« Back

Биргаликда Енгамиз! 02.04.2020 12:01

САНЪАТ АҲЛИ ҲАМИША ФАОЛ

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда шу кунларда санъат аҳлининг жимиб қолгани, хайрия ишларида ҳам фаол эмаслиги ҳақида турли фикрлар билдирилмоқда.

Аслида миллат бошига оғир кунлар келганида санъаткорлар ҳам четда турмасдан, биринчилардан бўлиб, карантин даврида одамларнинг уйда ўтиришлари учун тайёрланаётган турли кўнгилочар кўрсатувлару, коронавирусдан ҳимояланиш учун нималарга амал қилиш кераклиги ҳақидаги турли челленджларда фаол иштирок этишмоқда.

Бундан ташқари, санъаткорларимиз ҳам кўпчилик қатори халқимизнинг оғир кунларида юртимизда янги ташкил этилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ва кам таъминланган оилалар, аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами учун ҳам хайрия ишларини амалга ошириб келишмоқда.

Фақат бундай ишлар хайрия бўлганлиги боис, кўпчилик санъаткорлар томонидан ошкор қилинмасдан келинмоқда. Бугунги кунда бизга маълум бўлганларидан, карантин даврининг илк кунларидан то шу кунга қадар Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Фаррух Зокиров, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Улуғбек Раҳматуллаев, Мавлуда Асалхўжаева, Ҳосила Раҳимова, Алишер Турдиев, Зиёда Қобилова, режиссёр Саъдулла Абдуллаев ҳамда бошқа санъаткорлар томонидан “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига 200 миллион 500 минг сўм ҳамда кам таъминланган оилалар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами учун 152 миллион сўм, умумий ҳисобда 352 миллион 500 минг сўм хайрия маблағлари йўналтирилган.

Бундан буён ҳам бу борадаги ишлар фаол давом этади. Санъаткорлар ҳар қандай кунда доимо халқимиз ва мухлислар билан бирга.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси
Ахборот хизмати