилик кўрсатиб, панд- насиҳат қилаверса, салобатини йўқотади. Ўсмирлар бу инсоннинг қўлидан ҳамма нарса келишига ишонади. Ўз тақдирларини унга топширишади, унга суянишади.

Ўн тўрт бола – ўн тўрт хил феъл-атвор. Ўзаро майда тўқнашувларни бартараф этиб бир бутун оила сари йўл олиш осон эмас эди.

“Сен етим эмассан” филми урушнинг хроникал қадрлардан бошланади. Завод ишчиларининг ишлаши, ярадорлар, қаровсиз болаларга тўла вагонлар, қўлтиқтаёқли солдат… Сўнг воқелик бизни моҳиятга етаклайди. Фильмда уруш болалар онгу шуурига қандай таъсир қилганини кўрсатиш асосий мақсад қилиб қўйилган эди.

Филмда шундай эпизод бор. Фашистлар партизанни тутиб олишади. Фашист ролини ижро этаётган Абрам “партизан” ни сўроққа тутади. Ўзи ҳам асабийлаша бошлайди. Бу ҳолатни режиссёр болаларни руҳиятидан келиб чиқиб очади. Сўроқ-қистоқни давом эттираётган Абрам юзида оғриқли хотиралар зоҳир бўлади. Овоз оҳанги ҳам ўзгаради… Йирик планда Абрам шафқатсизлик билан “Қани партизан?!” деб бақиради. Бу овоз бола хотирасида фашистнинг сўроғи эди. Ўқ овози эшитилади. Бу кадр кичик нуқтаси эди. Бола хушидан кетади.

- Асарни кўп қийинчиликлар билан тасмага туширдик. Фильм ҳаётий чиқиш керак эди. Шунинг учун Шомаҳмудовлар оиласига бордим, улар билан яшадим. Ижодий гуруҳга янги сценарий тайёрлашимизни билдирдим: “Сценарийнинг услуби, жанрини танлаймиз, оиланинг ҳаётинигина оламиз. Бадиий тўқима, тасаввур, ижод билан умумлашма образлар яратамиз”.

Кадр танлаш, актёр ўйнатишда 1956-1959 йилларда Москвада ўқиганим, мумтоз асарлардан намуналар кўрганим фойда берди. Тўғриси, бор “ҳийла”мни ишга солганман. Ўн тўрт болани битта кадрда ушлаб туриш қийин. Улар турли ёшда, ўзига хос характердаги болакайлар эди. Ўзига яраша инжиқликлари ҳам бор. Лекин, энг асосийси, улар масъулиятни ҳис қилишди. Каттароқ болаларга эпизод мазмуни, мизансаҳналарни тушунтирдим. Кичкинтойларга эса бажарадиган ишларни гапириб, кўрсатиб турдим. Кино қонуниятига кўра болаларни тўрт соатдан ортиқ ўйнатиш таъқиқланади. Болалар зерикади, чарчайди, қорни очади. Баъзилари эса ўйнашдан аввал “талаб”лар қўйишади. Қаҳрамонларимдан бири фильмни қаерда кўрсатишимни сўради.

- Кўп давлатларда.

- Яхши, агар мени чет элларга чақиришса, устозимсиз бормайман, дейман. Лекин сизга таклифнома келса, ўзингиз кетаверасиз, эсингизга ҳам келмасам керак… Шундайми?, - деса бўладими!

- Йўғ-е, нималар деяпсан, мен сенсиз ҳеч қаерга бормайман.

- Қасам ичинг!

- Агар сени ташлаб кетиш ниятим бўлса, картина яхши чиқмасин!

- Ишондим. Бўпти… Ўйнайман.

Бир неча кун шаҳарнинг шаҳарнинг турли кўчаларида болаларнинг кинотеатрдан уйига югуриб келиш эпизодини суратга олдик. Болалар ҳар сафар образга киришди, ҳаяжонларини йўқотишмади. Бу ерда Дзидра ролини ижро этган Лариса Луппиан ижросини алоҳида таъкидлайман. Иқтидорли, ҳис-туйғули қизалоқнинг образига бу қадар кириб кетишидан, тўғриси, чўчидим. Суратга олиш ишини тўхтатмоқчи бўлдим. Лариса эса ўйнайман деб қайсарлик қилди. Югураётганидаги “Ойи, ойижон, ўзимнинг ойижоним”, деган овозини қойилмақом қилиб бир уринишда ижро этди.

