« Back

Бой маданий мерос 28.08.2020 14:04

ОНЛАЙН ФЕСТИВАЛДА ИШТИРОК ЭТАДИ

Бугунги кунда юртимизда миллий маданиятни ривожлантириш, халқимизнинг  маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга  қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

photo_2020-08-28_14-06-12 Мамлакатимизда ўзбек миллий санъатини янада ривожлантириш, унинг бой тарихи, аждодларимиздан қолган ўлмас меросини акс эттирувчи бадиий баркамол асарлар яратиш, халқимиз маънавиятини янада юксалтириш, ёш авлод қалби ва онгига эзгулик ғояларини сингдиришда театр санъатининг роли бениҳоя катта.  

Шу йилнинг 26 май санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унга кўра бой тарихи, ўзбек миллий қўғирчоқ театри мактабининг шаклланиши ва ривожланишидаги беқиёс ҳиссасини инобатга олиб Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номи берилди.  Қадрдон театримиз жамосининг қувончи ичига сиғмай, қалби ғурур ва ифтихорга тўлиб тошди. Бугунги кунда хурсандчилигимизнинг чеки йўқ.           

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги “2018-2022  йилларда театрларнинг моддий-техника  базасини мустаҳкамлаш  ва уларнинг фаолиятини  ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан театримиз биноси замон талаблари асосида таъмирланиши, унга Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри, дея ном берилгани ушбу масканнинг 80 йиллигига муносиб совға бўлди.

Бугунги кунда қўғирчоқ театри ижодкорлари яна бир қувончли байрамни нишонлаш арафасида. Шу йилнинг  5-8 сентябрь кунлари  Республика қўғирчоқ театрларининг  анъанавий  ХII  онлайн кўрик- фестивали бўлиб ўтади. Қўғирчоқ театри санъати соҳасида  ташкил этилаётган  кўрик-фестивалнинг мақсади Ватанимиз мустақиллигини, миллий қадриятларимизни тараннум этувчи, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида  инсоний фазилат, эзгулик, ватанпарлик каби туйғуларини  кучайтиришга  хизмат қилувчи  саҳна асарлари тарғиб қилиш, бадиий жамоаларнинг ҳамкорлик доирасини  кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш Ўзбекистон қўғирчоқ театри санъатини энг сара спектакллари билан таништиришдан  иборат.

Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри мазкур онлайн фестивалда “Маша буви ёпган бўғирсоқ” спектакли билан  иштирок этади. Муаллиф ва режиссёр Эвелина Арипованинг бу саҳна асарида оилавий қадриятлар, дўстлик, ўзаро ёрдам ғояси илгари сурилган. 

Икром ЭРҚУЛОВ,
Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри Абадий бўлим мудири