« Back

Давра суҳбати 29.05.2020 11:47

Огаҳий ҳаёти ва ижодини тадқиқ қилиш бўйича университет «Йўл харитаси» тасдиқланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбони очилишида бугуннинг ёшлари қаерда қайси соҳада ўқишидан қатъий назар юрагига адабиёт киритиш ва бунда адабиётимиз тарихида муносиб ўрин тутган адиблар асарларини ўрганиш ва тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади.

Бунда Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоаси олдига мумтоз адабиётимизнинг энг кўламдор ва сермаҳсул ижодкори Огаҳий ҳазратлари ҳаёт ва ижод йўлларини ўрганиш, у зотнинг қўлёзма асарларини тадқиқ этиш ҳамда ўлмас ғояларини талаба-ёшлар онгига сингдириш вазифаси қўйилгани катта масъулият ва шарафдир.

Ана шу вазифалар ижросидан келиб чиққан ҳолда бугун карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда Адиблар хиёбони мажмуасида «Огаҳий ҳаёти ва ижоди - ёшлар тарбияси учун намуна» мавзуида университет кенгашининг махсус мажлиси ва огаҳийшунослар давра суҳбати бўлиб ўтди.

Огаҳий нафақат ижодкор, балки тарихчи, таржимон, давлат арбоби, араб, форс, туркий тиллар билимдони ҳамдир. Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида туғилган Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли мадрасаларда таҳсил олади. Хоразмнинг машҳур шоир ва олимлари, адабиёт мухлисларининг суҳбатлари, Шарқ класциклари асарлари, айниқса, Навоий ижодини қунт билан ўрганиши Огаҳийнинг кенг қиррали ижодкор бўлиб шаклланишига катта имконият яратди.

– «Огаҳий моҳир таржимон» мавзуида илмий тадқиқот ишларини олиб боряпман, – мазкур университетнинг ёш тадқиқотчиси Мирзажон Қаландаров. – Президентимизнинг адабиётга қаратаётган эътибори биз, изланувчиларга янада куч-ғайрат бағишлайди. Университетимизда ҳам Огаҳий ижодини ўрганиш ва унинг асарларини кенг оммага етказиш борасида амалий натижаларга эришилмоқда. Огаҳий фаолияти ва илмий-ижодий меросини ўрганиш бўйича «Огаҳийшунослик» марказининг ташкил этилиши бунга ёрқин мисолдир. Яқинда очилган Адиблар хиёбонида бугун университет жамоаси билан ҳазрат Огаҳий адабий мероси, Санкт Петербург шаҳридаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланаётган Огаҳий асарларининг энг нодир қўлёзмалари, унинг тарихий асарлари, таржимонлик мактаби ҳақида қизиқарли фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир якунида Огаҳийнинг ҳаёт йўли, ёзма меросини илмий тадқиқ этиш, адиб ижоди ва ёзма меросини ўқув жараёнига татбиқи, Огаҳий маърифати ва маънавияти билан боғлиқ ишлар ҳамда ТВ, ОАВ ва электрон платформаларда аллома ижоди ва ғоялари тарғиботини амалга ошириш сингари тўрт йўналишидаги ишларни ўзига қамраб олган университетнинг «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА