« Back

Ғалабанинг 75 йиллиги 29.04.2020 14:52

Бўронларда қолган баҳорлар

(Очерк)

Ўн тўққиз ёшлилар

Эр бошига иш тушса, этик билан сув кечар, деган нақлнинг мазмун-моҳияти ҳақида кўп ўйлаганман. Нега бундай дейишган экан? Буни қачон эшитганим, қулоғимга қандай зил-замбил бўлиб қуйилиб қолганини ҳам изоҳлаб беролмайман. Бундай тишли-тиғли гаплар Худо раҳмат қилгур катта энамдан чиқар эди. Демак, бу ақиданинг томири ҳу-у-ув болаликнинг кўксига бориб қадалади. Энамиз-да, энамиздан бошқа ким ҳам айтарди бундай мақол-маталларни… Ёки “этик билан сув ичар...” деб тузатилса маъно чиқармикин? Йўқ, барибир шууримга шувиллаб ёпишган, энди бугунга қадар хаёлимдан кетмай ўрнашиб қолган ушбу илдизгапнинг моҳиятини ҳозирги дамларгача, айни, шу очеркни ёзгунга қадар тушунмай келгандим. Сув кечар, дея якунласангиз ҳам, сув ичар, деб тугалласангиз ҳам энамнинг оғзидан эшитганим ўша мақолнинг моҳиятига етгандай бўлдим. Оҳ, деб юбордим, халқдан айланай, халқ билиб гапиради, халқ беҳудага оғзининг тафтини шамолга олдирмайди. Бугун, айни, шу бугун топдим: “Эр бошига иш тушса, этик билан сув кечар…” Сиз ҳам шу таги-туглик таъкидни қачонлардир эшитгансиз-а? Эшитгансиз! Бугун ўша – этик билан сув кечган эр йигитлар ҳақида гаплашамиз.

Ташналикда сувнинг қадрига етасан. Очликда ноннинг. Хасталикда бир ютим ҳаво қаҳат. Бироқ тинчликнинг қадрига етиш учун бир лаҳзагина бўлса ҳам урушни кўришнинг ҳожати йўқ. Уруш ҳамма фожиаларни бирданига ўзи билан бирга олиб келади: очлик, қаҳатчилик, азоб-уқубат, хасталик… бари-барини.

Тўқликнинг дормандаси, тинчликнинг арзандаси бўлиб, эр етса-да эркакликка эмас, эркаликка мойил бўлиб қолган айрим қизнуқсли, юзига кизилча тошган укаларим мени кечирсин-у, баъзида шулар ҳам эркакмикин, деб қоламан, шуларга бир нарсани ишониб бўладими, айниқса, ўша “бир нарса” Ватан ҳимояси билан боғлиқ улуғ ақидага бориб бош урса-чи, деган хаёлга бориб қоламан.

Буларга бирор нарсани ишониб бўладими? Бизнинг замонамизда:

– Во-о-е-еей, болажоним-а! Ма, ол. Мановини еб ол. Бунисини чўнтагингга сол. Шарфингни ўраб, телпагингни ҳам бостир. Қўлқопинг қани? Жунқалпоқчин кий!..

– Мана калит, машинада бор. Отанг ўзига ҳайдовчи чақиради. Тез-тез телефон қилиб тур. Хавотир олмайин. Ўқиш кимдан қолмабди дейсан, ўқиши ҳам қурсин, дам олиб-дам олиб ўқи, компьютерга кўп тикилма. Хайр болажоним, кечқурун нима овқат қилай? Хўп, чойхонага бормай қўя қол, ўзим ош қилиб кутиб ўтираман...

“Болажон” 19 ёшда. Талаба институтда ўқийди...

...Аёз тешиб ўтиб кетяпти. Ўғлон юпун. Чидайди. Қўл-оёқлари акашак бўлиб бораяпти. Бардош беради. Йиқилмаслик керак. Тун бўйи йўл юришди. Тонг оқариб бормоқда. Нима қилиб бўлса ҳам дарё қирғоғига етиб олиши шарт. Елкасида зил-замбил юк – ўқ дори! Егуликлар, егулик қайда… Бир бурдагина қора нон қолган юкхалтасида.

(Бундан роппа-роса 77 йил илгари 1943 йил. Ҳалиги “қизилчали”нинг катта бобоси. У ҳам 19 ёшда…)

– Э-е-е-ей, ота ўғил, тойчоқ. Чарчадиларми? Бугун якшанба. Дам олинг. Онаси, тойчоққа тегинманг. Ухласин. Офиснинг иши ҳам осонмас. (“Тойчоқ” 19 ёшда, отасининг компаниясида ишлайди).

…У мижжа қоқмади. Бугун учинчи кун. Тепалик учун шиддатли жанг кечди. Уч кун ухламади. Юзи тахтадай қотиб қолган. Карахт. Буйруқ келди: тепаликка шиддат билан югурди – эгаллаш керак. Етди. Ўқбўрон ичидан омон чиқиб, етди. Ўзини қутлуғ заминга ташлаб уни қучди, ўпди, ерни ўпди. “Биз сени фашистнинг қўлидан тортиб олдик... демак ғалаба яқин…”. Ўғлон жилмайди (У ҳам 19 ёшда эди. У ҳам “Тойчоқ”нинг ёшида эди).

