« Back

Аждодлар мероси 03.05.2020 14:14

Соҳибқирон давридаги мўъжаз мажмуа

А.Темур-музей Амир Темур ҳақиқий инсон каби яшади, инсоният учун қўлидан келганча эзгу ишларни ҳам амалга оширди.  Соҳибқирон Амир Темур ва унинг авлодлари давридан бизнинг кунларгача бир қанча муҳташам санъат обидалари  сақланиб қолган.  Бу эса Амир Темур ҳомийлигида мамлакатда меъморлик ва шаҳарсозлик ғоят ривожланганлигидан далолат беради. Соҳибқироннинг меъморий бунёдкорлиги соҳасидаги беқиёс ишларини Шаҳрисабз, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Туркистон шаҳарларида ҳозиргача сақланиб қолган ноёб ва нодир обидалар мисолида кўришимиз мумкин.  Амир Темур ва Темурийлар даври меъморчилиги нафақат ўзининг янги шаҳарсозлик ғоялари, ансамблсозлик маҳорати, ҳашаматли иморатсозлиги, турли-туман қурилмалар ва нақшу пардоз воситаларининг яратилиши билан ажралибгина  қолмасдан, у ўзидан кейинги давр  Марказий Осиё, Хуросон, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа ёндош давлатлар меъморчилиги тараққиётига ижобий таъсир кўрсатганлиги билан ҳам катта аҳамият касб этади. Ушбу муҳташам обидалар тарихи ҳамда XVI асрдаги қиёфасини биз Темурийлар тарихи давлат музейида кўришимиз мумкин. Улардан бири Туркистондаги Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасидир. Туркий халқлар тарихида кенг шуҳрат топган ва юксак нуфузга эришган улуғ зотлар жуда кўп бўлган, лекин Хожа Аҳмад Яссавийга ўхшаб асрлар мобайнида туркий қавмлар руҳоний ҳаётига раҳнамонлик қилган ва шу кунларга қадар тасаввуф, адабиёт, маданият, ҳатто сиёсат жабҳасида ўз таъсирини намойиш этган. Аҳмад Яссавий ўз она туркий тилини биринчи бўлиб тариқат тили мақомига кўтарди.  Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси  XIVаср охирида  Амир Темурнинг буйруғи билан барпо этилган. Шарафиддин Али Яздийнинг берган маълумотларига қараганда мақбара 1379-1399 йилларда қурилган. У дунё томонларига мўлжаллаб тўғри тўртбурчак шаклида қурилган. Мақбара Аҳмад Яссавийнинг қабри устига қурилган бўлиб баландлиги 37,5 метр. Мақбара йўлаклар воситасида ўзаро боғланган тўққиз хонага бўлинади. Мақбаранинг ғарб томонида масжид, шарқда Оқсарой деб аталган зиёратхона бундан ташқари кичик ҳужралар, гўрхона, кутубхона, ошхона, қудуқхона  ва кичик Оқсарой бор.

P1140109 Алишер Навоий бу улуғ турк пири ҳақида шундай деган эди “Аҳмад Яссавий – Туркистон Мулкининг шайхул машойихидир. Мақомоти олий ва машҳур, каромати матавилий ва номахсур эрди. Мурид ва асҳоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси остонасида ниҳоятсиз эрмиш”.

Мақбаранинг асосий зали – Қозонхона (жамоатхона) ҳисобланади. Унинг марказида санъат асари сифатида диққатни ўзига тортадиган қирқ қулоқли қозон сақланади. Бу жамоатхонанинг гумбази 18,2 метрга тенг, ташқи томони 20,5 метр. Қозонхонанинг ўймакор эшиклари бетакрор услубда ишланган, бўлиб унга уста Иззуиддин бини Тоджаддин Исфахоний исми битилиб, “Темур Кўрагон буйруғи билан худонинг марҳаматига сазовор бўлган Шайх Ахмад Яссавий сағанасига” деган ёзувлар ҳам битилган. Деворларида безак асосан куфий хатида бажарилган. Бино безагида муқарнас, кошинкорлик, ўймакорлик безаклари қўлланилган. Мақбарадаги ёзувларда бир қатор меъмор ва усталарнинг исмлари битилган. Меъмор Шамс абл ал-Ваҳиб Ширази ал-банна исми ва 1398-1399  йил кўрсатилган. 

photo_2020-05-03_14-15-56 Ислом дунёси учун Маккадек муқаддас обида бўлиб қолган бу мақбарадаги дошқозон ўз кўлами, салобати ва нафислиги билан дунёда ягона бўлиб, ғоят нодир санъат асари сифатида машҳурдир.

 Қозон Эрон кулоли Абдулазиз Шарафиддин ал-Табризий томонидан ишланган. Дунёда ягона деб тан олиб келинаётган мазкур қозон икки қисм: қозон ва тагликдан иборат. Унинг оғирлиги 2 т, юқори айланаси 2 м, 45 см, бўйи 1 м, 62 см бўлиб, етти хил металл қоришмасидан (хафти жуш) ишланган (олтин, кумуш, мис, қалай, темир, қўрғошин, рух) сиғими 3000 литр. Қозоннинг ташқарисида юқори қисмдан пастга қараб уч қатор қилиб нақшланган эпиграфик “белбоғ”лар билан ўралган. Биринчи “белбоғда” “сулс” ҳарфлари воситасида жимжимадор қилиб битилган ёзувда  “Бу сув ичадиган идиш, Амир Темур Кўрагоннинг буйруғига биноан 1399 йилда”, “ислом шайхи, оламдаги машойихларнинг султони Шайх Хожа Аҳмад Яссавийга” бағишлаб қурилган. Эрон устанинг исми Алоуддин  Шарафиддин Ал-Табризийнинг исми ҳам ёзилган.  Қозон безак, кўрк, дабдаба учунгина эмас, бу ерга чанқаб келган кишилар ичимлик суви билан таъминлайдиган идиш вазифасини ўташ учун ишланган. Биринчи белбоғда қуйидаги сўзлар қайд қилинган “Кимда – ким Оллоҳ йўлига сув ичадиган иншоот қурса, Оллоҳ унга Жаннатдан ҳовуз қуради”. Турк халқларида қозон тўқлик ва меҳмондўстлик рамзидир. Бу қозонда доимо зиёратчилар учун етарли миқдорда сув бўлган. Иккинчи “белбоғ” энсизроқ бўлиб, унга форс тилида “Мурувватли бўл” деган сўзлар ёзилган. Бошқа қаторларда ҳам кўп сўзлар битилган бўлиб, “Бийлик Оллоҳда” деган ёзув 22 марта такрорланган. 

20160119_155334 Дунёда ягона деб тан олинган мазкур қозон Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасининг бетакрор ҳуснига ҳусн қўшиб турган нодир санъат асаргина эмас, Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг улуғворлигини, қудратини намойиш этадиган рамзий бир тимсол ҳамдир.

Д.АЗИЗОВА, 
ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи “Экскурсиялар” бўлими мудири