« Back

Бебаҳо мерос 11.04.2020 13:06

"Ўткан кунлар" хитой тилида

Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи хитой тилига таржима қилиниб, 2000 нусхада Хитойда чоп этилди.

Бу ўзбек адабиёти дурдоналарини хорижий тилларга таржима қилиш орқали халқимиз маданияти ва меросини жаҳонга танитиш йўлидаги навбатдаги қадамлардандир.

Ушбу китоб таржимаси Тошкент давлат шарқшунослик институтининг доимий ҳамкори бўлган Ланжоу университети чет тиллар институти доценти Ди Сяося хонимнинг икки йиллик меҳнати самарасидир. 

Ди Сяося бу машаққатли ишни Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Конфуций номидаги ўзбек-хитой институтида хитой томонидан директор лавозимида ишлаган пайтда бошлаган эди. 

Ди Сяося ўз ишига ниҳоятда талабчан, таржимашунослик бўйича чуқур билимга эга мутахассис бўлиши баробарида Ўзбекистонни, ўзбекларни ҳурмат қилгани ҳамда бу ердаги ҳаёти давомида кузатган ва ўрганганлари қўл келиб, ушбу мураккаб ишни охирига етказди ва китобни чоп этишга муяссар бўлди.

Ушбу таржима асар маърифатпарвар Абдулла Қодирийнинг туғилган кунида алломанинг кўп сонли мухлислари учун катта совға бўлди.

ЎзА