– Кўзингизга қараб юрингда-а… Кўз борми, ё, нима бало?..

Автобусдан шошиб тушган қиз бекатда елимхалта кўтарган отахонни туртиб юборди, мева-чева йўлда сочилиб қолди. Ота мулзам бўлди. Қиз парво ҳам қилмади-да, йўлида югургилади – шошиш керак, сабоқдан кеч қолади. (Қиз 19 ёшда эди. Университетда таҳсил оларди).

…Ҳамшира қиз ярадор аскарнинг осколка илма-тешик қилиб юборган танасидан темир парчаларини битта-битталаб суғуриб оларкан у иҳранди:

– Мени ташлаб кетавер. Ўзимизникиларга етиб ол. Шошил фашистлар қувиб келишаяпти. Сени асир олиши мумкин. Бор. Тезроқ югур. Ўтинаман, тезроқ мени ташлаб кетавер… Шошил!

Қайда. Ҳамшира ярадорни жон ҳолда олдга судради. Тизза ва билаклари жиққа терга ботган, кўзлари тиниб, мадорсизланди. Бироқ ярадор ўғлонни қўйиб юбормади, у билан бирга, уни судраб ўзимизникилар томон шошилди. Жангчи кўксида салқиган қон қизнинг юз-кўзларига тегди. Қон ва тер ҳиди. Қиз ўғлонни ажал комидан эсон-омон олиб чиқди. (Қиз 19 ёшда эди. Ўғлон 19 ёшда эди...)

– Ойи, Нигоранинг уйидагилари нима дейишди?

– Мебель-пебел беришмаскан? Тўйни камчиқим қилишармиш.

– Сиз нима дедингиз?

– Керакмас, бизга тўғри келмайсизлар, – дедим.

– Тўғри айтибсиз. Отаси ҳам ишдан бўшабди. Бекоргамасдир…

(Бўлажак куёв 19 ёшда…)

“…Нигора, мен сени бошимда кўтараман. Йиғлама, қайғурма! Ўзингни асра! Кеча укамдан хат олдим. Дадангдан қора хат келибди. Акангдан ҳам хат-хабар йўқ экан… Сен ўзингни қўлга ол, ўзингни асра! Мана кўрасан, биз енгамиз. Биз ғалаба қиламиз. Ўзингни ўша кун учун асра, жоним… Мен омон бораман. Мен сени кафтимда кўтариб юраман, ўзим сенга таянч, ўзим сенга суянч бўламан. Хабарим бор, яқинда ойинг ҳам қазо қилибди… Сен яхшиси бизникига бориб тур, онам ва укам билан бирга бўл. Минг лаънат бу урушга. Сени йиғлатган бу урушга минг-минг лаънат бўлсин...” Нигорим... Жангчи оғир ўйга толганди.

– Нимани ўйлайсан, Сатторов?

– Ғалабани, ўртоқ командир, ғалабани!

– Жангга тайёрмисан?

– Ҳа, тайёрман…

(Ўғлон 19 ёшда эди. Олдда қақшатқич жанг нафаси келиб турарди).

– Исмингиз ким?

– Баҳодир.

– Қаерингиз оғрияпти? Тиббий маълумотнома нима учун керак?

– Кеча ёмғирда қолибман. Шамолладим, шекилли. Ўқишимга керак.

Маълумотномасиз дарсга боролмайман. (Ўғлон 19 ёшда эди. Университетда ўқийди.)

…Ёмғир шаррос қуймоқда. Кун совуқ.

“Олға” садоси остида жангчи қуролдошлари қатори ўзини дарёга отди. Нариги қирғоққа сузиб ўтиш, душманни ер тишлатиш, ўч ва қасос олиш иштиёқи билан бутун вужуди аланга оларди. (Ўғлон 19 ёшда эди.)

Бу муқоясалар билан бировга тана-дашном қилиш ниятида эмасман. Фақат мардлик ва матонат тимсоли бўлган, уруш кўрган боболаримиз ўз жонларини ўлимга тиккан кезларда ортидан мана шундай айрим майинмижоз, майдафеъл алафсифатлар ҳам бўй кўрсатишини хаёлга келтирганмикан, деб ўйлаяпман. Йигитман, эрман, эркакман, деган кимсанинг шундай “илимилиқ-билимилиқ” бўлишини тасаввурига ҳам сиғдиришмаган бўлса керак улар... Агар улар бу ҳақда ўйлаган бўлсалар, ғалабадан сўнг мард-жасур, ғурури баланд, ҳозиргидай кўп-кўп ғайрат-шижоатли ўғил-қизларимиздай, ўрни ўриб, қирни қирадиган, худди ўзлари каби далли-ғулли, бир сўзли авлод пайдо бўлади, деб ўйлашган. Улар ғалаба қозонган боболарнинг ўғил-қизлари ҳам ҳамиша ҳаёт синовлари устидан ғолиб келишига ишонган.

Днепр дарёсининг суви қайнаб кетганди...

Дарёнинг нариги қирғоғи ўлим. Бу қирғоғи ажал билан юзма-юз келишга шай турган ҳаёт. Нари қирғоқда Ватанга чанг солган ёвузлик – фашизм. Бу қирғоқда эса уни тўхтатиб қолиш учун қурбон бўлишга тайёр тириклик. Ё ғалаба, ё мағлубият! Ўртада биргина дарё – Беларуснинг тақдири, бутун бошли улкан мамлакат, инсоният қисматида туб бурилиш ясашга маҳкум этилган шўрлик дарё.

Беларусь кимнинг қўлида қолади? Европага йўл очиладими, йўқ? Дунё кимнинг қўлида қолади? Башарият аъмолига нима битилган – фашизм дағдағаси остида дир-дир титраб яшайдими ёки ўз аъмолини ўзи белгилаб, озод инсондай кун кўрадими? Шундай оғриқли ва оғир саволларга эса ҳали жавоб йўқ эди.

Рўй беражак ҳал қилув ҳамласининг аҳамиятини ҳар иккала томон ҳам жуда яхши биларди. Қанчалар жонлар шу дарёга қурбонлик қилиниши борасида Иккинчи жаҳон уруши тарихининг энг даҳшатли, қора саҳифаларига буюк тақдир битик этишга шай турарди, нари қирғоқда ўлим, бу қирғоқда тирикликка умид, озодликка илинж руҳи шуъла сочиб турарди. Шундай қилиб, бу машъум уруш тарихида “Днепр учун жанг” деган изтиробли саҳифа пайдо бўлди.

Днепр қирғоғидаги Лоев... шаҳарча марказини тиш-тирноғигача қуролланган фашист газандаларидан тозалаш ўта муҳим стратегик аҳамиятга эга эди, фашистлар учун бу жойни қўлдан бой бериш Беларусни топшириш, жаҳаннамга қулаш билан баробар эди. Босқинчилар кўп миллатли совет жангчиларини кўра била туриб ўзларини ўлим қаъри – Днепр дарёсига ташлаб ўққа учиб ўлиб кетишга рози бўлишига эса газандалар унчалик ишонмасдилар ҳам. Бироқ ёвга индамасдан бўйин эгишдан кўра ўлимни афзал билган жангчилар Днепрни кечиб ўтишга аҳд қилди, қандай бўлмасин душманга қарама-қарши ҳамла қилиш зарур эди. Жангда тирик қолишни ўйлаш хоинлик қилиш, Ватанни сотиш билан баробар эди. Буни ҳар бир аскар қалбан ҳис қиларди, ана шу ҳиссиёт эса жангчиларга чексиз куч-қудрат ато этарди. Фашистлар эса ботиний, сеҳрли матонат ҳар бир жангчида қаердан пайдо бўлганини англолмай саросимага тушарди, сабаби, қарши ҳужум бошланганди – қўшин ўзини дарёга ташлаганди.

Кун совуқ эди. Кузакнинг рутубатли ҳавоси. Сув муздай. Баданингни тиғдай тиламан дейди. Қурол-яроғ, юк билан сузиб ўтишнинг ўзи бўлмайди.

Тахтадан ясалган қўлбола сол, елим қайиқлар етишмай қолгач пичан ғарамларини жамлаб уларни қаттиқ боғлаб, хашакни қайиқ қилиб жангчилар ўзларини дарёга ураберди. Дарё оқимига дош беролмаган пичан уюмлари титилиб, қанчалаб жангчи сувга ғарқ бўлди, тепада ўқ ёмғири ёғарди. Ўнг қирғоқ тепалигида мустаҳкам ўрнашиб олган душман дарёдан сузиб ўтишга уринган жангчиларни беаёв ўққа тутиб қирар, снарядлар ва гранаталар портлашидан дарё суви лопиллар эди. Бу қиёмат қойимда 10 мингдан зиёд жангчи ҳалок бўлди. Дарё қурбонлар қонидан қизариб, чайқалар, ўқ, бомба ва снарядлар ёғилиши таъсирида Днепр қайнаб-тошиб минг-минглаб мурдаларни ўз комига тортиб оқизиб борарди.

“Ўқ ёмғири дастидан сув қайнаганди. Хушназаров биринчилардан бўлиб ўзини сувга отганди. Бахтга қарши у дарёнинг жуда чуқур бўлмаган қисмига тўғри келганди. У ўз бўлинмаси билан биринчилардан бўлиб соҳилга сузиб ўтди. У қирғоққа етгач граната ирғитиб душман пулемётининг овозини ўчирди ва олдга интилди...” Бу изоҳ бизнинг ватандошимиз, самарқандлик Сафар Хушназаров ҳақида. Бу ҳайратга тўлиқ маълумотлар Днепр қирғоғидаги Лоев шаҳарчаси музейида сақланмоқда. Ўзбек жангчисининг жасорати тарихнинг, Иккинчи жаҳон уруши тарихининг “Днепр учун жанг” дея аталувчи энг изтиробли ва қайғули, шу билан шон-шараф ва жасорат чўққиси дея аталган ёрқин саҳифасида матонат тимсолида абадиятга муҳрланди.

1943 йилнинг кузида, аниқроғи, октябрь ойининг бошида Днепр дарёсини биринчилардан бўлиб сузиб ўтиб, душманни ер тишлатган, ўлим билан юзма-юз келган 6 ўзбекнинг номи алоҳида тилга олинади. Ҳа, уларнинг ҳар бири дарёнинг турли нуқталарида бир-биридан холи биринчилардан бўлиб ўнг қирғоққа ўтиб олишди. Уларнинг 6 нафари ҳам кўрсатган мислсиз жасорати учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Тасаввур қилаяпсизми, Днепрни биринчи бўлиб, ўзбек боболаримиз кесиб ўтган. Буни мен айтаётганим, ўзбек эканлигим учун қўшиб-чатиб бўрттираётганим йўқ, буни тарих гапираяпти, ҳужжатлар сўзлаяпти. Лоев музейи тилга кираяпти. Бу олти бобомизнинг исми-шарифи Лоев шаҳарчасидаги “Днепр учун жанг” Қаҳрамонлар хиёбони мемориал мажмуасида алоҳида лавҳаларда олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилган.

Тўғри, жангда қатнашган ҳар бир жангчига Қаҳрамонлик унвони берилмаганди. Бироқ кўрсатган жасорати ҳеч бир қаҳрамонликдан кам бўлмаган минглаб ўзбек ўғлонларининг жасорати ҳақида азим Днепрнинг ўзи гувоҳлик беради. Уларнинг қанчаси Днепр қаъридан макон топди, қанчаси бу садпора замин бағрида мангуга кўз юмди. Ҳа, уларнинг номини айтишга, сон-саноғи, ҳисобини келтиришга тарих ожизлик қилади. Шундай бўлсада, бизга уларнинг руҳи номаълум солдат қабрларида жо бўлгани, ёди бизнинг юрагимиздан ўрин олгани таскин беради. Ҳа, жасоратга нур ип билан боғланган ёниқ хотира бизга малҳам бўлади.

Азизларим, яхшиси, Днепр дарёсини биринчилардан бўлиб кечиб ўтган, душманга шердай ҳамла қилган 6 Қаҳрамон ўзбегимнинг улуғ номларини келтирайлик. Танишинг: Сафар Хушназаров (1906-1944), Абдусалом Деҳқонбоев (1906-1943), Жўрахон Усмонов (1923-1945), Тўхтасин Бобоев (1923-2000), Шариф Эргашев (1916-1978), Тошмамат Жумабоев (1924-1995). Эътибор берган бўлсангиз, уларнинг уч нафари ўша жангда ҳалок бўлган. Уч нафари Ўзбекистонимизга ғалаба билан қайтган.

Ҳа, улар эл-юрт бошига қора кун тушганда этик билан сув кечган эр йигитлар эдилар...

“Бу кўча ўзбек халқининг фарзанди Жўрахон Усмонов номи билан аталади”

Минскда элчихонамиз маслаҳатчиси Дониёр ака Обидов қўлимга бир хат тутганди. Лоев туман ижроия қўмитаси раиси В.А.Байкова томонидан элчимиз Носиржон Юсупов номига йўлланган ушбу расмий хатнинг мазмуни шундай: Лоев тупроғи муқаддас. У қанчалаб қаҳрамонларни ўз бағрига олган. Бу заминда ўзбекнинг 6 нафар паҳлавон ўғлони жасорат кўрсатиб Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Лоев шаҳрининг “Қаҳрамонлар хиёбони”да шу туманнинг Дережачи қишлоғида жойлашган биродарлик қабристонида 6 нафар ўзбек фарзанди ёди ҳам абадийлаштирилган. Шунингдек, Хомченко, деб номланган аҳоли пунктидаги кўча Жўрахон Усмонов номи билан аталади. Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган тантанали маросимда Лоев тумани Хомченко қишлоғидаги кўчага “Бу кўча ўзбек халқининг фарзанди Жўрахон Усмонов номи билан аталади” деган лавҳ илиниши режалаштирилган. Апрель ойида бўлиб ўтадиган бу катта тадбирга элчимиз ва элчихона ходимлари ҳам таклиф қилинганди.

Қанчалар фахрли-а? Фахрли! Ўзбекистон қаерда-ю, Беларусь қаерда? Жасур ўзбек йигити туғилиб ўсган Сирдаёнинг Ховос туманига қарашли Сават қишлоғи қаерда-ю, Беларуснинг Гомель вилояти Лоев туманига тегишли Хомченко қишлоғи қаёқда. Бугун ана шу боис қишлоқда, Европанинг тубидаги бир ўлкадаги кўчалардан бири Жўрахон Усмонов номи билан аталаётганини жуда кўпчилик ватандошларимиз, айниқса бугунги ёшларимиз умуман билишмаса керак. У бу заминда жон олиб, жон берганда, сўнгги қони қолгунча курашиб, ҳалок бўлганда бор-йўғи 19 ёшда эди. 19 ёшда-я. 19 ёшда. У мана шу навқирон умр палласида ўзбек халқининг чиндан довюрак ва жасур халқ эканини ўз жасорати билан исботлай олган ҳақиқий ўзбек эди.

Ҳа, 19 ёшда!

У 19 ёшда Сож дарёсини сузиб ўтди. Дарёнинг Днепрга келиб қуйиладиган қисмида фашистлар билан жуда яқин, юзма-юз келган даҳшатли жангда газандаларни қийратди. Мислсиз тўқнашувда 13 маротаба душман ҳамласини қайтара олди. У взвод командири ёрдамчиси эди. Гуруҳда бор-йўғи 9 жангчи қолади. Катта сержант Жўрахон Усмонов гуруҳга барча ўқ-дориларни йиғиб, гранаталар билан ҳамла қилишни, қандай қилиб бўлса ҳам асосий қўшин етиб келгунча душманга тўғаноқ бўлишни буюради. Ёрдам кучлари етиб келиб, душманни тўсиб қолган Усмонов бошчилигидаги жангчиларни ярадор ҳолда жанг майдонидан олиб чиқишади. 1944 йилнинг 15 январида Жўрахон Усмонов Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланди.

1944 йил охирида қақшатқич жангларнинг бирида у оғир ярадор бўлади. Тошкентга ҳарбий госпиталга юборилади. Жароҳат асорати туфайли 1945 йилнинг 14 февралида госпиталда вафот этади. Ғалабага эса озгина, бор-йўғи 3 ойгина қолганди.

У бор-йўғи 19 ёшда эди.

19 ёшда.

Ҳозир айримларимиз шу ёшдаги фарзандимиз ёки набирамизга қараб бу эндигина 19 ёшга тўлди, 19 ёш ҳам ёш-да, ҳали булар гўдакда деб қўямиз. 19 ёшда ҳам одам гўдак бўларканми? Жўрахон эса 19 ёшида қаҳрамон бўлган эди...

Шу ўн тўққиз ёшда этик кийиб сув кечган эркак эди.

“Аёлим ва фарзандларимга айтинглар, мен Ватанни ҳимоя қилдим...”

1943 йил 2 октябрь кечаси. 467-ўқчи қисмга қарашли ўқчилар ротасига махсус топшириқ келди: Гулешец қишлоғи ҳудуди орқали Днепрнинг ўнг қирғоғига сузиб ўтиб душман ўрнашган асосий нуқтани эгаллаб, ортда ҳаракатланаётган жангчиларга йўл очиб, Днепрни кесиб ўтишга чоғланган қўшиннинг хавфсизлигини таъминлаш керак эди. Эпчил ва чаққон жангчи, маҳоратли мерган Сафар Хушназаров “Днепр учун жанг” операциясида дастлабки иштирокчилар қаторида биринчилардан бўлиб дарёни ажал ҳамласи ичра сузиб ўтди. У қирғоққа чиқиб олгач, ротанинг олд қисмида ўрнашди. Душманнинг етти бора қилган қақшатқич ҳужумига мардонавор бардош берди. 35 фашист газандасини ер тишлатди. Сафар Хушназаров ва унинг қуролдош шериклари қаршисида, яқингинада турган босқинчиларни икки кун мобайнида ушлаб туриб, уларнинг ҳамласини чиппакка чиқарди. Фашистлар бурнининг тагига келиб қолган бўлса-да, Сафар Хушназаров жойидан жилмади. Душманга граната улоқтириб турди. Бу орада асосий куч Днепр дарёсини кесиб ўтади. Душман билан юзма-юз жангда Сафар Хушназаров яраланди. Тиббий пункт фельдшери ва санитарлари уни дарёнинг нариги қирғоғига хавфсиз ҳудудга олиб ўтмоқчи бўлганида рози бўлмайди: “Мен фашистлар йўлини тўсиб турган асосий жойда ўрнашганман, менинг кетишим мумкин эмас”, деб жавоб беради. Шу жангда у иккинчи бора ярадор бўлади. Қўшиннинг олд қисмида туриб душманини яқин йўлатмаган ўзбек арслони кўрсатган жасорат барча жангчиларга руҳий куч-қудрат бахш этади, уларни мустаҳкам ҳимоя ва шиддат билан олға интилишга ундайди. У Днепрнинг сўл қирғоғига юборилади. Бу ерда учинчи бор ярадор бўлди. Ёвқур ўзбек Сафар Хушназаров ўлим олдидан жангчи дўстларига оддий ва ўта таъсирли васият қилади: “Аёлим ва фарзандларимга айтинглар, мен Ватанни ҳимоя қилдим...”.

Музей бағридаги хотиралар шундай сўзлайди.

Ҳа, музей битикларида шундай ёзилган.

Ҳа, музей қаърида сақланаётган Сафар Хушназаровнинг дўстлари ёдномаларида шундай битилган.

38 ёшида ҳаёт шами сўнган, тўрт фарзанднинг отаси, жасур эркак Сафар Хушназаровнинг васияти музей қаърини титратиб, қулоқларингиз остида жаранглай бошлаганда изтироб ва оғриқ тўлғоғида ўкириб юборай дейсиз, баъзўр ўзингизни тутасиз, кўзингиздан дувиллаб қайноқ ёшлар сиза бошлайди.

Бугунги кунда қаҳрамон жангчининг ўттиздан ортиқ набира ва қанчалаб чеваралари Каттақўрғон шаҳар Ингичка қўрғончаси ҳамда Нарпай туманида истиқомат қилади.

Биз унинг изида қолган авлодларининг ҳам бобоси каби чин инсон бўлишини истаймиз.

Эл-юрт бошига қора кун тушганида этик кийиб сув кечган Инсон руҳини шод этиш ҳам чин инсонлик белгисидир...

