« Back

Адиблар хиёбони 08.06.2020 13:33

Барҳаётлик белгиси

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари Адиблар хиёбонида буюк ўзбек халқининг буюк адиби Абдулла Орипов сиймоси акс этган ҳайкал қошида жам бўлишган. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Сирожиддин Саидов, истеъдодли шоир Рустам Мусурмон ва профессор Қиёмиддин Назаровлар иштирок этишиб, давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов даҳоси ва закоси борасида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

«Адабиётга яқинлашиш маърифат, маънавият, маданият билан ошна бўлиш демакдир», дейди ТИҚХММИ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р. Чориев. Ушбу хайрли ва маърифий мақсадни назарда тутган ҳолда, ташаббус билан чиққан Президентимизнинг «Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак» - дейишларида улкан мақсад, оммани илмга, китобга чорлаш ниятлари борлигини англаш қийин эмас.

Шунинг учун ҳам сўлим боғда жамулжам бўлган маърифат ва адабиёт дарғаларининг ҳар бири маънавиятнинг маёғи сифатида дилларни ёритади. Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар бир олий таълим муассасасига улардан бири бириктирилган бўлиб, ўша таълим масканининг талабаларидан тортиб профессор ўқитувчиларигача белгиланган адибнинг ҳаётий ва ижодий фаолиятига доир маълумотларни тўла ўрганиб тарғиб қилиши талаб этилади.

Институтимизда ҳам адибнинг ижодини тарғиб қилиш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилиб шоир ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар режалаштирилган. Жумладан, институтимизда Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган музей очиш, адиб ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган туркум онлайн-вебинарлар ташкил этиш, Абдулла Орипов туғилиб ўсган Қашқадарё вилояти Косон туманига талабалар саёҳатини уюштириш, шунингдек, институтда Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва шу муносабат билан республика миқёсида конференция ташкил этиш, Абдулла Ориповнинг оила аъзолари билан яқин алоқа ўрнатиш ҳамда ҳужжатли фильм яратиш, Институтда «Абдулла Орипов издошлари» тўгарагини ташкил этиш, адиб номидаги стипендия жорий этиш, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиш биз келгусида амалга оширадиган режаларимиз ҳисобланади.

Бу каби ишлар институтда таҳсил олаётган ҳар бир талабанинг кўнглида адабиётга бўлган меҳрини оширишида, қолаверса миллатимизнинг буюк вакилларини яқиндан танишига маънавий ва маърифий кўприк бўлишини ҳеч ким инкор эта олмайди.

ЎзА