Фильмда Дзидра эгоистик характери билан эътиборни тортади. Бу билан у урушгача қандай оилада яшаганини билиш мумкин. Янги оиланинг муҳити, ота-она меҳрибончилиги унга акс таъсир беради. Дзидра жиззаки, қайсар қизалоқ қиёфасига киради. Болаларнинг кинога бориш эпизодини олайлик. Уйда Ринат билан Ляна қолади. Дзидра исмли қизини аҳтаргани аёл келади. Ляна бу хабарни ўқдек учиб бориб болаларга етказади. Ҳамма кинонинг бахридан ўтиб, уйга чопишади. Юракни ўртовчи соғинч, йўқотилган онани кўриш истаги, жовдираган нигоҳлар, энтиккан нафаслар “Ойижон!”га айланиб бўрондек отилиб чиқади… Ҳаяжон, умид, ҳадикчан қизиқиш билан нотаниш аёлга термулишади. Аммо… Дзидранинг умидлари чиппакка чиқади. Аёл узр сўраб, хонадонни тарк этади. Қизалоқ қалбидаги оғриқни алам, қўрслик билан енгмоқчи бўлади. Дарс қилдим, деб онасини алдайди. Фотима холанинг куюниб: “Нега онангни алдайсан?” деган сўроғига заҳарҳандалик билан: “Менинг онам йўқ! Мен етимман, шунинг учун мени боқиб олгансиз”, деб жавоб қилади.

Эрта тонг. Қизалоқ ойнага қараб, ўзига ўзи йиғлаб гапиради: “Агар ойим тирик бўлганларида эди… Азизам менинг, меҳрибоним менинг, ўзимнинг ойижоним…”

Режиссёр Шуҳрат Аббосов бу кадрда болаларнинг қалб жароҳатларини очи беради. Қизалоқ соғинган онасини кўзгудаги ўз аксидан топмоқчи бўлади.

Раҳмат Файзий хотираларидан:

- “Сен етим эмассан” сценарийсини ёза бошлаганимдаёқ уруш йилларида етим қолган турли миллат болаларидан ўн тўрт ўғил-қизни ўз бағрига олган меҳрибон она ролини фақат Лутфихон аяга мўлжаллаб ёзган эдим. Шундай қилиб, кинофильмдаги она – Фотима хола ролини Лутфихон ая ижро этадиган бўлди. Бу ўринда мен Луфтихон аянинг шу образини қандай яратганини таҳлил қилиш ва унга баҳо бериш мақсадида эмас, суратга олиш пайтидаги баъзи ҳолатларни айтиб ўтмоқчиманки, зора, севимли актрисамизнинг лоақал шу ролни ижро этишдаги маҳоратини қисман бўлса ҳам кўрсата олсам…

Фотима хола ўз тарбиясига олган болалардан бири Ринат уйдан чиқиб кетиб қолади. Унинг ярамас йўлга кириб кетишидан ҳавотирланган она қидириб юриб, Ринатни бозорда, арава тагига ўйиб қўйилган тарвуздан биттасини ўғирлаб тургани устидан чиқиб қолади. Ғазабга келиб Ринатнинг юзига тарсаки тортиб юборади.

- Ҳали шунақа йўлга кирдингми-а?

Ринатнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб ёрилади, йиғлайди. Фотима холани жеркиб беради:

- Нега урасиз мени? Ўзимнинг ойим ҳам мени урган эмас, билдингизми?!

Бу саҳна ёзнинг жазирамасида Тошкентнинг Чорсу майдонидан бозорга кираверишдаги кўчада олинаётган эди. Шу ерда турганлардан кимдир аяга ҳазил қилиб:

- Қаттиқ уриб юбордингизми, болани? – деб қолди. Ая иссиқдан терлаган юзларини арта туриб шундай деди:

- Гап тарсакининг қаттиқ-юмшоқлигида эмас. Агар мен бировнинг боласини уряпман деб тарсаки туширсам ва ўзимни бегонадек тутсам, етимни тарбиямга олганимга томошабин ишонмайди. Ахир, ёмонлик қилган ўз болангизни жаҳл устида сиз ҳам аямай урмайсизми?

Фотима хола арава гупчагига суяниб, ғазабдан дағ-дағ титраб тураркан, Ринат қочади, уни ушлаб олишади. Бола йиғлайди. Бир кўзи ожиз келбатли йигит уни судраб милицияхонага олиб кетади. Ҳозиргина бутун вужуди ғазаб ўтида ёнаётган она йигитнинг қўлида калхат чангалига тушга жўжадек типирчилаб дод солиб кетаётган Ринатнинг орқасидан қараб оналик меҳри жўшиб кетади. Кўзларида ёш пайдо бўлади. Болага юраги ачийди, беихтиёр унинг кетидан бориб, йигитга ялиниб-ёлвора бошлайди. Аввалига Фотима холани жеркиб-силтаб гапига қулоқ солмаган йигит тўхтайди.

- Нима қиласиз аралашиб, кимингиз бўлади бу, ахир?

- Ўғлим!

Йигит бир онага, бир болага қарайди:

- Ўзингизникими?

- Ҳа, ўзимнинг ўғлим.

Йигит шахтидан қайтиб, болани қўйиб юборади. Мана шу ҳолат, онанинг бир неча дақиқалик кечинмалари, вужудига кўчган титроқ Лутфихон ая ижросида асар мақсадини рўёбга чиқаради.

ЁРУҒ ЮЗ БИЛАН

Шуҳрат Аббосов хотираларидан:

- Филмни суратга олиш ишлари якунланиш арафасида эди. Тошкентга Хрушчев келадиган экан. Раҳбарларга ютуқларимиз, эътиборга лойиқ ишларимизни кўрсатиш топширилди. Марказкўм котибаси Зуҳра Раҳимбобева: “Ўзбекфильм” да яхши кино чиқибди. Шу филмни кўраман” , деб қолди. Фильмни намойиш қилганимиздан кейин эса, у: “Вой, йўқ-йўқ, бу филмни зинҳор-базинҳор кўрсатиб бўлмайди. Фильм биргина оиланинг ҳаёти билан чегараланган. Боз устига болаларни аҳволини қаранг… Нонга навбатни-чи? Агар билсангиз, уруш яна беш-ўн йил давом этса ҳам, ҳукуматимиз шунча вақт аҳолини карточка орқали нон билан таъминлаш имкониятига эга эди!” деди. Бир неча кундан сўнг фильмни Шароф Рашидов кўрадиган бўлди. У Марказқўм аъзолари билан келди. Фильм кўрагидан сўнг: “Халқлар олдида юзимиз ёруғ! Биз фашизмни қурол билан эмас, халқларнинг бирлиги, инсонпарварлик ғояси билан енгдик. Зуҳра Раҳимовна, яхши фильм қилиш қийин. Фильмни тушуниш эса ундан-да қийин”, деди.

Маданият министри Собир Муҳамедов билан Тошкентдан Москвага йўл олдик. Йўл олис, кўрикка бироз кечикиб бордик. Фильмни Маданият министри Фурцова қабул қилаётган экан. Кинозал этиш тагида кутдик. Бир пайт залдан йиғлайверганидан кўзлари қизариб, дастрўмоллари ҳўл Фурцова билан Галина Уланова чиқиб келди. Министр кўзгуга қараб:

- Ахир, бу қанақа картина ўзи?! Уни қандай қўриб бўлади? Мана, фильм мени қай аҳволга солди! – дея хитоб қилди.

Котиба имо қилиб, бизни кўрсатди.

- Мана, фильм ижодкорлари.

- Кўрганларимиз ҳақиқатми?

- Ха.

- Ундай бўлса, фильм охирида ўша оилани ҳам кўрсатинг.

- Кечирасиз, бундай қилолмайман. Агар томошабин кўрган нарсаси “кино” эканлигини билиб қолса, қилган меҳнатларим чипакка чиқади.

- Ундай бўлса, титрда “кўрганларингиз – ҳақиқат”деб ёзиб қўйинг. Мен бу асарни дунё бўйлаб кўрсатаман.

“Сен етим эмассан” фильмини дунёнинг 33 давлати сотиб олди. Бу фильмни фашизмга қарши курашган халқларнинг барчаси бир вақтда кўришга муваффақ бўлишди.

Бир куни йўлда мени нотаниш киши тўхтатди-да:

- Мен кинони тушунмайман. У яхшими-ёмонми, мутахассислар томонидан қандай баҳоланганини ҳам билмайман. Муҳими, сиз авлиёларнинг ишини қилдингз. Бу савобли ишнинг роҳатини кўрасиз, - деди.

“Сен етим эмассан” фильми ўзбек киносида ҳужжатлилик тамойили асосида яратилган биринчи бадиий асар ҳисобланади. Суҳбатимизнинг бирида атоқли режиссёримиз: “Мен етимликнинг нонини еб катта бўлганман. Соғинч нималигини, кутиш қандайлигини, қалб оғриқларини жуда ёш пайтимдан ҳис-қилганман. Истасам-истамасам, бу кечинмаларим фильмга қоришиб кетган”, деган эди.

Аслида, “Сен етим эмассан” фильми ҳар бир инсоннинг (жумладан режиссёрнинг ҳам!) ўзида сақлаб қолиши керак бўлган болалигидир.

Маҳлиё МИРСОАТОВА, 
киношунос, журналист