Уруш ёди билан ҳазиллашиб бўлмайди

Тарих узоқ жим туролмайди. Барибир оғзидан талқони тўкилади. Тузумларнинг тутуруқсиз тутумларига тутантириқ бўлган мафкура тарихнинг унини ўчиролмайди, тарих ҳақиқатни қандай, қай тарзда сўзлашни билади, музейлар, қўлёзмалар, ёдномалар, ҳатто, тирик хотиралар қаъридан чиқиб келади мозий ҳақиқатлари...

Мана, Лоев музейида, энг муҳими, қадрдон беларусь халқи хотирасида, қалб қўрида сақланаётган мардлик ва жонфидоликка бўлган эҳтиром туйғуси тўлқин уриб отилиб чиқди. Лоев туман марказида қад тутган Қаҳрамонлар хиёбони хотира мажмуасида ҳам менинг ўзбекларим қадр-қиммати, халқимнинг мардлиги мана шу олти нафар қоракўз, қорақош ўзбекбобом туфайли яна бир бор улуғланди-ку! Уларнинг олтовига ҳам шундай нисбат берилади: “...Днепр дарёсини биринчилардан бўлиб сузиб ўтди, душман уясига қақшатгич зарба берди, фашистнинг қарши ҳужумини тўхтатиб турди. Шу туфайли бизнинг қўшинларимиз Днепр дарёсидан сузиб ўтиб, дарё қирғоғини эгаллаб олдилар...”.

Уларнинг олтови ҳам Днепрнинг олти жойидан сузиб ўтган, гарчанд бир-бирини билмаса-да, танимаса-да, бир-бирига уйғун қаҳрамонлик кўрсатган. Ҳа, биринчилардан бўлиб ўтган улар. Шунинг ўзи муҳим далил, шунинг ўзи катта гап! Буларнинг изидан қанчалаб юртдошларимиз эргашдийкин, булар бошқа миллат ва элатларнинг довюрак ботирлари қаторида қанча-қанчалаб аскарларга далда бериб, ўз ортидан эргаштирдийкин?! Буларнинг изидан борган ва ёнма-ён турган неча-нечалаб юртдошларимиз фашизм ёққан олов комида қолиб кетмади, дейсиз? Биз уларнинг барчасини номма-ном билавермаймиз, номаълум бўлиб кетганлари – бедарак йўқолганлари қанча, тутқунда ўлиб кетганлари қанча? Албатта, уларнинг рамзий қабрлари бор. “Номаълум аскар қабри...” Бу қабрлар уруш изтироби из солган деярли барча ўлкалар, шаҳарлар, Европа давлатлари, умуман, уруш жабрини тортган ҳамма халқларда бор. Сиз қаерда бўлманг ўша қабр қошида Иккинчи жаҳон урушида бедарак йўқолган жангчиларнинг пок руҳларини ёдга оласиз. Ўзбекми, қозоқ, ўрис, қирғиз, тожик, беларусь, украин, татар, грузин, озар... барча-барча халқларнинг изсиз кетган жангчи фарзандларини хотирлайсиз. Масалан, Европанинг қайси бир шаҳарчасида пайдо бўлган "Номаълум аскар қабри" тепасида сиз уруш комида бедарак йўқолган ўзбек ўғлонининг ҳам муқаддас хотирасини ёд оласиз. Бундай рамзий қабрлар миллатлараро дўстлик, биродарлик туйғуларини уйғотиб, жонлантириб туради. Уруш кўланка ташлаган қайси бир пучмоқларда нишонсиз қолиб йўқолган ўзбек жангчисининг муқаддас руҳини ёд этмоқ мумкин эди бу қабрлар қошида, хоҳ у Европада бўлсин, хоҳ Шарқда бўлсин. Бугун айрим худобехабар миллатчиларнинг ўз шаҳарларидан уруш қурбонлари хотираси учун тикланган лавҳ ва монумент, ҳайкалларни қўпориб ташлашаётганини эшитиб-кўриб юрагим зириллаб, титроққа тушаман: сенларни жангчиларнинг руҳи уради, қарғишга йўлиқасан, деган хаёлга бораман. Дарвоқе, бизда ҳам номаълум жангчилар учун тикланган хотирагоҳлар бўларди.

Негадир бундан йигирма йиллар олдин “Номаълум аскар қабри” бизга керакмас, деган ақида “қанот ёйиб”, ўша хотирагоҳлар номи ўзгартирилди. Барака топгурлар, ахир ўша номаълум аскар зиёратгоҳи ёки рамзий қабр урушга нафрат, шу урушда жон берган, номаълум йўқолган аскарларга иззат-ҳурмат, эҳтиром ва қайғуриш ҳиссида вужудга келган эди-ку! Бу ердаги рамзий қабр инсонларнинг миллатидан қатъи назар ўзаро биродарлик туйғусини аланга олдирарди-ку, анови ёнаётган олов дўстлик ва қардошлик олови эди-ку... Уларни йўқотиш, улардан воз кечиш худди ўша қабрлар қаъридан қанчалаб аскарларнинг жасадини ковлаб олиб, улоқтириб ташлаш билан баробар эмасмиди? Сизни билмадим, лекин мен “Ҳеч ким, ҳеч нарса ҳеч қачон унутилмайди...” деган ёзувлар лавҳлардан олиб ташланганида шундай хаёлга борганман. Ана, олис ўлкаларда, бошқа шаҳру кентларда номаълум жангчи қабрлари турибди-ку. Улар биздан нон-ош сўрашаётганмиди, рамзий қабрлар ўз жойларида тинчгина турган эдилар-ку? Ёки Тошкентимизнинг қоқ ўртасидаги Халқлар дўстлиги саройи майдонидаги ҳолатни эсланг. Халқимизнинг бағрикенглиги тимсоли, Тошкентнинг паспорти бўлган бу майдоннинг номини ўзгартириб, ўзбекнинг болажонлиги, сахий ва саховатли, уруш кўчага улоқтириб, жаҳаннамга рўбарў этган қанчалаб халқларга бошпана бўлганлигини кўрсатиб турган Шомаҳмудовлар ҳайкали жойидан қўпорилиб шаҳардан четга чиқариб ташланганини нима билан изоҳлаш мумкин эди?

Чин ўзбек тимсоли Шоаҳмад ота ва Баҳри ая уруш етим этган турли миллат гўдак-болаларига бошпана бўлган ўзбек халқи сийратини кўрсатиб турган ҳайкаллар кимга оғирлик қилганди? Ёки сиз уларни елкангизда кўтариб турганмидингиз? Сиздан бирор нарса сўраётганмиди? Аксинча, Тошкентга қадам ранжида қилган узоқ-яқин меҳмонларга фахр-ифтихор билан кўрсатганимиз ва уларнинг ҳам қалбида ҳайрат тўлқинини тоширадиган муқаддас бир майдон эди-ку бу! Худога шукр, муҳтарам Президентимиз бундан уч йил олдин, фашизм устидан қозонилган ғалаба байрами нишонланаётган улуғ кунларда эзгулик ва одамийлик рамзи бўлган ёдгорликни яна ўз жойига, шаҳарнинг қоқ марказига олиб келиб қўйди ва “Халқлар дўстлиги” деган ном билан майдонни ҳам, санъат саройини ҳам, метро бекатини ҳам қайта номлади. Давлатимиз раҳбарининг шу қилган иши ўзбек халқини нечоғлиқ улуғлигини, уруш йилларида халқимизнинг одамийлик яловини нечоғлиқ баланд тутганини яна бир бор дунёга кўз-кўз қилди. Бунинг учун Сизга минг раҳмат, муҳтарам Президент! Сизнинг бу қилган саъй-ҳаракатингиз замирида ўзбекнинг “Султон суягини хўрламас”, деган буюк ақидаси жо эканини ҳис қилдик.

Эсимда, 90-йиллар ўрталари ёки сал ўтиб “уруш ҳайкаллари”га қирғин солиш кампанияси бошланди. Айрим бош муҳаррир акаларимиз, менга топшириқ келди, деб ўз шотир-мухбирлари билан бирга Тошкентдан то Сариосиёгача хизмат машинасида хизмат сафари уюштирди. Мақсад, йўл-йўлакай ҳар бир туманга кириб, Иккинчи жаҳон уруши хотирасига ўрнатилган ёдгорликларни танқид қилиш эди.

Нега? Бу урушнинг бизга дахли йўқ экан. Қаерда “1941-1945” ёзуви ва автомат кўтариб каска кийган аскарнинг ҳайкали бўлса, расмга олиб газетда уришди. Кўриб қўйинглар, фалон туманда фалон жойда урушнинг ҳайкали ҳамон сақланмоқда, деган мазмунда. Ҳой, сенинг эсинг қаерда, тентакмисан, бу ҳайкаллар тарих-ку, уруш ва уруш қурбонлари тарихи бўлиб турибди-ку, улар сенинг елкангни босяптими, дейдиган одам топилмади, на тепадан, на пастдан. Менми, мен ўша ҳайкаллар “урилаётган” газетда оддий мухбир бўлиб ишлардим. Эътирозимни айтиб, дакки эшитганман, устимдан кулишган. “Сиёсатни тушунмаяпсанми? Барибир қонинг урушга тортиб туради-а? Афғонда бўлгансан-да...”

Ана шундай оммавозлик авжида турган маҳалда ўзбек тупроғидан улғайиб, дунёни асрашга ҳисса қўшган Иккинчи жаҳон уруши Қаҳрамонларининг ҳам айримларининг ҳайкалларини улар туғилиб ўсган туманлар марказидан олиб ташлашди. Ана шулардан бири, урушда мислсиз жасорат кўрсатган ўзбек ўғли Шоди Шоимовнинг ҳайкалини ҳам Шаҳрисабз шаҳар марказидан қўпориб ташлашган эди. Яна айтаман, шу ҳайкал сенларга ҳалал бердими, турганди-ку жойида, дейдиган одам ҳам йўқ эди-да!

Мен Беларусь ўлкасида ватандошларим – ўзбек жангчилари шарафига кўрсатилаётган чексиз эҳтиром ва ҳурмат намунасини ўз кўзим билан кўриб, ғурурланиб юрган кезларим қўл телефонимнинг телеграм мессенжерига хабар келди: “...укажон, сизнинг Беларусда эканингизни эшитдим. Ўша ерда менинг тоғам ҳам жанг қилиб ҳалок бўлган. У Совет Иттифоқи Қаҳрамони – Шоди Шоимов бўлади. Сўраб-суриштиринг, у киши ҳақида яна бирор янгилик чиқиб қолар...” Бу телефонхатни қадрдон опамиз, шоира, таниқли тележурналист Инобат Ойдин ёзган эди. Ўзининг ўзаги, томирдошини ёд олиб, ундан фахрланиш туйғуси инсондаги энг олий фазилатлардан бири. Ўзини, қавми-қариндоши, ота-боболарини улуғламаган кимса ўзгаларнинг ҳам қадрига етолмайди.

Беларуснинг Могилёв вилояти Могилёв туманига қарашли Дашковка қишлоғида ўзбек ўғлони Шоди Шоимовга бюст ўрнатилган. Архив ҳужжатларида битилган қуйидаги жумлаларни ўқиб вужудингизга титроқ киради: "...Могилёв туманига қарашли Дашковка қишлоғи ҳудудидан Днепр дарёсини кечиб ўтиш бу ерда жойлашган 385-ўқчи дивизия учун ҳаёт-мамот масаласини ҳал қиладиган энг муҳим операция сифатида алоҳида аҳамият касб этарди. Ўзбек фарзанди Шоди Шоимов махсус гуруҳ билан биринчилардан бўлиб ташаббус кўрсатди. Дарёнинг нариги бетида ўрнашган душманга сув сатҳи аниқ кўриниб турар, кечувга тушганларни қириб ташлашлари аниқ эди. Шундай бўлса-да, Шоди Шоимов ва унинг гуруҳи душман томонидан ёғдирилган ўқ ёмғирлари ичида ўпирилиб ётган кўприк томон – нариги қирғоққа сузиб ўтди.

Шоди фашист билан юзма-юз бўлди, яқин масофада туриб жанг қилди ва ўзини босқинчилар хандағига ташлади. Душман билан кечган қўл жангида паҳлавон ўзбек фарзанди 13 фашистни ўлдиради. 1944 йил 27 июнь куни Днепрнинг ўнг қирғоғида ўрнашган газандалар издиҳоми тор-мор этилади. Дивизия аскарларига Днепрни кечиб ўтиши учун енгиллик туғилади. Бироқ Шоди душман билан кечган аёвсиз қўл жангида – урҳо-урда оғир яраланади. Эртаси куни 28 июнда у жароҳат хуружи туфайли халок бўлади. У ўшанда бор-йўғи...

– Тоғам ўшанда 18 ёшда бўлган. Архивларда 1925 йил, деб нотўғри кетган. У 1926 йил туғилган, – дейди Инобат опа.

У ўшанда бор-йўғи 18 ёшда эди. У 18 ёшида Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлди ва олис Могилёв туманининг Дашковка қишлоғидаги биродарлик қабристонидан мангу жой олди.

– Шоди Шоимовнинг қаҳрамонлиги, у кўрсатган мардлик ва жасурликни ҳар бир ўқувчи яхши билади. Мактаб музейидаги экспонатлар, ўзбек фарзандининг қуролдошлари хотиралари, жангчи билан бирга бўлган дўстлари мактублари фарзандларимизни бениҳоя ҳайратга солади, – дейди мактаб директори С.Лусовой. – Ўзбек ўғлони беларусь халқи ва тупроғини газандалардан тозалашда мислсиз қаҳрамонлик кўрсатган. Буни ҳеч биримиз унутмаймиз!

Бундай гапдан кейин юрагинг ларзага келади. Шундай ўғлонларни ўстирган халқнинг вакили, ўзбек эканимдан яна бир бор ғурурландим.

Беларусдан келганимдан сўнг қаҳрамоннинг жияни Инобат опамиз билан қўнғироқлашдим.

– Тоғамнинг бюсти Шаҳрисабзда яна тикланармикан?, – дейди у титроқли овозда.

– Албатта, тикланади, – дейман мен ҳам ич-ичимдан қалтираб.

Айтинг, мен унга бошқа нима дейишим мумкин эди?

Кун бўйи ҳатто ўзидан бир донагина бўлса-да сурат ҳам қолдирмаган, лекин жасоратни абадиятга муҳрлаган Шоди полвон Шоимовнинг қиёфасини хаёлимда тиклашга, у билан ғойибона суҳбатлашишга уринаман. У тасаввурим кенглигида жилмайиб туради: “Бобожон, сиз ҳалок бўлганингиздан сўнг бюстингизни тиклаш учун орадан йиллар ўтиб синглингиз Тиловатнинг расмидан фойдаланишади. Унга ҳарбий уст-бош кийдириб суратга олишади. Айтишларича, синглингиз сизга жуда ўхшар экан. Ўша суврат ҳозир Дашковкадаги музейда сақланмоқда...”

Ўша куни кўз ўнгимдан норғул ва паҳлавон ўзбек ўғлони сиймоси сира нари кетмади. Мен уни қаердадир, қачондир кўргандай, у билан суҳбатлашгандай бўламан... Ким билсин, балки мен уни кўргандирман, балки сиз ҳам кўргандирсиз...

У бор-йўғи 18 ёшда эди. Бўлди, бошқа ёзолмайман, кўз ёшларим нигоҳимни хира этмоқда.

Фақат сўнгги гапим: у бор-йўғи 18 ёшда эди. Уруш, сенга минг-минг лаънатлар бўлсин!

Қўчқор НОРҚОБИЛ, 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи.